ОДАМ (АЛАЙҲИССАЛОМ) ҚИССАСИ

Қуръони каримнинг энг асосий хусусиятларидан бири шуки, у инсонларга дини, дунёси ва охирати учун фойдали бўлган ишлардан хабар беради. Ва уларни ўзларига дахлдор бўлмаган ва уни билишнинг орқасида бирон манфаат йўқ бўлган ғайбий ишлар тўғрисида баҳслашишдан қайтаради. Одам (алайҳиссалом)­нинг яратилиши тўғрисидаги илм фақатгина Аллоҳга хосдир, биз уни Қуръони каримдек энг ишончли манбадан олишимиз мумкин. Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Биз инсонни қора балчиқдан (олиб, сўнг) қуритилган лойдан яратганмиз. Жинни (яъни, иблисни) эса (Одамдан) илгари қизиган оловдан яратган эдик» (Ҳижр, 26–27).
Бу ердаги инсондан мурод, Одам (алайҳиссалом)дир, чунки у инсон наслининг энг биринчи вакили ҳисобланади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу ҳақда бундай дейди:
«Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!» (Нисо, 1).
Ояти каримадаги “бир жон”дан мурод: Одам (алайҳиссалом)­дир. Юқорида келтириб ўтилган Ҳижр сурасининг 26–27-оятлари маъноси шуки: Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни қоп-қора қуруқ лойдан яратиб, унга маълум шакл берган. Унинг тафсилотлари ва дақиқ жойларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Ва жинни Одам (алайҳиссалом)дан аввалроқ “қизиган олов”дан яратди. Бу олов самум деб аталади, иссиқлиги шундай кучлики, ҳатто баданларни илма-тешик қилиб юборади.
Имом Муслим “Саҳиҳ”да Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Фаришталар нурдан, жин аланга-оловдан, Одам эса сизларга (Қуръонда) васф қилинаётган нарсадан яратилди”.
Ушбу икки оятнинг маъноси Раҳмон сурасида ҳам таъкидла­нади.
«У инсон (Одам)ни сопол янглиғ қуруқ лойдан яратди. Жин (ва шайтонлар)ни эса оловдан яратди» (Раҳмон, 14–15).
Бу ердаги “олов”дан мурод, ҳақиқий олов ёки жаҳаннам оловидан бўлган аралашмадир.
Эътибор берилса, Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни бир не­ча босқичларда яратганлигини кўриш мумкин. Баъзи оятларда у тупроқдан яратилганлиги айтилади, жумладан:
«Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра “Бўл”, деди. Бас, у (жонли одам) бўлди» (Оли Имрон, 59).
Бошқа сурада унинг лойдан яратилганлиги айтилади:
«У барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир. У инсон (Одам)ни даставвал лойдан яратди» (Сажда, 7).
Ҳижр сурасида инсон қора балчиқдан олиниб, сўнг қуритилган лойдан яратилганлиги, Раҳмон сурасида эса сополга ўхшаш қуруқ лойдан яратилганлиги айтиб ўтилади. Сиртдан қараганда бу оятлар бир-бирига зиддек, мос эмасга ўхшаб кўринади. Лекин яхшилаб тадаббур қилинса, ушбу зикр қилинганлар Одам (алайҳиссалом)нинг яратилиш босқичи эканлигини билиш қи­йин эмас. Яъни, аввал тупроқ лойга айлантирилиб, сўнгра у қизитилган ва қора балчиқ ҳолига келган, кейин қуригач, сополга ўхшаш қуруқ лойга айланган. Яна таъкидлаб айтамизки, ушбу оятлар бир-бирига зид эмас, балки бирини иккинчиси қувват­лаб, тўлдириб келади.
Баъзи муфассирлар Ҳижр сураси ушбу оятининг тафсирида шундай фикрларни билдириб ўтадилар: “Одам (алайҳиссалом)нинг қора балчиқдан олиб қуритилган лойдан яратилиши сўнгги босқич ҳисобланади. Яратилишининг илк босқичи тупроқ эди, сўнгра у лойга айлантирилган, бу лой қорайиб балчиқ ҳолатига кел­ган ва қуригач, сопол каби лойга айланган”.
Ушбу ояти каримадан мақсад, Аллоҳ таолонинг яратган ажо­йиботлари ва буюк қудратига диққатни жалб қилиш ва шу орқа­ли Унга ҳақиқий бандалик қилишга чорлашдир. Аллоҳ ана ўша моддалардан инсонни нафақат яратди, балки уни чиройли кўринишга эга қилди. Одам боласини бошқа махлуқотлардан устун қилиб қўйди. Буни фаришталарнинг Унга сажда қилишга амр қи­линишларида ҳам кўриш мумкин. Аллоҳ таоло айтади:
«Дарҳақиқат, Биз одам болаларини азиз ва мукаррам қил­дик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чи­қариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70).
