Қуръонни биринчи тиловат қилган инсон

Ислом тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган саҳобалардан бири бу – Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир. Улуғ саҳоба Маккада таваллуд топган бўлиб, насаблари: Исми – Абдуллоҳ, куняси – Абу Абдурраҳмон, отаси – Масъуд Бани Зуҳра қабиласидан, Онаси Умму Абд бўлиб, машҳур саҳобалар ичида Исломни олтинчи бўлиб қабул қилган мусулмонлардан биридир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилганидан кейин Қуръони каримни ёдлашга, илм олишга ғайрат қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундаги ғайрат ва шижоатни кўриб: “Сен муаллим бўладиган йигитсан”, – дея марҳамат қилганлари ривоят қилинади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръонни шахсан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганди. У Қуръонни энг яхши билган ва мукаммал ёд олган камсонли саҳобалардан бири эди. Шу сабаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонни тўрт кишидан: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб ва Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан ўрганинглар”, – деганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Тарихий манбалардан маълум бўлишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръони каримни Каъбада баланд овоз билан тиловат қилган илк саҳобий бўлиб, мақоми Иброҳимда Раҳмон сурасини очиқ-ошкор ўқиган. Шунинг учун ҳам у Қурайш кофирларининг таъқибига учраб, Ҳабашистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлади. Кейинчалик Мадинага ҳижрат қилиб, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг уйида истиқомат қилади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Бадр, Уҳуд ва бошқа барча жангларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида елкама-елка жанг қилди. Шу сабаб, ҳаётлик чоғида жаннат башорати берилган саҳобалардан бирига айланди. Шу билан бирга Ҳазрат Умар ўз даврларида, ҳижрий 20 йили Куфа қозиси этиб тайинлади. Шунингдек, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Байтулмолни тасарруф қилиш ва халққа таълим бериш мажбуриятини ҳам олди.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ислом тарихида ҳадис, тафсир, фиқҳ каби ислом илмларида пешқадам олим сифатида ҳам машҳурдир. У зот энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалардан бири бўлиб, ҳадис ривоят қилишда жуда эҳтиёткор эди. Ундан ривоят қилиниб саҳиҳ китоблардан ўрин олган ҳадисларнинг адади 848 та бўлиб, шулардан 64 таси Имом Бухорий ва Имом Муслим биргаликда (Муттафақун алайҳ), Имом Бухорий 21 та, Имом Муслим 38 та ҳадис ривоят қилишган.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу фиқҳ илмининг ҳам билимдони эди, хусусан, Ҳанафий мазҳаби асоси унинг ривоят ва ижтиҳодларига таянади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг пешқадам шогирдлари Алқама ибн Қайс, Иброҳим Нахаъийлар бўлиб, Ибн Масъуднинг илм хазинаси Иброҳим Нахаъийдан Ҳаммод ибн Сулаймонга ундан кейин эса, Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитга ўтганлиги манбаларда келтирилади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган кучли муҳаббати туфайли у зотнинг ҳар бир ҳаракатларидан таъсирланар, ўзи учун ўрнак олар ва барча ҳислатларига эргашар эди. Шунинг учун кўпчилик: “Хулқ-атвор жиҳатидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга энг ўхшаш инсон Абдуллоҳдир”, – дейишарди. Шу билан бирга, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳга хоҳлаган пайтида ҳузурларига киришга руҳсат берганлари, ҳаттоки айрим сирларидан воқиф қилганлари учун бошқалар унга “Расулуллоҳ сирларининг соҳиби”, деб мурожаат қилишарди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу фақатгина олим бўлиб қолмай, амал ва тақво бобида ҳам барчага намуна бўлган. Унинг машҳур сўзлари қуйидагилар: “Қалблар бўш идишлардир, бас, уларни Қуръон билан тўлдиринг”, “Бойликнинг яхшиси нафс бойлигидир”. “Энг яхши озуқа тақводир”. “Энг ёмон кўрлик қалб кўрлигидир”. “Хатоларнинг буюги ёлғондир”. “Касбларнинг ёмони судхўрликдир”. “Ейиладиган емишларнинг энг ёмонроғи етимнинг молидир”. “Кимки авф қилса, Аллоҳ уни афв қилади”. “Кимки кечириб юборса, Аллоҳ уни кечириб юборади”.
Мўминларнинг амири Умар розияллоҳу анҳу улар ҳақида: “Албатта, у фиқҳ билан лиммо-лимдир”, – деганлар. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу эса: “Модомики бу олим сизларнинг ичингизда экан, бизлардан ҳеч нимани сўраманглар”, – деганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муносиб издошларидан бири бўлган ва Қуръонни ҳаётига дастуруламал қилиб олган улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу 63 ёшида ҳижрий 32 йилда Мадинада, Усмон розияллоҳу анҳу халифалик даврида вафот этди.

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4 – курс талабаси
Раимқулова Бибихадича

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*