ЖАННАТ АҲЛИ АЁЛЛАРИНИНГ САЙЙИДАСИ – ФОТИМА БИНТИ МУҲАММАД (РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО)

Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган онамиз Фотима розийллоҳу анҳо замонасининг энг фозила аёли эдилар. Азизамизнинг қалбларида Аллоҳ Таолонинг муҳаббати тўлиқ жой олган бўлиб, дунё матоҳи муҳаббатига жой қолмаган эди. Уларнинг ҳаётлари тақво, зоҳидлик ва Исломнинг барча бошқа қоидаларига мувофиқ ҳаёт эди.
Қалбимиз Азизаси – Фотимаи Заҳро (розиёллоҳу анҳо) сабаб энг мўжизакор, қиёматгача боқий қолувчи Қуръон ояти нозил бўлгани Ул зотнинг нақадар чиройли хулқ соҳибаси эканликлари белгиси эди. Онамиз Аллоҳ Таоло томонидан шундай тақдирландилар.
Имом Қуртибий ва бошқа тафсирчиларимиз Фотима розияллоҳу анҳо ҳақларида оят нозил бўлгани тўғрисида қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Ҳасан ва Ҳусайн бемор бўлиб қолишди. Али, Фотима ва уларнинг Физза исимли жориялари, агар болалар тузалиб қолишса, уч кун рўза тутишни назр қилишди. Улар биринчи куни рўза тутишди. Ифторликларига арпа нони қўйиб ўтиришган эди, бир мискин келиб қолди. Улар нонни унга бериб, ўзлари оч қолишди. Сўнгра иккинчи куни етим келди. Улар нонни унга бериб ўзлари оч қолдилар. Учинчи куни асир келди. Улар нонни унга бериб ўзлари оч қолдилар. Шунда Аллоҳ Таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:
“Улар назрига вафо қиларлар ва ёмонлиги кенг тарқаладиган кундан қўрқарлар. Ўзлари таомга мухтож бўлиб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирга бердилар. Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳ розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур ҳоҳламаймиз. Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз дедилар”.
Фотима онамиз (розияллоҳу анҳо) юксак жасорат соҳибаси, ҳаё ва зоҳидлик билан зийнатланган аёл эдилар. Дунё матоҳидан охират саодатини устун қўйган фазилатли аёл эдилар. Росулимизнинг (алайҳиссалом): “Сен жаннат аҳли аёлларининг саййидасисан”, деб мақталган Жаннат аҳлининг афзали бўлган аёлдирлар. Ҳа, У зот (розияллоҳу анҳо) борига қаноат эта олган, Росулоллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларидан юқори ўрин олган, “отасининг қизи” Бинту Муҳаммад!
Вафотлари олдидан қилган васиятларини эсланг, ҳақиқий мастура эдилар онамиз. Қани энди ҳаммамиз У зотдан ибрат олсак, қани энди Улардек ҳаёт кечира олсак, қани энди Улар каби Аллоҳни розилиги йўлида яшасак…
Аллоҳим барчамизни ана шундоқ буюклардан андоза олишга мушарраф этсин, қалбимиз ойнасини очиб қўйсин, Амин. Саййидамиз Фотима розияллоҳу анҳодан ва улар қатори барча нубувват хонадони соҳиб ва соҳибаларидан Роббимиз рози бўлсин!
Жаннатларда яқинларимиз, Устозларимиз, биродарларимиз ила Улар билан бирга жам қилсин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юртининг 2-курс талабаси
Мунаввара Солижонова

1 та изоҳ

  1. Maqolangizni mavzusi juda ajoyib, juda chroyli ayniqsa xozirgi zamon ayyolari uchun ibratli mavzu. Allohdan sorab qolamizki Fotima onamizga oxshagan ayyollar kopaysin amin.
    安拉保护你 ️
    别克‍♂️

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*