Муҳаддислар султони имом Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога жалолига яраша ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловату саломлар бўлсин.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларини бизгача етиб келишида беқиёс хизмат қилган барча саҳобаларига, уламоларига Аллоҳ таоланинг розилиги бўлсин.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнам Яздабиҳ ал-Бухорий ҳижратнинг 194 йили Шаввол ойининг 13-си, жума кунида Бухорода таваллуд топдилар. У киши етим бўлиб ўсдилар. 9 ёшга етганда Қуръони каримни тўлалигича ёд олдилар. Ҳадис эшитишни хуш кўрардилар, вояга етгунга қадар ўн мингдан зиёд ҳадисни ёд билардилар.

Имом Бухорий ҳадис ровийларининг тарихлари билан ёдлаганлар.Бир куни устозлари Муҳаммад ибн Салом Бойкандий олдига таниқли муҳаддислардан Салим ибн Мужоҳид келиб қолди. Шунда сал олдинроқ келганингизда етмиш минг ҳадисни ёдлаган ўспиринни кўрсатар эдим, деди. У киши шошиб кўчага отилдилар. Тенгдошларидан орқароқда, ерга боққанча кетаётган Муҳаммадга икки кўча нарида етиб олди. Улардан ораларингда Муҳаммад ким деб сўради. Имом Бухорий ўзларини танитгач етмиш минг ҳадис ёдлагани ҳақида сўради. Бухорий ҳазратлари жавоб бериб аслида ёдлаганларим бу ададдан ҳам кўпроқдир. Аввало сизга саҳобалардан ёки тобеъинлардан ҳадис айтсам, улардан кўпчилигининг таввалуди ва вафоти, қаерда яшаб ўтгани ҳақидаги маълумотларни ҳам қўшиб келтираман. Ривоят қилган ҳадисимнинг албатта асли бордур. Уни Аллоҳнинг Китобидан ёки Расул алайҳиссаломнинг суннатларидан мукаммал ёдлаб олганман деганлар.

Имом Бухорийнинг кўзлари ёшлик пайтларида ожиз бўлиб, кўрмай қолади. Бир куни оналари Иброҳим пайғамбарни туш кўрдилар.У киши:«Эй аёл, Аллоҳ таоло кўп дуоинг сабабли ўғлингга кўзини қайтариб берди», дейдилар. Бир неча кундан сўнг Имом Бухорийнинг кўзлари яна кўра бошлайди.

Имом 18 ёшга тўлганда оналари ва акалари билан ҳаж қилиш учун Маккаи Мукаррамага келадилар.Ҳаж амалларини бажариб бўлгач, оналари ва акаларини Бухорага жўнатиб, ўзлари ҳадис жамлаш учун шу ерда қоладилар.

Имом Бухорий ўзлари айтишларича мингдан ортиқ одамдан ҳадис ривоят қилганлар. Ибн Абу Ҳотим Варроқ айтганлар, замонасида ҳеч бир муҳаддис Имом Бухорийчалик кўп устоз кўрмади, у кишичалик кўп устоздан ҳадис тингламади.

Имом Маккадаги Абдуллоҳ ибн Язид ал-Муқрий исмли кишидан дарс олган. Сўнг Хуросон, Бағдод, Ҳижоз, Басра, Кўфа, Шом, Миср каби жойлардаги кишилардан ҳадис тўплайдилар. Имом Бухорий 600000 ҳадис тўплаб, шундан 100000 саҳиҳ, 200000 заиф ҳадисни ёдлайдилар. Бу ҳадисларни тўплашда 90000дан зиёд кишининг ҳузурида бўлиб чиқадилар.

Имом Бухорий ҳадис жамлашда янги бир йўналишга асос солди: фақат саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига олган «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китобини ёзди ва унда ҳадисларни бобларга ажратиб, тартибга солди. Имом Бухорий ўзларининг «Жомеъ Саҳиҳ»китобларини 16 йилда ёзиб тугатдилар. «Қачонки мана шу китобимга бирор ҳадис киритсам, ғусл қилиб, икки раъкат намоз ўқирдим», деб айтадилар. Уламолар бу китобни Қуръондан кейин энг саҳиҳ китоб деб билишар эди.

Муҳаммад ибн Юсуф айтадилар: «Расулуллоҳни туш кўрибман, менга:»Қачонгачафиқҳ ўқийсан? Менинг китобимни ўқисанг бўлмайдими?» дедилар.Мен: «Сизнинг китобингиз қайси?», деб сўрасаганимда: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг китоблари менинг китобимдир», дедилар.

Ҳадис олимларидан бўлмиш Муслим ҳар қачон Бухорийнинг ҳузурларига кирсалар: «Эй ҳадислар табиби! Эй ҳадис уламоларининг саййиди! Ижозат берсангиз, оёғингизни ўпсам», дер эканлар.

