Қуръондаги «Туббаъ қавми»га оид қарашларнинг қиёсий таҳлили

Маълумки, ислом динининг асосий манбасидан бири ҳисобланган Қуръон арабларнинг исломдан олдинги, яъни жоҳилият давридаги ижтимоий, сиёсий, маданий ва диний ҳаётларини очиб бериши билан бирга ислом тарихи, хусусан, илк исломга оид бўлган даврни ёритиб берувчи бош манбадир. Унда ислом тарихига доир бир нечта воқеалар сура ва оятларда келтирилган. Шундай экан, Қуръонда ўз аксини топган “Туббаъ қавми” ҳақидаги воқеанинг тарихийлигини, унинг мўътабар манбада зикр қилинишининг ўзига хос жиҳатларини кўрсатиб бериш катта аҳамият касб этади.

Қуръоннинг Духон сураси 36-37, Қоф сураси 13-14 оятларида келган Туббаъ қавми ҳақидаги воқеанинг эътиборга молик томони шундаки, Муҳаммад пайғамбардан Қурайш қабиласи мушриклари: “Ўтган ота-боболаримизни қайтиб тирилтириб бер”, – деганларида Аллоҳ таоло томонидан «Туббаъ» ҳақидаги воқеа уларга ибрат тарзида нозил бўлган. Илк ислом даврида Макканинг асосий аҳолисини ташкил этган Қурайш қавми ҳар йили ёзда Шомга, қишда эса Яманга тижорат сафарларини уюштириб турганлари сабабли уларга бу воқеалар жуда яхши таниш бўлган.

Ушбу воқеанинг тарихий асосларини тадқиқ этишда муфассирлар ва тарихшунос алломаларнинг асарлари алоҳида ўрин тутади.

Тарихчи Ибн Касир (вафоти 774 й.) Туббаъ қавми ҳақида шундай ёзади: бу оятлар мушриклар ўлгандан сўнг қайта тирилишни инкор этиб, пайғамбар Муҳаммад (сав)дан ота-боболарини қайта тирилтиришни сўраганларида уларга жавобан нозил бўлган .

Туббаъ қавми ҳақида келтирилган Духон сураси 36-37 оятларининг арабча матни ва маъноси қуйидагича:
فَأْتُوا بِآبَائِنَا إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ (٣٦) أَهُمْ خَيْرٌ أَمْ قَوْمُ تُبَّعٍ وَالَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ أَهْلَكْنَاهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا مُجْرِمِينَ (٣٧)
36. Бас, агар («охират бор» деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни (қайта тирилтириб) келтиринглар-чи? – дерлар.
37. Улар (куч-қувватда) яхшироқми ёки Туббаъ қавми ва улардан аввалги кимсаларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Чунки улар жиноятчи эдилар .

Қоф сураси 13-14 оятларининг арабча матни ва таржимаси қуйидагича:
وَعَادٌ وَفِرْعَوْنُ وَإِخْوَانُ لُوطٍ (١٣) وَأَصْحَابُ الأيْكَةِ وَقَوْمُ تُبَّعٍ كُلٌّ كَذَّبَ الرُّسُلَ فَحَقَّ وَعِيدِ (١٤)
13. Шунингдек, Од (қабиласи), Фиръавн (қавми), Лутнинг «биродарлари»,
14. Дарахтзор эгалари (яъни, Шуайб қавми) ва Туббаъ қавми ҳам. (Уларнинг) барчалари пайғамбарларни инкор этишгач, Менинг ваъдам (азобим уларга) муқаррар бўлди .
Туббаъ сўзининг этимологик маъносини билиш ўз навбатида тарихдаги ҳокимият бошқарувчиларининг номларини эсга олишни тақазо қилади. Унинг номи ҳокимият жойлашувига қараб турлича юритилган. Масалан, илк ўрта асрларда Марказий Осиё ўн бешдан ортиқ кичик ҳокимликларга бўлиниб кетган ва улар турли номларда юритилган. Бухоро воҳасида – бухорхудотлар ва вардонхудотлар, Миёнколда – дабусшоҳлар, Уструшанада – афшинлар, Чоч ва Элоқда – будун ва тудун ҳамда Суғд ва Фарғона подшолари унвони ихшид бўлган. Улар маҳаллий туркий қабилаларнинг турли сулолаларига мансуб бўлган . Худди шу каби Яманда, яъни иккинчи Ҳимйар давлатида ҳукмронлик қилган подшоҳлар Туббаъ деб номланган.
Муфассир олим Ал-Қуртубий (вафоти 463 й.) тафсирига кўра, «Туббаъдан (кўплиги табабиъа) мақсад бир киши эмас, ундан мақсад Яман подшоҳи, улар Табабиъа подшоҳлари деб юритилган. У бир подшоҳнинг мусулмонлар халифаси, Рим императори каби номланадиган унвони бўлган холос. Агар улар бирон нарса ёзмоқчи бўлсалар, “Ер ва денгиз эгаси подшоҳ номи билан …” деб бошлаганлар”.

