Имом Абу Исо Термизий буюк муҳаддис

Алломанинг тўлиқ исмиМуҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳоқ Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий.

Ҳижрий 209 (мелодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида таваллуд топган.

Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саъд Абдулкарим ас-Самъоний айтади: Имом ат-Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун ал-Буғий тахаллусини, умрининг охирларидакўзи ожиз бўлиб қолганлигидан аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллусини олган.

Ат-Термизий ёшлигидан ўта тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлган. Термиз, Самарқанд, Марв ва Марказий Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини қунт билан ўрганган. Термизий 850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатлар ва шаҳарларга сафар қилади. Ҳижоз шаҳарларидан Макка ва Мадинада, Ироқ, Хуросоннинг қатор шаҳарларида кўплаб муҳаддис, уламолардан таълимолади. Тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабийнинг таъкидлашича, ат-Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган. Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки илм ал-қироат, ал-баён, фиқҳ, тарих каби бошқа фанлардан ҳам кўплаб устозлардан сабоқ олади.

Имом ал-Бухорий, Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар ал-Марвазий, Аҳмад ибн Муний, Муҳаммад ибн ал-Мусанно, Суфён ибн Вақийвақатортаниқлимуҳаддислардан таълим олганлар. Имом ал-БухорийИмом ат-Термизий ҳақида: «Сенинг мендан олган фойдангдан кўра менинг сендан олган фойдам кўпроқ», деган.[1]

Имом ат-Термизийнинг шогирдлари сифатида Мақҳул ибн ал-Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Абу Муҳаммад ан-Насафий, Ҳаммод ибн Шокир, Хайсам ибн Кулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий, Абул-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубий каби етук олимларни кўрсатиш мумкин.

Ат-Термизий кўплаб китоблар таълиф қилган. «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам») Ат-Термизийнинг энг асосий таълифотларидандир. Ушбу асар «ал-Жомиъ ал-кабийр», («Катта тўплам»), «Саҳийҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») каби номлар билан ҳам юритилади. Термизий ушбу асарини 270 ҳижрий (884 мелодий) йилда, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган.

Ушбу асар қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар Академияси, Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда. «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» бир неча марта нашр қилинган. Бунга далил сифатида 1283 (1866) йили Митоҳда, 1292 (1875) йили Қоҳирада, шунингдек, 1980 йили Байрутда нашр этилган.

«Аш-шамоил ан-набавийя» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») асари «Аш-шамоил Муҳаммадийя», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам» номлари билан ҳам аталади. Аллома «Китоб ат-тарих», «Китоб ал-илал ас-сағийр ва ал-илал ал-кабийр», «Китоб уз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо вал-куна» («Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб»), «Ал-илал фил-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида»), «Рисола фил-хилоф вал-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари») каби асарларлар ҳам яратган.

Ат-Термизийнинг «Аш-шамоил ан-набавийя» асарига шарҳ ёзган Шайх Иброҳим ал-Божурий: «Имом ат-Термизийнинг «Аш-шамоил ан-набавийя» китоблари ўз бобида якка-ю ягона асардир. Унинг овозаси Мағриб-у Машриққа бориб етди», – деб таъкидлайди.[2] Машҳур олим Али ибн Султон ал-Ҳаравий ал-Қорий ўзининг юқорида зикр қилинган «Жамъ ал-васоил фи шарҳ аш-Шамоил» номли шарҳида ат-Термизийнинг ушбу асари хусусида шундай деб ёзади: «Расулуллоҳ сoллаллоҳу алайҳи вассалламнинг фазилатлари, ахлоқлари ҳақида тасниф этилган мусаннафотларнинг энг чиройли ва яхшиси бу Имом ат-Термизийнинг Пайғамбар сийратлари ҳақидаги мукаммал ва мухтасар китобларидир. Бу китобни мутолаа қилган ҳар бир киши жаноб Пайғамбарни кўргандай ва ул зотнинг ҳар бобдаги маҳосини шарифларидан баҳраманд бўлганга ўхшайди»[3].

Имом ат-Термизийнинг фиқҳ йўналишида тутган мавқеи Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари ва фақат далил-исботлар билангина хулоса чиқаришга асосланган эди. Албатта, бундай ҳолларда фақат саҳиҳ ҳадислар ва энг кучли далил асосий рол ўйнар эди. У ўз устозлари – энг аввало Имом ал-Бухорийнинг ва бошқа ҳадис илмидаги уламоларнинг таъсирида аҳл ар-рай мазҳабига эмас, аҳл ал-ҳадис йўлида собитқадамлик билан фикр юритди, уни чуқур таҳқиқ ва тадқиқ (истинбот) этиш орқали ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Имом ат-Термизий асарида кўп учрайдиган иборалардан яна бири «асҳобуно» («бизнинг асҳобларимиз») иборасидир. Бу умумлашган атама билан ат-Термизий Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрийс аш-Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ишоқ ибн Роҳвайҳ каби фиқҳ илмининг мужтаҳидларидан бўлган аҳл ал-ҳадисни назарда тутган.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралдаги «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан ушбу илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад Термизий (Имом Термизий) ва термизлик алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдек улуғ мақсадларга хизмат қилади.Давлатимиз раҳбари 2016 йил 11 октябрда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишди. Мутасаддилар, қурувчилар, олимлар билан учрашди. Давлатимиз раҳбари бир неча масалани кун тартибига қўйди. Аввало, ушбу зиёратгоҳнинг бугунги ҳолати буюк муҳаддис Имом Термизийнинг юксак мақомига мос эмаслигини, шу боис бу ерда тубдан таъмирлаш ишларини бажариш ҳамда замонавий яхлит ёдгорлик мажмуаси барпо этиш лозимлигини таъкидлади.

Хулоса қилиб айтганда, буюк ватандошимиз Имом Термизий ҳаёти ва беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, ундаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиштурли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда ёшларда соғлом дунёқарашни, илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини янада кучайтиради. Бу инсонларнинг ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаши, турли ақида масалаларида йўлдан озмаслигида ҳам катта аҳамиятга эга.

[1] Ибн Ҳажар Асқолоний. Таҳзибут таҳзиб. –Ҳиндистон:Дорул маориф Низомийя,2014. – Б.249.
[2] Иброҳим ал-Божурий.Маваҳибу дания алаАш-шамоил ан-набавийя.–Қоҳира:Дорул Юср, 2001. -Б. 12.
[3] Али ибн Султон ал-Ҳаравий ал-Қорий. Жамъ ал-васоил фи шарҳ аш-Шамоил.-Миср:Матбаъа Шарфия, 1997.-Б. 15.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта-махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Т. Исамуҳамедова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*