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобларига 82 та шарҳ ёзилган. Шулардан энг машҳурлари Асқалонийнинг «Фатҳул-Борий», ал-Карамийнинг «Кавкабуд-Дарорий», Қасталонийнинг «Иршодус-Сорий», Имом Суютийнинг «Ат-Тавшиҳ»,Бадруддин ал-Айнийнинг «Умдатул-Қорий»,Муҳаммад Анвар Кашмирийнинг «Файзул-Борий» китобларидир.

Имом Бухорий «Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ»дан ташқари яна бир қанча китоблар муаллифи ҳамдирлар.

«Адабул-муфрад»,»Биррул волидайни», «Тарихул-кабир», «Муснадул-кабир», «Китобу асмои саҳоба», «Тафсирул-кабир», «Холқу афъоли ибод», «Сулосиятул Бухорий», «Ҳадисун-Набавий», «Тарихус-сағир», «Зуафоус-сағир» ва бошқа китоблар шулар жумласидандир.

Имом Бухорий кўп шаҳарларда умр кечирадилар. Кейинчалик ўз она юртларини соғиниб, Бухорога қайтиб келадилар. Имом Бухорийни Бухоро аҳли жуда яхши кутиб олади, бу ерга келган кунлари бошларидан олтин сочишади.

Агар Имом Бухорий масжидда ҳадис айтиб,дарс берадиган бўлсалар,масжид тўлиб тошар, одамлар сони 10 минг, баъзан 20 мингдан ошиб кетар эди.

Ҳар замонда бўлгани каби маломатчилар, ҳасадгўйлар, ғийбатчилар ўша вақтдаги Бухоро амири Холид ибн Аҳмаднинг ҳузурига келиб:«Бухорий халқни ўзига оғдириб олди, тезроқ бир чора кўрмасангиз, халқ сиздан юз ўгиради», деб айтишади. Холид бу ишда ўз яқинларига маслаҳат солади. Улар: «Бухорий жуда машҳур одам, унга ёмонлик қилинса, халқдан ажратиб олиш керак», деб маслаҳат берадилар. Холид Имом Бухорийга одам юбориб, саройга келиб,амир ва амалдорларнинг фарзандларига дарс беришни таклиф этади. Бухорий бундан бош тортадилар. Холид яна элчи юбориб, китоблари билан тезда Амир ҳузурига келишини буюради. Бухорий эса: «Илмга келинади, илм ҳеч қачон бормайди», деб жавоб берадилар. Бу гапларга чидай олмаган амир Бухорийга бу ердан зудлик билан чиқиб кетишини буюради. Бухорий амирнинг зиёнига дуо қилиб, Самарқандга қараб йўл оладилар. Самарқанддан икки чақирим наридаги Хартанг қишлоғига келиб, қариндошлариникига тушадилар. Бу ерда уч кун турадилар. Ана шу куни тунги намозини ўқиб бўлгач: «Эй Роббим! Ер кенг бўлишига қарамай, менга тор бўлиб кетди. Мени ўз ҳузурингга чақиргин», деб дуо қиладилар. у воқеалардан кўп ўтмай Имом Бухорий вафот этдилар. Қабрларидан бир қанча кун хушбўй мушк ҳиди тарқалиб турди.

Абдулвоҳид ибн Одам ат-Товависий айтадилар:«Бир куни Расулуллоҳни тушумда кўрдим. Расулуллоҳ гўё кимнидир кутаётгандек, бир тарафга қараб турар эдилар. У кишига салом бердим:«Кимни кутиб турибсиз, эй Расулуллоҳ?» десам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорийни», деб жавоб бердилар. Мен икки-уч кундан кейин Бухорийнинг вафот этганларини эшитиб қолдим. Сўраб-суриштирсам, Расулуллоҳни туш кўрган куним вафот этган эканлар».

Яҳё ибн Жаъфар айтадилар: «Агар Бухорийнинг умрларини узайтиришга қодир бўлганимда, жонимни бериб бўлса ҳам, асраб қолган бўлар эдим».

Имом Бухорий ҳижратнинг 256 йили, Шаввол ойининг бошларида Фитр ҳайити кечасида вафот этдилар.Бу зот 13 кам 62 йил умр кечирдилар.

Фойдаланиган адабиётлар рўйхати:
1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт.–Ж. 1.– Т.:Hilol-Nashr, 2013.–173 б.
2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Олтин силсила.–Ж. 1–Т.:Hilol-Nashr, 2013.–646 б.
3. Аҳмад Муҳаммад Турсун. Соҳилсиз денгиз.–Т.:Hilol-Nashr, 2017.–252 б.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
билим юрти мударрисаси
Зевар Аминова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*