Улуғ мутакаллим олим Абу Муъин Насафий

Абул Муъин ан-Насафий номи билан машҳур бўлган алломанинг тўлиқ исми Абу Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафий Макҳулийдир. Бу ном у кишининг таржимаи ҳолларини зикр қиладиган бир қанча китобларда аниқланган.

Насафийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси ҳақида Ибн Абул Вафо ал-Қураший (в. 775/1373 й.), Ибн Қутлубуғо (в. 879/1474 й.), Тошкўбризода (в. 990/1582 й.), Ҳожи Халифа (в. 1067/1657 й.) ва Муҳаммад Абдулҳай ал-Лакнавий (в. 1304/1886 й.) каби олимлар ўз асарларида тўхталиб ўтганлар.

Шуниндек, у бир қанча лақаблар билан ҳам аталган. Масалан, аллома «ал-Имом ал-ажал аз-зоҳид» (Зоҳид ва улуғ имом), «ал-Фақиҳ ал-ҳанафий ва сайф ал-ҳаққ». (Ҳанафий фақиҳи ва ҳақ (Аллоҳ) қиличи), «Жомеъ ал-усул» (Усулларни жамловчи) ва «Раис аҳли сунна вал-жамоъа» (Аҳли сунна вал жамоъа раиси) каби номлар билан аталган. Бу номларни асосан биз алломанинг китоблари бошланишида учратишимиз мумкин. Унинг асарларини кўчирган хаттотлар «Қола . . .» (Яъни, … айтади), деб кетидан юқоридаги номлар билан алломани сифатлаганлар. Лекин Самъоний Абул Муинга нисбатан «ал-Ибсаний» нисбасини ҳам қўшиб айтади[1]. Самъоний Ибсан қишлоғини Қарши шаҳридан бир фарсах (тахминан, 5-6 км.) узоқликда жойлашганлигини таъкидлайди[2]. Бундан Абул Муин ан-Насафий ушбу қишлоқда таваллуд топганлиги маълум бўлади.

Алломанинг таваллуд топган ва вафот этган йиллари ҳақида ҳам бир қанча қарашлар мавжуддир. Мисол учун Хайруддин аз-Зириклий, туркиялик олим Ҳусайн Отай ва унинг шогирди Мустафо Сайид Язичиўғли алломанинг туғилган ва вафот этган йилларини турли саналарда кўрсатадилар. Лекин Ибн Қутлубуғо аллома 508 ҳижрий йили Зул-ҳижжа ойининг йигирма бешинчи куни етмиш ёшида вафот этганлигини таъкидлайди[3]. Ибн Қутлубуғонинг ушбу маълумоти билан «Табсирату-л-адилла» асарининг Мисрнинг Искандария кутубхонасида 4406 (301) рақам билан сақланаётган қўлёзмасида Насафийнинг ҳижрий 508 йил 70 ёшда вафот этган, деган маълумотларига таяниб, аллома 436/1046 йил таваллуд топган ва 508/1114 йил Зул-ҳижжа ойининг 25 куни (21 май) вафот этган деган хулосага келинган.

Ҳозирги вақтда Абул Муъин ан-Насафийнинг қабри Қарши шаҳридан унча узоқ бўлмаган Қарши туманининг Қовчин қишлоғида жойлашган. Ушбу мақбара ҳозирги кунда маҳаллий аҳоли томонидан табаррук зиёратгоҳлардан бири сифатида қадрланиб келинмоқда[4].

Абул Муъин ан-Насафий Насафда туғилиб вояга етгач, дастлабки билимларни ўз оиласида, хусусан отаси Муҳаммад ал-Макҳулдан олади. Сўнгра Абул Муъин ан-Насафий Самарқандда узоқ йиллар илмий фаолият олиб борган ва ўз асарлари билан мотуридия калом мактабининг ривожланишида ўзининг катта ҳиссасини қўшган. Абул Юср ал-Паздавий, Фахрул-ислом Абул Ҳасан ал-Паздавий ва Абул Муин ан-Насафийдан иборат олимлар гуруҳи дастлаб Самарқандда, сўнгра Бухорода самарали илмий фаолият олиб борганлар. Насафийнинг илмий фаолияти давомида бошқа ўлкаларга сафар қилганлиги манбаларда деярли учрамайди. Лекин алломанинг «ат-Тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид» асари ношири Жийбуллоҳ Ҳасан Аҳмаднинг маълумот беришича, Насафий Дамашқда Али ибн ал-Ҳусайн Муҳаммад ал-Балхий ас-Сакалкандийга ҳадис илмидан сабоқ берган[5]. Бундан биз Насафийни Дамашқда ҳам илмий сафарда бўлган, дейшимиз мумкин.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Насафий илмий фаолиятнинг сермаҳсул даври Бухоро шаҳрига тўғри келади. Унинг 481/1088-89 йилда Бухорога ўз сафдошлари билан кўчиб ўтиши бу шаҳарда унинг илмий фаолияти учун қулай шароит яратиб берди. Тарихий манбаларга аҳамият берсак, Насафий айнан Бухорода ўзининг энг катта асарларини ёзиб тугатган ва шу шаҳарда кейинги даврларда мотуридия таълимотини ривожлантирган унинг кўплаб шогирдлари пайдо бўлди.

