Зулқарнайн қиссаси

Сендан Зулқарнайн ҳақида сўрарлар. «Сизга унинг ҳақидаги зикрни тиловат қилурман», дегин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамлар Зулқарнайн тўғрисида сўраганлари аниқ. Баъзи ривоятларда яҳудийлар сўраган, дейилса, бошқаларида яҳудийлар ўргатган, қурайшликлар сўраган, ҳам дейишади. Умуман олганда, одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Зулқарнайн ҳақида сўрашган. Қуръоннинг хабар бериши шундай. Аллоҳ Пайғамбарига савол ҳақида хабар бериб бўлиб, унга қандай жавоб беришни ҳам Ўзи ўргатмоқда:
Бу қиссани баён этувчи ояти карималарни ўрганишга киришишдан олдин айтиб ўтиш керакки, Зулқарнайннинг шахси, қаерда ва қачон яшагани, борган жойлари, қилган ишлари ҳақида жуда кўп гаплар бор. Турли-туман фикрлар, фаразлар ва тахминлар ҳам кўп. Улардан айримлари тафсир китобларимизда ҳам келтирилган. Бу гап-сўзлар қиссачи ва тарихчи одамларнинг ўрганиб топган маълумотларидир. Уларни ҳеч ким айнан Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн ҳақида деб узил-кесил айтолмайди. Айтса ҳам, асоссиз, тахмин ила айтган бўлади. Мисол учун, баъзилар қиссадаги Зулқарнайндан мурод македониялик Искандар, деганлар. Бу гап тўғри эмас. Чунки македониялик Искандар Аллоҳнинг ягоналигига ишонган мўмин бўлган эмас. Қуръондаги Зулқарнайн эса, мўмин одамдир. Шунинг учун бунга ўхшаш тахминий гапларни бир томонга қўйиб, Аллоҳнинг каломидаги маълумотларгагина юз тутиб, қиссадан кўзланган мақсаддан фойдаланишга ўтганимиз маъқул.

84. Албатта, Биз унга ер юзида имконият бердик ва ҳар бир нарсага (эришиш) сабабини ато қилдик.
Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида ҳукмронлик, молу дунё, аскарлар ва бошқа катта имкониятларни берган эди. Шунингдек, Аллоҳ унга ҳукм юритиш, бинокорлик ва ободончилик, давлатни мустаҳкам тутиш каби ишларнинг сабабини ҳам ўргатган, эди.

У: «Бу Роббим раҳматидандир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар қилур. Роббимнинг ваъдаси ҳақдир», деди.
Бу ҳақиқий мўминнинг гапи эди. Ҳақиқий мўмин етти иқлимнинг подшоҳи бўлиб, тарихда ҳеч кимнинг қўлидан келмаган ишни қилганида ҳам:
«Бу Роббимнинг раҳматидандир», дейди.
Ҳеч қачон, мен қилдим, мендан бошқа одам қила олмас эди, демайди. Шу билан бирга, ўзи қилган ишнинг бебақолиги, Аллоҳ таоло хоҳласа, уни бир зумда барбод этиши мумкинлигини доимо тан олиб юради.
Қиссанинг сўнггидаги йўллари Садди Зулқарнайн билан тўсилган Яъжуж ва Маъжужлар ҳақида турли гаплар жуда ҳам кўп. Баъзилар улар мўғул-татарлар, дерлар. Аввал бир неча бор такрорлаганимиздек, бу гапларнинг ҳаммаси уламоларнинг ижтиҳодларидир. Яъжуж ва Маъжуж ҳақида Анбиё сурасида ҳам: «То Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликдан шошиб тушганида», деган ояти карима бор.
Шунингдек, имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Суфёни Саврий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари уммул мўминийн Зайнаб бинти Жаҳш онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолларида: «Арабларнинг ҳолига яқинлашган ёмонликдан вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжуж радми-саддидан мана шунча очилди», деб турдилар, бош ва кўрсаткич бармоқларини халқа қилиб кўрсатдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўла туриб ҳалок бўламизми?», дедим. У киши: «Ҳа, агар ёмонлик кўпайса», дедилар».
Шунингдек, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад, Имом абу Довудларнинг ривоятларида ҳам Яъжуж ва Маъжуж ҳақида хабарлар келган.
Ақоид илми уламоларимиз Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганишиб, қуйидаги хулосани айтадилар:
«Яъжуж ва Маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқишлари қиёматнинг аломатларидан бир аломатдир. Улар ер юзини фасодга ва харобга тўлғазадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди».

Зулқарнайн қиссасидан уламолармиз кўплаб ҳикмат ва ибратларни чиқарганлар.

Биз эса, ушбу қиссада инсон бу дунёда каҳф эгаларига ўхшаб сиёсий истибдод, иймон учун қийин-қистов ва қувғин фитнасига, икки боғ эгасига ўхшаб молу дунё, зебу зийнат фитнасига, Мусо алайҳиссаломга ўхшаб илму маърифат фитнасига учраши мумкин бўлганидек, ҳукм ва ҳукмронлик, турли моддий ва маънавий устунлик имкониятлари фитнасига ҳам учраши мумкинлиги кўрсатилганига ишора қилмоқчимиз. Ана шундай синов даврида мўмин банда Зулқарнайндан ўрнак олиш лозимлиги Қуръон таълимотидир. Аллоҳ таоло Зулқарнайнга мағрибу машриқ ва яна бошқа тарафларнинг салтанатини берса ҳам, ҳовлиқиб кетмади. Ўша ердаги қавмлар устидан хоҳлаган ҳукмини чиқариш ихтиёрини берса ҳам, яхшиларга яхшилик қилишга, ёмонларни азоблашга қарор берди. Хоҳлаганини азоблаб, хоҳлаганини мукофотламади. Ўзининг ишларини Аллоҳнинг лутфи-марҳамати ила бўлмоқда деб тўғри тушунди. Юртидаги кишиларни турли ёмонликлардан ҳимоя этишга ҳаракат қилди.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*