Ақоид фани нимани ўргатади

Бутун мавжудотни йўқдан бор қилган, ўхшаши йўқ, азалий ва абадий мукаммал сифатлар соҳиби бўлган меҳрибон Парвардигоримизга ҳамду санолар, мавжудотларнинг устуни бўлган, мусаффо ақийдани мукаммал етказган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин ва у зотнинг аҳли оилалари-ю, саҳобаи киромларига Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.

Ақоид илмини ўрганиш икки дунё бахт-саодатининг омили бўлиб, унда Аллоҳ таолони таниш, Аллоҳ таолонинг зоти, сифатлари ҳақида қандай эътиқодда бўлиш зарурлиги, инсон ақли идрок этишдан ожиз ғайбий хабарларга ишониш каби эътиқод қилиш зарур бўлган масалалар баён қилинади. Қуръони каримда инсонлар ва жинларнинг Аллоҳ таолога ибодат қилишлари учун яратилганлари хабар берилган:

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

«Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим».  (Зариёт сураси 56-оят)

Қуръон таржимони дея ном олган Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу ояти каримани «фақат Мени танишлари учунгина яратдим» маъносини англатади, дея тафсир қилганлар.

Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти ҳам, У зотни танишнинг асоси ҳам ақоид илмида баён қилиниши боис, ушбу илм қолган барча илмларнинг энг асосийси, энг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. Ушбу асл илмни ўрганиш ва унда баён қилинганларга эътиқод қилиш хайр-барака бўлса, ундан узоқ бўлиш ё ўз-ўзини қийнаб беҳуда чиранишга, ё бузуқ эътиқод қилиб дунё-ю охиратини бой беришга олиб боради. Чунки эътиқоди бузуқ кишининг ибодатлари қабул бўлмайди ва амаллари ҳам тўғри бўлмайди. Эътиқоди тўғри кишининг эса қилган озгина амали ҳам баракали бўлади, яъни Аллоҳ таоло унинг тўғри эътиқоди баракотидан кўплаб ажр-мукофотлар ато этади. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин мусулмон киши аввало диннинг асли ҳисобланган ақоид илмини ўрганиши ўта муҳимдир.

Ақоид илми ҳақида маълумотга эга бўлиш учун аввало унинг қисқача таърифлари билан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

«Ақида» луғатда «ақд» сўзидан олинган бўлиб, «боғламоқ», «алоқа қилмоқ» каби маъноларни англатади. «Ақида» сўзининг кўплиги «ақоид» бўлади. Шу маънода ҳар бир мукаллаф банданинг қатъий ишониши, қалбига мустаҳкам қилиб боғлаб олиши ҳамда у билан доимий алоқада бўлиши лозим бўлган шаръий эътиқодий ҳукмлар «ақида» дейилади.

Уламоларимиз ақида илмининг мавзулари ниҳоятда кенглиги эътиборидан унга турли хил таърифлар беришган.

Имом Ғаззолийнинг ақоид илмига берган таърифи:

عِلْمٌ يُدْرَكُ بِهِ التَّوْحِيدُ وَ يُعْلَمُ ذَاتُ اللهِ سُبْحَانَهُ وَ صِفَاتُهُ

Ақоид илми, тавҳид идрок этиладиган ҳамда Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир.

Аллома Тафтазонийнинг ақоид илмига берган таърифи:

هُوَ الْعِلْمُ بِالْعَقَائِدِ الدِّينِيَّةِ عَنِ الأَدِلَّةِ الْيَقِينِيَّةِ

Ақоид илми, аниқ далиллардан динга тааллуқли бўлган эътиқодларни билишдир».

Мулла Али ал-Қорийнинг ақоид илмига берган таърифи:

عِلْمٌ يُبْحَثُ فِيهِ عَمَّا يَجِبُ الاِعْتِقَادُ بِهِ

Ақоид илми, эътиқод қилиш зарур бўлган нарсалар ўрганиладиган илмдир.

Сўфи Аллоҳёр:

Диёнат бехидур (илдизидур) илми ақоид
Томурсиз шоха сув бермак на фоид,

дея ақоид илми динимизнинг асосий илдизи эканлиги, бу илдиз асосида бажарилмаган амаллар бандага ҳеч қандай наф келтирмаслигини баён қилганлар.

Қадимдан уламоларимиз бу илмга алоҳида эътибор билан ёндашиб, унга тааллуқли кўплаб асарлар таълиф этганлар. Ана шундай асарлардан бири мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ал-фиқҳул акбар» асарларидир. Бу асар «Аҳли сунна вал жамоъа» нинг ақидавий қарашларини қисқа ва лўнда тарзда баён қилиб берувчи мўътабар манбалардан бири бўлиб, қадимдан илм даргоҳларида ўқитиб келинган. Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида 2-курс талабаларига мазкур асардан дарс берилади. 3-курсда юртимиз уламоларидан Сирожиддин Али ибн Усмон Уший (Ўший)нинг «Бад ул-Амолий» асари ва Мулла Али Қорининг унга шарҳлари ўрганилади. 4-курсда эса Имом Ғазнавийниг «Шарҳу Ақидати Таҳовий» асари асосида ақоид илмлари пухта ўргатилиб борилмоқда.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
билим юртининг Ақоид фани мударрисаси
Мухамедходжаева Санобар

4 изоҳлар

  1. Maqola uchun tashakkur!

  2. E’tiboringiz uchun raxmat

  3. Обидахон

    Рахмат

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*