Абул Муъин ан-Насафий қаламига мансуб асарлар ҳақида бир қанча тарихий, қомусий манбаларда маълумотлар келтирилган. Улардаги маълумотларга таяниб, алломанинг ўн бешга яқин асарларини билишимиз мумкин. Айни дамда алломага тегишли ушбу асарларнинг учтаси машҳур.»Табсиратул-адилла (Далилар билан шарҳлаш)», «Баҳр ал-калом(Калом илми уммони)» ва «Ат-Тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид» («Тавҳид қоидаларига муқаддима») асарларидир.

Абул Муъин ан-Насафийнинг юқоридаги учта машҳур асарларидан ташқари айрим олимлар яна бир нечта асарларни унга нисбат берадилар. Буасарлар сарасига «Шарҳ ал-жомеъ ал-кабир (Катта тўплам шарҳи)», «Маноҳиж ал-аимма фил-фуруъ (Имомларнинг фуруъу-л-фиқҳдаги услублари)», «Изоҳул-манҳаж ли кавнил-ақли ҳужжатан (Ақлнинг ҳужжат бўлишида манҳажнинг изоҳи)», «ал-Умда фи усулил-фиқҳ», «ал-Олим вал-мутааллим», «Мубаҳасат аҳли сунна вал-жамоа маал фирақид-далла вал-мубтадиа» номли асарни Насафийга тегишли эканини баён қилинган.

Абул Муин ан-Насафий ўз даврининг машҳур мутакаллим олими бўлган ва Самарқанддаги ҳанафий калом мактабининг йирик вакили Абу Мансур ал-Мотуридийдан (в. 333/944 й.) сўнг шу мактабнинг пешқадам вакили ҳисобланган. Мотуридия калом мактабининг йирик вакили Абул Муин ан-Насафий нафақат калом илмининг алломаси, балки ўз даврининг фақиҳи ва усулчи олими ва муҳаддис сифатида ҳам шуҳрат қозонган улуғ сиймолардан биридир[6].

Абул Муин ан-Насафий ўзининг сермаҳсул ижоди, жидду жаҳди ва аҳли сунна ва-л-жамоъа эътиқодини ҳимоя қилишдаги саъй ҳаракатлари натижасида ўша даврдаги жумҳур уламолар томонидан «Сайфул-Ҳаққ», яъни «Ҳақиқат қиличи» деган улуғ лақаб билан ҳам аталгани алломанинг нечоғлик буюк донишманд ва мутакаллим олим бўлганидан далолат беради.

Буюк ватандошимиз Абул Муин ан-Насафий қолдирган бой илмий-маънавий мерос нафақат ўз замони учун, балки ҳозирги даврда ҳам амалий аҳамиятга эга манба сифатида ҳар томонлама чуқур ўрганишга сазовордир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти
мударрисаси Хуршида Усмонова

[1] Самъоний Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий Ал-Ансоб. V жилдли. Абдуллоҳ Умар ал-Борудий таҳрири остида. – Байрут: Дору-л-фикр, 1419/1998. Ж. II. – Б. 396.
[2] Самъоний. Ўша асар. Ўша жойда.
[3] Ибн Қутлубуғо. Тожу-т-тарожим. – Б. 78.
[4] Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган «Насаф ва кешлик алломалар меросини ўрганиш илмий маркази» 2002 йил мазкур мақбара тарихига бағишланган «Ҳазрати Имом Муъийн зиёратгоҳи» номли рисолани нашрдан чиқарди. Ушбу рисолада мақбара тарихи ва унинг атрофидаги иншоотлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Қаранг: Ҳолиёров И, Шароф Ш. Ҳазрати Имом Муъийн зиёратгоҳи. – Тошкент.: Янги аср авлоди, 2002.
[5] Насафий Абул МуъинМаймун ибн Муҳаммад. Ат-Тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид / Жийбуллоҳ Ҳасан Аҳмад нашри. – Миср: Дорут-т-тибаъа ал-муҳаммадийа, 1986. – Б. 34.
[6] Уватов У. Абул Муин ан-Насафий ҳаёти ва мероси. – Тошкент.: Маънавият, 2003. – Б. 3.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*