Шомонлик ёхуд сеҳргарлик

(«шомон» сўзининг тунгус тилидаги маъноси «сеҳргарлик»). Сеҳргарлик (афсун, магия) реал натижалар олиш учун илоҳий кучларга таъсир этиш мақсадида амалга ошириладиган ритуал – урф-одатлар мажмуасидир. У тотемизм ва анимизм билан бир вақтда пайдо бўлиб, у орқали кишилар ўз тотемлари, ота-боболарининг руҳлари билан хаёлан боғланишни амалга ошириб келганлар. У қадим ўтмишда пайдо бўлиб, минглаб йиллар давомида ривожланган ҳолда сақлаб келинган. Одатда, афсунгарлик урф-одатлари билан махсус одамлар – шаманлар, афсунгарлар шуғулланганлар. Улар орасида, айниқса, узоқ ўтмишда аёллар кўп ўринни эгаллаганлар. Бу шаманлар ва афсунгарлар жазавали ва асабий кишилар бўлиб, одамлар уларнинг руҳлар билан мулоқотда бўлишларига, уларга жамоанинг умид ва ниятларини етказиш, уларнинг иродасини талқин қилиш қобилиятига эга эканлигига чуқур ишонганлар. Шаманлар, одатда, маълум ритуал ҳаракатлар орқали – овоз чиқариш, ашула айтиш, рақсга тушиш, сакраш йўли билан ноғоралар ва қўнғироқлар овозлари остида ўзларини жазавага солиб, ўзини йўқотиш, жазаванинг юқори нуқтасига етказиш билан афсунгарлик қилишган. Томошабинлар ҳам баъзан ўзини йўқотиш даражасига етиб, маросимлар иштирокчиларига айланиб қолишар эди. Одатда, шаман маросим охирида бир ҳолатга келиб ҳеч нарсани эшитмай, кўрмай қолар эди. Шунинг учун унинг руҳлар дунёси билан мулоқоти худди шу ҳолатда амалга ошади деб ҳисобланарди. Умуман олганда, ритуал маросимлар қисмлардан иборат бўлган афсунгарлик жамиятнинг ҳақиқий талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳаётда амалга оширилган. Илоҳий кучлар дунёси билан бундай боғланиш йўли ҳаётда номаълум, олдиндан билиб бўлмайдиган шароитлардан келиб чиққан. Лекин, шу билан бирга, афсунгарлик одамларнинг фикр юритиш, онгининг мустаҳкамлашда катта роль ўйнади. Бу эса диний онгни шаклланиш жараёнида муҳим ўрин тутди. Афсунгарлик фикр юритиш ривожланган сари одамга ўз-ўзидан бўладиган, фақатгина мақсадли йўналишдаги ҳаракатлар натижасида олинадиган эмас, балки илоҳий кучлар афсуни билан боғлиқ бўлган шароитлардан келиб чиқадиган кўриниш деб ҳисобланган. Натижада кўпчилик аниқ ҳодисалар, ҳаттоки алоҳида буюмлар сеҳрли куч эгаси сифатида қабул қилина бошланди.

Сеҳргарлик маросимлари якка ҳолда ёки жамоа бўлиб амалга оширилиши мумкин эди. Афсунгарлик мақсадга кўра қуйидагиларга бўлинади:
1) Зарар келтирувчи – ёвуз афсунгарлик. Унинг мақсади кимгадир зарар етказишдан иборат;
2) ҳарбий афсунгарлик. У душманга қарши (масалан, қурол-аслаҳаларни сеҳрлаш);
3) Севги афсунгарлиги. Ундан «иссиқ» ёки «совуқ» қилиш мақсадида;
4) Тиббий афсунгарлик. Ундан даволаш мақсадида;
5) Об-ҳаво афсунгарлиги. Бу сеҳргарлик туридан ёмғир чақириш ёки шунга ўхшаш об-ҳавони ўзгартириш мақсадларида фойдаланилган. Сеҳргарлик ҳозирда ҳам замонавий динларда ва турли халқлар урф-одатларида сақланиб қолган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*