АЛЛОҲ ҚОШИДА ҚЎШНИЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИСИ

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, бундай дедилар : “Аллоҳ наздида дўст-ҳамроҳларнинг энг яхшиси ўз дўст-ҳамроҳига энг яхши муносабатда бўлганидир. Аллоҳ ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига энг яхши муносабатда бўлган кишидир”.
Аллоҳ таоло ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси деган мақомга сазовор бўлишни истаган одам қўшнисига энг яхши муносабатда бўлсин, иншоаллоҳ, бундай мартаба унга насиб бўлади. Охиратимизни обод қилишимиз учун Парвардигоримиз кўплаб амал, восита ва имкониятлар эшигини очиб қўйган. Афсуски, ё билмаймиз, ё билсак ҳам кўпига амал қила олмаяпмиз. Шояд, шу амалимиз туфайли қиёматда ҳисоб-китобларимиз енгил бўлиб, дўзах азобидан нажот топсак…
Қўшниларнинг мурувватга энг лойиғи уйингизга энг яқинроғи ҳисобланади. Эҳсон қилмоқчи бўлсангиз, дастлаб ён қўшнидан бошлайсиз ва яна имконингиз бўлса, кейинги хонадонга ўтасиз ва тартиб шу зайлда давом этади.
Алқама ибн Бажола ибн Зайд айтади: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг шундай деганини эшитганман: “Ҳадя беришни яқиндаги қўшниси туриб, узоқдагисидан бошламайди, балки узоқдагисидан аввал яқинроқдаги қўшнисидан бошлайди”.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят : “Мен: «Ё Расулаллоҳ, менинг иккита қўшним бор. (Бирон нарса туҳфа қилмоқчи бўлсам) Уларнинг қай бирига туҳфа қилай?» – деб сўрадим. Ул зот: “Улардан уйингга эшиги энг яқинига (туҳфа қил), дедилар”.
Санъоний ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай дейди: “Бундаги ҳикмат шуки, эшиги яқин қўшни қўшниси уйига олиб кирилаётган ҳадя, егулик, мева-чева ва ҳоказога кўзи тушади. (Ва беихтиёр шу нарсаларни кўнгли тусаши ёки болаларига олиб беролмаётганидан ўксиниши мумкин). Шу боис ҳам Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз “Саҳиҳи”да “Эшикларнинг яқин бўлишидаги қўшничилик ҳақлари”деган сарлавҳа остида алоҳида бир боб очган. Бу Имомнинг ҳадис маъноларини нечоғли чуқур англашидан дарак беради”.
Ушбу мулоҳазаларга қўшилган ҳолда яна қуйидагиларни илова қилмоқ жоиз. Фикримизча, ёнма-ён яшайдиган қўшнининг биринчи навбатда ҳадяга лойиқ бўлишига сабаб бўлувчи яна бошқа жиҳатлар ҳам бор: Ён қўшни яхши-ёмон кунларда ёнимизда туриб, боримизни ошириб, йўғимизни яшириб туради. Онда-сонда уйимизда содир бўладиган уруш-жанжал, шовқин-суронларимиздан ҳаммадан аввал азият чекиб, қийналади, лекин қисмат шу экан, дея сабр қилади. Мабодо бемаҳалда нотаниш одам эшигимизни тақиллатса, дарҳол кўриниш бериб, ёлғиз эмаслигимизни билдириб қўяди. Худо сақласин, уйимизда бирон фалокат рўй бергудек бўлса, биринчи бўлиб ён қўшнимиз ёрдамга шошилади. Хуллас, ён қўшнининг ўрни ва мавқеи катта. Шу боис ҳам унинг ҳаққи бошқа қўшнилардан олдинда туради. “Ён қўшним – жон қўшним” деган ҳикматли сўз ҳам бежиз эмас.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

1 та изоҳ

  1. Agar qo’shnisiga har qancha yaxshilik qiladigan insonga aynan o’sha qo’shnisi ko’p yomonlik qilsa va yaxshiligini qabul qilmay xaqorat qilib xaydasa unda boshqa atrofidagi qo’shnilariga yaxshilik qilaversa bo’ladimimi

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*