Туббаълар мол-мулкларини авлоддан авлодга ўтказиб, халқни ўзларига эргаштира олганлар. Туббаълар бир-бирларидан мол-давлатлари ва босиб олган ерларининг кўп-камлиги билан фарқланганлар .

Қуртубийнинг бу фикрини рус тадқиқотчиси М.Б.Пиотровский ҳам тасдиқлайди: Қуръон ва шеърлардаги Туббаъ ҳақидагиларнинг барчаси ҳалок бўлган ҳукмдорлар бўлиб, Туббаъ аниқ битта Яман подшоҳини билдирмайди. Балки (масалан, Кисро –Хусрав, яъни бир нечта Эрон подшоҳи, Фиръавн – Мусо пайғамбар давридаги фиръавн, яъни умуман ҳамма фиръавнлар)га ўхшаган ном .
تبع – сўзининг луғатларда қуйидагича маънолари келтирилган.
1. تبع (تبابعة) (туббаъун, (мн. таба:биъатун))- титул древних йеменских царей .
2. تبع – (туббаъун) – Тубба, халқ номи .
Ҳорис бин Саъид ал-Ҳамадоний (вафоти 357 й.)нинг айтишича, تبع туббаъ сўзи батаъ (بتع) қабиласининг номидан келиб чиққан. Сўзда ҳарфларнинг ўрни алмашиниши натижасида Туббаъга (تبع) айланган .
Тадқиқотчи Ж.Рикманс бу сўзни қуйидагича изоҳлашни таклиф қилган: Туббаъ – яҳудий динини қабул қилган подшоҳ. У – тбъ ўзагидан олинган сўз бўлиб, у «бирор бир таълимотга эргашмоқ» деган маънони англатади .

Тарихчи ат-Табарий (839-923 йй.)нинг уқтиришича, Туббаълар Форс шаҳаншоҳлари ёки Рим (императори) сингари мақомда бўлганлар; улар Сабаъ, Ҳимйар ва Ҳадрамавтни бирлаштиргандан сўнг Туббаъ деб атала бошлаганлар .

Шунингдек, Ибн Касир тафсирида «Туббаъ ва подшоҳ сўзи ҳукмдорларнинг ҳукмронлик қилиш жойларига қараб фарқланади. Туббаъ атамаси, Яман, Шиҳр ва Ҳадрамавтда ҳукмронлик қилган подшоҳларга нисбатан қўлланилган. Бу лақаб, яъни “Туббаъ” Яман давлатини ҳабашлар 525 йилда босиб олгунга қадар давом этган ва у «подшоҳ»га қараганда буюкроқ эди. Ҳаттоки туббаъ сўзи ҳақида муснад ёзувларида ҳам маълумотлар келган бўлиб, уни подшоҳ сўзи ўрнида қўллаганлари ёзилганлиги айтилади.

Қуръон нозил бўлаётган даврда Маккада Туббаъ атамаси ерли бўлмаган, Ҳижозга ҳужум қилмаган араб ҳукмдорларига нисбатан қўлланилган. Муҳаммад (сав) пайғамбарга бу ҳақда оят нозил бўлганида, улар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлганлар. Биринчи муфассирлар уларни ким эканлигини, яъни ўз халқига келган пайғамбарми ёки тақводор бўлгани ҳақида бир-бирлари билан тортишганлар. Улар «Туббаъ қавми»ни пайғамбарни тан олмайдиган Нуҳнинг қавмига ҳам ўхшатганлар. Лекин Туббаъ – «Фиръавн ва унинг қўшини» каби шоҳ бўлган .
Оятда Қурайш қавми яхшимиди ёки Туббаъ қавми деб савол қўйилган. Аммо тафсирларда бунинг маъносини Қурайш қавмининг неъмат ва бойликлари кўпроқмиди ёки Туббаъ қавминики, улар қудратлироқ, кучлироқ ва ҳимояланганми ёки Туббаъ қавмими, деб шарҳланган ва туббаъдан мақсад бир киши бўлмай, у Ямандаги подшоҳларга қаратилгани, бу подшоҳларнинг кўплиги “табобиъа” деб номлангани баён қилинган.

