VII-VIII АСРЛАРДА ХОРАЗМ ВА ЯҚИН ШАРҚ МУНОСАБАТЛАРИ

Хоразм кўҳна тарихга эга, илм, юксак маданият ва кучли иқтисодий марказ бўлган азим юртдир. Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган, атрофи чўл ва саҳролар билан ўралган мазкур ҳудуд кўп йиллар давомида мустақил сиёсий ҳаёт кечиришга муваффақ бўлган. Хоразмни қадимги даврдан то XIX асрга қадар дунёнинг йирик салтанат соҳибларининг тинмай талон-тарожига қарамасдан, юртни бошқарган сулолалар ва бошқа мустақил ҳукмдорлар унинг азимлигини янада юксалтирганлар. Хоразмнинг сиёсий фаолияти ва давлатчилик тарихи узоқ ўтмишга боргани ҳақидаги маълумотларни қомусий олим ҳисобланган Абу Райҳон Беруний “Қадимги ҳалқлардан қолган ёдгорликлар” асарида келтириб ўтган. Беруний Хоразмнинг қадимги даврдаги, яъни милоддан аввалги ҳукмдорлар, шунингдек, эроний Африғийлар сулоласидан олдин ҳукмронлик қилган (305-385) йигирма иккита шоҳнинг исмларини санаб ўтган .

Хоразмнинг VII-VIII асрдаги Яқин Шарқ билан алоқалари, Хуросондаги ноибларининг ҳарбий фаолияти ва бу жараёндаги ўзаро элчилик муносабатлари асосан 712 йилдан бошлаб рўй берган. Халифаликнинг Хоразмга нисбатан ҳарбий ҳаракатлари натижасида жуда катта талофат етказилган. Бу талофатлар Абу Райҳон Беруний таъкидлашича, илмий соҳага ҳам катта таъсир кўрсатган. Араб лашкарбошиси Қутайба ибн Муслим бутун Ўрта Осиёда ўз маҳаллий ёзувини яхши биладиган, уларнинг хабар ва ривоятларини ўрганган ҳамда билимини бошқаларга ўргатадиган кишиларни жисмонан йўқ қилган .

Муҳаммад (с.а.в.) дан саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр Осс ривоят қилган ҳадисда айтилишича, “Албатта Аллоҳ қиёматга яқин илмни кишилар қалбидан тортиб олиш билан суғуриб ташламайди. Балки уламоларни вафот эттириш билан барҳам беради. Ҳатто олимлар қолмайди…” . Абу Райҳон Беруний ҳам юқорида баён этилган мулоҳазасини мазкур ҳадисга биноан билдирган бўлса, не ажаб. Тарихий жараёнларга эътибор берилса, дарҳақиқат, арабларнинг Хоразмдаги ҳарбий ҳаракатларидан сўнг жуда кўп олимлар таъқиб остига олинган.

Натижада, Буюк Хоразм юртига етказилган зарар сабабли оз муддат ичида маданий узилиш рўй берди. Лекин қисқа фурсат ичида ўзини қайта тиклаб олди.

Ислом тарихи манбаларида Қутайба ибн Муслим Мовароуннаҳрга ислом динини олиб киргани билан ижобий эътироф этилсада, лекин баъзи манбаларда унинг бу ҳаракатларини амалга оширишда шафқатсиз услублардан фойдаланганлиги тўғрисида мухолиф фикрлар келтирилади. Буни самарқандлик йигит Қутайба ибн Муслим устидан халифа Умар ибн Абдулазизга қилган арзномасида кўриш мумкин .

Инглиз шарқшунос олими К.Э.Босворд ўз асарида Қутайба ибн Муслим бошчилигида Хоразмга қаратилган ҳарбий юришлар жараёнида илк элчилик сафарлари Хоразм шоҳи Чағон ташаббуси билан амалга оширилганига урғу берган.

Хоразм ва Яқин Шарқ алоқаларининг дастлабки босқичи тарихчи Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий “Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи” (Тарихи ар-русул вал-мулук) асарида келтирилишича, К.Э.Босворд келтирган даврдан олдинроқ, яъни 61/681 йилдаги Мовароуннаҳрга йўналтирилган ҳарбий ҳаракатлар натижасида амалга оширилган. Муаллиф томонидан Хуросоннинг шу даврдаги ноиби Салм ибн Зиёд томонидан 4000 кишилик қўшин билан бостириб келгани, Хоразм ва Самарқанд билан 20 миллион дирҳам эвазига тинчлик сулҳи имзолангани маълум қилинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида умумий 5 миллион дирҳамлик қимматли ашёлар олиб чиқиб кетилган. Ўлжалардан иборат ҳадяларни олиб бориш учун шу йили Хоразмдан халифа Йазид ибн Муовияга (680-683) элчилик сафари ташкил этилган.