Аллоҳ таолонинг Одам (алайҳиссалом)ни ер юзига халифа қилиши:
Аллоҳ Одам (алайҳиссалом)ни лойдан яратиб, у ва зурриёти ер юзини обод қилишлари учун уни халифа қилишни ирода этди. Ва бу хоҳишини ўзининг муқарраб (яқин) фаришталарига билдириш учун шундай деди:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: “Мен ерда халифа қилмоқчиман» деганида, улар айтдилар: “ерда бузғунчилик қиладиган, қон­лар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳам­ду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг но­мингни мудом) пок тутамиз”. (Аллоҳ) айтди: “Мен Сизлар билмаган нарсани биламан”. Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини менга билдиринглар!” Улар айтдилар: “Эй Пок Пар­вардигоро, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен Ўзинг илму ҳикмат Соҳибидирсан. (Аллоҳ): «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир”, деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: “Сизларга, Мен еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ҳамда яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?» (Бақара, 30–33).
Маъноси: эй карим зот бўлмиш Муҳаммад, Раббингиз фаришталарига “Мен ерда халифа қилмоқчиман”, деганини эсланг. Аллоҳ таолонинг фаришталарга бу хитоби маслаҳат ёки кенгашиш маъносида эмас, чунки У барча махлуқот ва амр-буйруқларнинг ёлғиз хожасидир ва Ўз махлуқотларига маслаҳат солишдан беҳо­жатдир. Ушбу хитобдан мақсад, Аллоҳ таолонинг қилаётган ҳикматли ишини уларга эълон қилиш эди. Ёки ушбу оятда Аллоҳ ўз бандаларини бирон ишни қилишдан аввал ақлли ва доно кишиларнинг маслаҳатини олишга ўргатиш ва уларга таълим беришдир.
Сўнг Аллоҳ фаришталарнинг бунга билдирган муносабатларини баён қилади: “ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган, кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг номингни) пок тутамиз”.
(Биз “Сени улуғлаймиз” деб таржима қилган ибора Қуръон матнида “наҳну нусаббиҳу” тарзида келтирилган, яъни «Тасбеҳ айтамиз» дейилмоқда). “Тасбеҳ” аслида “сабҳ” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “сув ёки ҳавода тез сузиб кетиш” маъносини англатади, шаръий истилоҳларда эса “Аллоҳ таолони барча айб-нуқсонлардан пок деб тан олиш учун шошилиш”ни билдиради.
(“Пок тутамиз” деб таржима қилинган ибора эса “нуқоддису лака” тарзида ифода этилган.) Унинг масдари (ҳаракат номи) “тақ­дис” сўзи – “Аллоҳ таолони улуғлаш ва Уни юксак сифатлар билан васф қилиш” маъносини билдиради. Демак, “тасбеҳ” – Аллоҳни барча нуқсонлардан холи эканлигини тан олиш, “тақдис” эса Унинг мукаммал сифатларга эгалигини тасдиқлаш ва эътироф этишдир.
Ояти кариманинг маъноси: эй улуғ Раббимиз, ерда бузғунчилик қилиб, қон тўкувчи кимсани халифа қиласанми? Ҳолбуки, биз Сени улуғлаб, Сенга ҳамду санолар айтамиз ва Сенинг исмингни пок тутамиз-ку?
Фаришталарнинг ушбу гаплари Аллоҳ таолонинг амрига қар­ши чиқиш ёки Унинг тадбиридан шикоят қилиш эмасди. Чунки улар Аллоҳнинг энг муқарраб фаришталари, мукаррам бандаларидир. Уларнинг ушбу сўзларни айтишларидан мақсад – ер юзида буз­ғунчилик қилиб, қон тўкувчи бундай махлуқот (инсонлар)­ни яратишдан Аллоҳ таоло қандай ҳикматни кўзлаганини билиш эди, холос. Фаришталар ғайб илмидан хабардор эмасдилар, улар олдин­дан ер юзида фасод ишлар бўлишини билишлари ҳам мумкин эмас, илло Ҳақ таоло Ўзи хоҳлаган бандаларини бундан хабардор қи­лиши мумкин.