Яманда иккинчи Ҳимйарий подшоҳларнинг барчасининг исмига Туббаъ деган лақаб қўшилган. Туббаънинг даражаси маликдан юқори бўлган Абу Лайс ас-Самарқандий (вафоти 575 й.)нинг тафсирида Ибн ал-Калбий (вафоти 633 й.) Шундай деди: Туббаъ – бу Фиръавнга ўхшаган подшоҳ бўлган .

Табарий «Тафсир ат-Табарий» номли тафсирида “Туббаъ” қавми ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Қуръоннинг Духон сураси, 37-оятида Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғамбар (сав)га хитоб қилиб, бу мушриклар, “Туббаъ қавми”, яъни Ҳимйарий Туббаълар қавмингга (Қурайш қавмига) қараганда яхшироқ”, деди.

“Туббаъ қавми қурайш мушрикларидан яхшироқ эдими?” , – деган саволга тафсирларда қуйидагича маълумотлар келтирилади. “Туббаъ қавми Аллоҳнинг амрига итоат этмасдан кофир бўлган. Қурайш қавми ҳам аввалгилардан афзал эмас эди. Аввалгиларни Аллоҳ буйруқларига бўйсунмаганликлари, жиноятлари учун қатл этди”. Яманликлар бу оят билан яъни Аллоҳ таоло Туббаъ қавмини Қурайш қавмига нисбатан аъло кўрди деб, фахрланиб юрадилар .

Туббаъ қавми – Ямандаги Ҳимйар подшоҳлигининг номи бўлиб, мазкур қавм ўзларига келган Пайғамбарларни ёлғончига чиқарган, имон йўлига юрмаган ва оқибатда ҳаммалари ҳам Пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларга Аллоҳ ваъда қилган азоб-уқубатга, ҳалокатга учраганлар .

Шуайб бин Заръа ал-Маъофирий Абдуллоҳ бин Амр бин ал-Оснинг шундай деганини эшитганини айтади: “Албатта, Ҳимйарда Туббаъ ҳукмронлик қиларди. Араблар орасида улар ҳақида шундай гап бор эди. У икки кўз ўртасидаги бурун каби бўлиб, ундайлардан 70 подшоҳ бор эди”.

Ҳимйарлар давлати икки даврини бошдан кечирди: милоддан аввалги 115 йилдан милодий 275 йилгача ва милодий 275 йилдан 525 йилгача. Яманда иккинчи Ҳимйар давлати подшоҳлари, яъни «туббаъ»ларнинг ҳукмронлик қилган йили милодий 275-525 йиллар бўлиб, у иккинчи Ҳимйар даври деб номланади.. Тадқиқотчи А.Ҳ.Шарафуддиннинг фикрича, 14 та «Туббаъ» ҳукмронлик қилган. Улар:
1.Шамар Юҳаръиш бин Ёсир Юҳанъим (275-300)
2.Зул-Қарнайн туббу ал-Ақран (300-320)
3.Ўғли Амр (Буюк Туббаъ) (320-330)
4.Балқис ал-Ҳадҳод қизи (330-345)
5.Укаси ал-Ҳадҳод (345-374)
6.Маликкариб Юҳаъмин (374-385)
7.Абу Кариб Асъад бин Маликкариб (385-415)
8.Ҳассон бин Абу Кариб (415-425)
9.Шараҳбил Яъфур бин Абу Кариб (425-445)
10.Шараҳбил Януф (445-470)
11.Маъдикариб Юҳанъим (470-495)
12.Марсад Олан Януф (495-515)
13.Зу Навос (515-524)
14.Зу Язан (525-533)
Юқоридаги 14 «Туббаъ»нинг еттинчиси Қуръонда зикр қилинган Абу Кариб Асъад бин Маликкарибдир. У 30 йил ҳукмронлик қилган.