Аксар тарихий адабиётларда араб-мусулмон давлатларининг Ўрта Осиёга кириб келиши икки босқичда амалга оширилгани ҳақида маълумот берилади. Юқорида зикр этилган илк тузилган тинчлик сулҳи биринчи босқичда имзоланган.

“Илк ўрта асрлар Марказий Осиё цивилизациясида турк-суғд муносабатлари”ни тадқиқ қилган А.Отахўжаев ҳам Салм ибн Зиёд бошчилигидаги ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни Балазурий ва Табарийдан иқтибос келтириб, юқоридаги мулоҳазаларни тасдиқлаган.

Иккинчи босқичда имзоланган тинчлик сулҳи халифанинг Шарқий жабҳа бўйича ўринбосари Хажжож ибн Юсуф бошчилигида амалга оширилган бўлиб, Ал-Мухаллаб исмли Хуросондаги ноиб вафот этгач, унинг ўғли Йазид ибн Муҳаллаб Хуросон ноиби лавозимига тайинланди. Йазид Хоразмга 85 (704\705) йилда талончилик мақсадида амалга оширган юриши халифанинг бўйруғисиз амалга оширгани сабабли Хуросон ноиблиги Язиддан унинг укаси ал-Муфаддалга топширилди . Бу эса Хоразм муҳим иқтисодий марказ эканлигидан далолат беради.

Ҳижрий 93 йилдаги навбатдаги тинчлик сулҳи аввалгиларининг янгиланган шакли бўлиб, Табарий мазкур жараёнда амалга оширилган элчилик сафарларининг мақсади, вазифалари, тафсилотлари ва натижалари ҳақида батафсил маълумот берган. Табарий ўз асарида Чағонни исмини зикр этмаган бўлсада, Хоразм шоҳи деб келтирган. Хоразм шоҳи ташаббуси билан жўнатилган илк элчилик гуруҳи Чағон ва унинг укаси Нурзод ўртасидаги ички низолар сабабидан бўлган, деб таъкидлайди. Элчилар Қутайба ибн Муслим ҳузурига қишнинг охирига яқин етиб келган. Хуросон ноиби ўзини Суғдга юриш қилаётгандек қилиб кўрсатди. Элчилар бор маълумотни Хоразм шоҳига етказдилар. Суғдга юриш қилган Қутайба ибн Муслим Хазораспга келиб тўхтаганида, аслида мақсад Суғд эмас, балки Хоразм эканлиги маълум бўлди. Хоразм шоҳи сарой аёнлари билан йиғилиб маслаҳатлашганида, икки хил фикр тарафдорлари шаклланди. Хоразм шоҳи бошчилигидаги айримлар сулҳни таклиф қилишса, бошқалари таслим бўлмасдан курашиш кераклигини таклиф этдилар. Йиғилиш якунида ўзаро сулҳлашишга келишилди.

Табарий воқеани ёрита туриб, қабул қилинган қарордан сўнг Балх дарёси бетараф ҳудуд сифатида белгиланиб, бир томон Хоразмнинг энг мустаҳкам шаҳри ал-Филда жойлашган хоразмликлар, иккинчи томон Хазораспга келиб тушган Хуросон амири Қутайба ибн Муслим ўртасида 10000 бош қорамол, пул ва қимматли мол-мулклар эвазига тинчлик сулҳи имзоланганини, сулҳ шартига кўра, Хоразм шоҳига унинг укаси Нурзод топширилганини ва воқеага якуний ҳулоса сифатида Хоразмнинг ал-Фил шаҳри берилганини таъкидлаган.
Табарийнинг “…айтишларича, Фил шаҳри – бу Самарқанд, лекин ўйлашимча, Али ибн Мужтаҳиднинг (юқоридаги мулоҳазани инкор этувчи) фикри тўғрироқ” деган бир мулоҳазани билдириб, унга яна ўз муносабатини билдириб кетган. Табарий ўз мулоҳазасининг исботи сифатида Хоразмдан сўнг Суғднинг маркази Самарқандга қилинган ҳужум ҳақидаги маълумотларни келтирган.

