Довуд ҳамда Сулаймон алайҳиссалом

Бас, Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик. Довуд билан бирга тасбиҳ айтсин деб тоғларни ва қушларни бўйинсундириб қўйдик. Шуларни қилгувчи бўлган Бизмиз.
Ушбу оятларда зикр қилинган Довуд ҳамда Сулаймон алайҳиссаломнинг экинзор ҳақидаги ҳукмлари, тафсирчи уламоларимиз ривоят қилишларича, қуйидагича бўлган:
Ўз даврининг Пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқаришни сўраб келишибди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар эгаси экан.
«Ўшанда у(экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди».
Кечаси билан экинзорни пайҳон қилиб, еб битирган эди. Довуд алайҳиссалом икки томоннинг гапини эшитиб бўлиб, қўйларни экинзор эгасига берилишига ҳукм чиқардилар. Пайҳон бўлиб йўқолган экинзор ўрнига уни пайҳон қилган қўйларни олиб бериш айни адолат эди. Бу ҳукмдан кейин қайтиб кетаётган қўй эгаси Сулаймонни алайҳиссалом кўриб қолиб, бўлган ҳодисани у кишига айтиб берди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссалом олдиларига кирдилар ва
«Эй Аллоҳнинг набийи, ҳукм, сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди», дедилар. Довуд алайҳиссалом:
«Қандай бўлиши керак эди?» дедилар. Сулаймон алайҳиссалом:
«Қўйни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса, қўй эгасига беринг, уни тузатиб асл ҳолига келтирсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келгандан сўнгра қайтариб олади. Қўй эгаси ҳам қўйларини қайтариб олади», дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом:
«Ҳукм, сен чиқарган ҳукмдир», дедилар.
«Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик».
Шунинг учун ўша адолатга қўшиб, бузилган нарсани тузатишни ҳам ўз ичига олган ҳукмни чиқарди.
«Бас, Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик».
Яъни, ҳам Довудга алайҳиссаломга, ҳам Сулаймон алайҳиссаломга ҳукмни ва илмни берган эдик. Довуд алайҳиссалом чиқарган ҳукм ҳам хато эмас. Адолатли ҳукм эди. Аммо Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳукмлари тўғрироқ, мукаммалроқ бўлди.
«Довуд билан бирга тасбиҳ айтсин деб тоғларни ва қушларни бўйинсундириб қўйдик. Шуларни қилгувчи бўлган Бизмиз».
Довуд алайҳиссалом хушовоз муножотлари ила машҳур бўлганлар. У зот алайҳиссалом Тавротни тиловат қилганларида, осмонда учиб келаётган қушлар тўхтаб қолишар ва у кишига қўшилиб тасбиҳ айтишар эдилар. Шунингдек, тоғлар ҳам ўзига хос услуб билан у кишига қўшилиб тасбиҳ айтиши қушларникидан ҳам ғаройиб бўлган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус билим юрти
Х. Усмонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*