Афсуски, бу рўйхат тўлиқ эмас. Профессор А.Ҳасанов А.Ҳ.Шарафиддиннинг “Тарих ал-Яман ас-Саққофий” номли бошқа китобидан олиб, юқоридаги рўйхатга кирмаган 8 подшоҳнинг исмини келтирган. Улар:
1.Карибаил Баййин,
2.Заморъалай Ватор бин Карибаил Баййин
3.Сумҳуалай Зарих бин Заморъалай Ватор
4.Ҳияъсат Ярўх
5.Саъад Шамс Асраъбин Ийл Шараҳ Яҳдуб
6.Марсад Юҳаҳмид бин Саъад Шамс Асра
7.Соран Юҳаъмин (Маликкариб Юҳаъмин (374-385)нинг отаси)
8.Ёҳиқ бин Заморъалай Зарих
Бу подшоҳларнинг ҳукм сурган саналарини аниқ айтиш қийин.
Ироқлик тадқиқотчи Жавод Алининг китобида ҳам 22 та Ҳимйар подшоҳларининг номлари тартиб билан кўрсатилган. Лекин у ердаги рўйхатга биринчи Ҳимйар давлатида ҳукмронлик қилган ҳукмдорларнинг номлари кўпроқ киритилган. Иккинчи Ҳимйар давлатида ҳукмронлик қилган фақат тўртта подшоҳнингина номи келтирилган холос.

Муфассирлар Қуръондаги “Ат-Туббаъ ал-ҳимйарий” ҳақида ихтилоф қиладилар. Баъзилар уни “Ҳимйар” сўзидан келиб чиққан ва у ҳаммани ҳайратга солиб Самарқанд шаҳрини босиб олди ҳамда уни вайрон қилди, десалар. Бошқалар эса, Туббаъ араблардан бўлган солиҳ киши бўлиб, Яман аҳолисини ўзи эътиқод қилган динга киришларини, у ҳақ дин эканлигини тарғиб этади, лекин улар бут-санамларга ибодат қилардилар ва ўз динларидан воз кечишни хоҳламадилар, дейишади.

Қуръоннинг таржима ва тафсир муаллифи, исломшунос А.Мансуров «Туббаъ» қавмига шундай изоҳлар берган: “Туббаъ” қавми қадимда Яман диёрида яшаб ўтган Туббаъ исмли бир мўъмин подшоҳнинг фуқаролари бўлиб, улар жуда бадавлат ва басавлат бўлишган. Бу қавм ўз подшоҳларига итоат этмаганлари учун Аллоҳ таоло уни ҳалок қилган. Туббаъ қабридан топилган мактуб Муҳаммад пайғамбарга ёзилгани ва ўзининг имонли экани маълум бўлган. Макка аҳлининг итоатсизлиги туфайли уларга ҳам шу каби жазо келиб қолиши ҳақида огоҳлантирилмоқда”.

Шунингдек, Тафсири ҳилолда Туббаъ Пайғамбарга тенглаштирилган . Шу каби маълумотни тадқиқотчи Р.Обидов ҳам келтириб, Туббаъ қавмига баъзи ривоятда ўн икки минг, баъзида эса ўн уч мингта пайғамбар юборилган деган .

Туббаъ ҳақида юқорида келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, баъзи манбаларда унинг подшоҳ эканлиги ёзилса, бошқаларда пайғамбар даражасига кўтариб қуйилган. Албатта, улар маълум даврларда ёзилган ва ўша давр учун хизмат қилган тафсир бўлиши мумкин. Аммо тадқиқотлар шуни кўрсатадики, улар иккинчи Ҳимйар давлатида ҳукмронлик қилган подшоҳларнинг номи бўлган.

Баъзи адабиётларда Абу Кариб Асъад Қуръонда зикри келган Туббаъ билан айнан бир одам эканлиги айтилган.
Бу каби қараш биринчи маротаба Ибн Ишоқ (699-768 йй.)нинг «Ас-Сийра ан-набиййа» китобида келган: Рабиъ ибн Наср ҳалок бўлганидан сўнг Яманнинг подшоҳлиги тўлалигича Ҳассон ибн Туббаъ Асъад Абу Карибга ўтди. Туббаъ Асъад иккинчи Туббаъ бўлиб, у Кулий Кариб ибн Зайд ўғли ва Зайд эса биринчи Туббаъдир. У Амр Зу-л-Азъор ўғли, у Абраҳа Зу-л-Манор ўғли, у эса Райш ўғлидир .