Ибн Касир тафсир китобида ушбу маънони изоҳлаб шундай дейди: “Фаришталар инсоннинг ерда бузғунчилик қили­шини хос илм билан англаганлар ёки инсоннинг табиатидан фаҳм­лаганлар, Зеро, Аллоҳ таоло уларга ушбу тоифа махлуқотини қора балчиқ­дан олиб, сўнгра қуритилган лойдан яратилиш хабарини берган”.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, фаришталарнинг бу сўзлари Аллоҳ таолога эътироз билдириш ёки Одам боласига ҳасад қилиш маъносида эмас, балки бу ишнинг ҳикматидан хабардор бўлиш мақсадида айтилган эди. Яъни, улар дедиларки: “Эй Раббимиз, уш­бу тоифа махлуқотларни яратишдан кўзлаган ҳикматинг нима? Зеро, улар ерда фасод ишларни қилиб, кўплаб қон тўкадилар. Агар уларни яратишдан мақсад Ўзингга ибодат қилиш бўлса, биз Сенга эрта-ю кеч ҳамду сано айтиб номингни улуғлаймиз. Биздан Сенинг амрингга хилоф бўлган бирон иш содир бўлган эмас. ерни обод қилишга бизлар ожиз эмасмиз-ку?” Аллоҳ таоло уларга қарата:“Мен сизлар билмаган нарсани биламан”, деб айтди.
Яъни, Мен бу тоифа махлуқотларимни яратишдаги ва уларни ерда халифа қилишдаги аниқ манфаатларни биламан. Сизлар эса билмайсизлар. Мен улар орасидан пайғамбарлар чиқариб, ўз эл­чиларимни юбораман ва улар ичидан сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар чиқади.
Баъзи уламолар: “Ушбу ояти каримада Набий (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам)га тасалли бериш маъноси бор”, деб айтганлар, яъни қавмлари У зотни ёлғончига чиқардилар. Ва у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақида баҳслашиб, ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида ҳужжат-далил талаб қилдилар. Зеро, пайғамбарлар келганида одамлар уларни тасдиқлаб, уларга итоат этиши, ўз навбатида пайғамбарлар ҳам худди Аллоҳ таоло муқарраб фаришталарга қилган муомаласи каби муносабатда бўлишлари лозим эди. Яъни, эй Муҳаммад, сиз ушбу кофир қавмнинг азиятларига сабр қилинг ва ҳидоят топган зотлар йўлига эришинг”.
Сўнгра Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни яратиш ва уни ерда халифа қилишнинг ҳикматларидан бирини баён қилади: Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар сўз­ларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!”
Яъни, Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)га жаннатда ўзи яратган нарсаларнинг номини билдиришни илҳом қилди. Сўнгра бу исмларни фаришталарга юзлаштирди ва уларни ожиз қолдириш маъносида: “Агар Мен яратмоқчи бўлган инсондан билимлироқ ёки афзалроқмиз деган гапларингиз рост бўлса, Менга ушбу исмларнинг номини айтинг”, деди. Лекин фаришталар жавоб бериш­га ожиз қолдилар ва “Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан”, дедилар.
Яъни, фаришталар ўзларига рўбарў қилинган нарсаларнинг исмларини билмасликларини эътироф этиб шундай дедилар: “Сенинг шаънинг улуғдир, эй Раббимиз, бизлар Сен ўргатган нарсалардан бошқасини билмаймиз, Ўзинг барча нарсаларни дақиқ жойларигача билгувчи мутлақ алим, барча махлуқотларингни яратишда ва уларга амрингни етказишда ҳаким бўлган Зотсан. Сен хоҳлаган бандангга илм берасан, хоҳлаган бандангни ундан ман қиласан”.
Шу ерда Аллоҳ таоло томонидан Одам (алайҳиссалом)га фаришталардан сўралганда, улар жавоб беришдан ожиз қолган исмларнинг номини хабар бериши буюрилди: “(Аллоҳ): “Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир”, деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: “Сизларга Мен еру осмонларнинг сирларини ва сизлар инкор қилган ҳамда яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?”
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни фаришталарга ўша исмлардан хабар беришни буюрмоқда. Бундан мақсад Одам (алайҳиссалом)нинг фазлини зоҳир қилиш ва инсонни не сабаб билан халқ қилинганлигини баён қилиш эди. Бу иш Аллоҳ таолонинг энг ҳикматли тадбирларидан бири бўлган.
Ушбу оятлардан оладиган ибрат ва фойдаларимиз шундан иборатки, Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом) ва унинг зурриётини ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиб, у ерни обод қилишлари ва кўплаб амали солиҳларни бажаришлари учун танлади.
Одам (алайҳиссалом) таълимни Аллоҳ таолонинг Ўзидан олган ва бу илм назар ва фикр йўли билан амалга оширилган, у ерда бирон хатолик ёки янглишиш содир бўлмаган, чунки бу илмни инсон Аллоҳдан бевосита олмоқда. Ушбу илм соҳиби Одам (алайҳиссалом) ер юзида халифа бўлиши учун тайёрланди. Шу билан ер юзига энг одил қонунлар тўплами бўлмиш шаръий ҳукмлар нозил бўла бошлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*