Яқин Шарқ давлатларининг Мовароуннаҳрга қаратилган ҳарбий юришлари муваффақияти аксар ҳолатларда Насаф ва Кешнинг моҳир ҳарбийларидан фойдаланганлигида кўриш мумкин. Бу усул Хуросон ноиби Қутайба ибн Муслимнинг сиёсий жиҳатдан тадбиркорлиги, кучли стратегик ва ҳарбий маҳоратидан далолат берган.

К.Э.Босворд наздида, Ўрта Осиёни исломийлаштириш жараёни VII аср охири IX аср бошларига тўғри келади ва бу воқеа Хоразмшоҳлардан бири исломни қабул қилгани ва исмини “Абдуллоҳ” деб ўзгартиргани билан амалий тус олган .

Хоразм ривожланган катта ҳудудни ўз ичига олган улкан мамлакат бўлганлиги сабабли дунёнинг якка ҳукмдорлигига даъво қилувчи йирик салтанат соҳиблари эътибори марказида бўлган. Кўплаб савдогар-тижоратчилар ва элчилар Хоразмнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятидан хабар топиб, араб халифалигига етказган. Бу ҳудудга нисбатан қизиқишларнинг ортганини шу билан изоҳлаш мумкин.

Ўрта Осиё, жумладан, Хоразмда ўрта асрларда барқарор иқтисодий тараққиёт ҳукм сургани сабабли бу заминда кўплаб тижоратчи савдогарлар ҳам элчилик, ҳам жосуслик вазифаларини бажарганлар. Давлатлараро амалга оширилган элчилик сафарлари хоҳ у тарихда, хоҳ замонамизда бўлсин ўзининг муайян миссиясига эга бўлган. Аксар ҳолатларда бу миссиялар сиёсий манфаат устига қурилган.

Хулоса қилиш мумкинки, VII-VIII асрларда Хоразм ва Яқин Шарқ муносабатлари шаклланишининг дастлабки босқичи ҳарбий жараёнлар мисолида амалга ошганини кўриш мумкин. Мазкур жараён уч босқичда ўтганини хулоса қилиш мумкин. Биринчиси (61/681) VII асрнинг иккинчи ярмида, қолгани иккитаси (1. 85 (704\705); 2. 93/711) VIII асрнинг биринчи чорагидаги иккинчи босқичида амалга оширилган. Хоразмнинг Яқин Шарқ мусулмон давлатлари билан дастлабки алоқалари дипломатик моҳиятга эмас, балки манфаатли ҳарбий аҳамиятга эга бўлган.

Ўрта Осиёга Араб халифалиги ҳарбий қўшинлари истило қилиш мақсадида кириб келганини инобатга олганда, икки мамлакат ўртасида тараққиёт ривожига ҳисса қўшадиган дўстона элчилик муносабатлари ўрнатилган деб айтолмаймиз.

Яқин Шарқ давлатлари Хоразмга нисбатан йирик давлат сифатида муносабатда бўлганлари сабабли Мовароуннаҳрнинг бошқа ҳудудларига нисбатан таъсир кўрсатиш учун Хоразмдан фойдаланганлар. Даставвал Хоразм ички маъмурий тарқоқлик туфайли қўлга киритилган бўлса, кейинчалик бу ҳудуд муҳим маёқ вазифасини бажарувчи ҳудудга айланди.
Ключевые слова: посольские отношение, Хорезм, правитель, Хорезма, военная разведка, перемирие, политический союз, налог, соглашение, посольство, Табари, Абу Райхан Беруни, халиф.

Аннотация: Данная статья посвещена ракрытию посольских и дипломатических отношений, происходивших в Хорезме в конце VII и в начале VIII веках, которые изложенны в произведении Мухаммада ибн Джарира ат-Табари “История пророков и царей” и т.д. Также в этой статье даётся краткая информация о социальной жизни Хорезма.
Keywords: ambassadorial attitude, Khwarizm (Khorezm), ruler of Khwarizm, military intelligence, the truce, the political compromise, the tax, agreement, embassy, Beruni, Tabari, caliph.
Annotation: This article is devoted to historical events about the attitudes of the ambassadors and diplomatic relations was taken place in Khorezm in the beginning VII th century and at the end VII th century, described in the work of Muhammad Ibn Jarir at-Tabari, which is called “The history of messengers and rulers”. Also this article gives brief information about the social life of Khorezm.

Нозима Ибрагимова
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти мудираси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*