Абу Лайс ас-Самарқандий тафсирида Қуръондаги Туббаъ билан Абу Кариб Асъад бир деб ёзилган. Ибн Ҳабиб Қуръонда келган Туббаъ бу – Зайд бин Ҳимал эди деган . Туббаъ билан боғлиқ бўлган баъзи тафсирларда ва қаҳтонийлар анъанасидаги нақлларда Қуръондаги туббаъ бу – қаҳрамон подшоҳ Шаммар Юръиш бўлган. Бошқа манбаларда эса Абу Кариб Асъад дейилган. Қуръондаги “Туббаъ қавмини” тафсир қилган Ҳамза ал-Исфаҳоний бу ўхшатишни шундай изоҳлайди. “Бир нечта Яманликлар Қуръондаги Туббаъни Абу Кариб Асъад дейдилар. У йерда Аллоҳ томонидан у ҳукм қилинаётганлиги йўқ, балки унинг қавми ҳақида гап бораяпти”.

Тадқиқотчи М.Б.Петровский: “Қуръонда Ҳимйар подшоҳи Туббаъ Асъад билан бир дейилмаган. Яманликлар орасида Қуръондаги Туббаъ билан Асъадни бир дейишларига сабаб, улар ўзларининг тарихларини юксакларга кўтариш ва танитиш мақсадида бундай боғлиқликни қилганлар. Бу каби тарихий хотиралар ва афсоналар яманликларнинг тарихини Қуръон билан боғлашга хизмат қилган. Асъаднинг таниқлилиги ва ёдда қоларли иш қилганлиги билан бошқа подшоҳлардан ажратиб, уни Қуръондаги персонаж қилиб кўрсатишга асос бўлган. У тарихий-эпик нақлларда катта аҳамиятга эга бўлган”, – деди.

Кўпгина муфассир ва ахборийлар Қуръондаги шахс Абу Кариб Асъад эканлигини таъкидлайдилар. Ибн Касирнинг айтишича, Асъад Абу Кариб бин Маликкариб ал-Яманий “Ўрта Туббаъ” бўлиб, у 316 йил ҳукмронлик қилган. Ҳимйарда бундан кўп муддат ҳукмронлик қилган подшоҳ бўлмаган ва у Расулуллоҳ (сав) келмасларидан 700 йил аввал вафот этган.
Ахборийларнинг китобларида туббаъларнинг насаблари, қилган юришлари ва динлари ҳақидаги маълумотлар кўп. Уларнинг баъзилари Расулуллоҳнинг рисолатига ишонган ва имон келтирганлар. Улардан бири -Туббаъ Асъад Абу Кариб бин Маликкариб бўлган. У Расулуллоҳнинг келишига шаҳодат келтирган ва ундан 700 йил кейин уларни келишларига ишонган . Буларнинг барчасига асотирий маълумотлар сифатини бериш мумкин.

М.Б.Петровский фикрича, муфассирлар Асъадга фақатгина буюк шоҳ деб эмас, балки қаҳрамон деб қарайдилар. У адолатли ҳукмдор номи остида ва жабрланганларни ҳимоя қилиш мақсадида Сурияга юриш қилган. Бу эса адолатли Туббаъ Асъад эканлигини кўрсатиш эди. Нашвон уни фақатгина адолатли кишигина деб эмас, балки ўзларига жўнатилган пайғамбар деб келтирганини айтади .

Юқорида келтирилган маълумотлар асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
– “Туббаъ” Ямандаги иккинчи Ҳимйар подшоҳлари (275-525 йиллар)нинг номлари бўлган, тафсирларда келганидек, уларнинг пайғамбарлар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.
– Қуръонда зикри келган Туббаънинг асл исми Абу Кариб Асъад бўлган, зеро, айнан унинг даврида иккинчи Ҳимйар давлати ўз тараққиётининг чўққисига эришган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
мударрисаси Усмонова Хуршида

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*