Хаста кўнгил…

“Ҳасад бошқаларнинг роҳатини кўролмаслик – ҳамма
сифатларнинг пастроғидир. Ҳасад ҳиммат пастлиги
ва кўнгил хасталигидан ҳосил бўлади.”
(Ҳусайн Воиз Кошифий)

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалам бутун башариятга ҳидоят ва залолат йўлини ажратиб бердилар. Улар орасида бизни ахлоқий тубанликка олиб борувчи иллатлардан бири ҳасадгўйликдир. Ҳасад – ўзга кишидаги ютуқ, омаднинг ўзида бўлишига ички ва ташқи хоҳиш, бошқанинг ҳаёти, фаолияти, атрофдагилар хулқ-атворини кўролмасликни ифодаловчи тушунча. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўз умматларига таълим берган ҳолда марҳамат қилади:
“Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан”.
(Фалақ сураси)
Ҳасад ўзи нима? Бировга етган хоҳ диний, хоҳ дунёвий неъматга рашк билан қараш, ўша неъмат ундан кетиб, ўзига етиб келишини исташ, орзу қилиш ҳасаддир. Ҳасаднинг ҳаромлиги Қуръони карим ва кўплаб ҳадиси шарифлар билан собитдир. Аллоҳ таоло айтади:
“Ёки Аллоҳ фазли билан одамларга берган нарсаларга ҳасад қилишяптими?”
(Нисо,54)
Мўмин-мусулмон бандалар бир-бирларига ҳасад қилишдан бутунлай йироқда бўлишлари лозим. Чунки ҳасад Аллоҳ талолонинг амрига қарши чиқишдир. Ҳатто энг катта бадбахтлик ҳисобланган куфрга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Абу Лайс Самарқандий (роҳматуллоҳи алайҳи) айтадилар: “Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад ҳасад қилувчи кишига бешта азобни олиб келади. Бу бешта азоб ҳасад қилинган кишига етмасдан, ҳасад қилувчи кишига етади: ғам узилмайди; мусибат етади, унга ажр келмайди; ёмонликни олиб келади, у билан мақтанилмайди; Аллоҳ таоло унга ғзаб қилади; унга тавфиқ эшиклари ёпилади”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гумонсирашдан ўзингизни сақланг, чунки гумон билан айтилган гап энг ёлғон гап бўлади. Бир-бирингизни алдаб, молнинг нархини оширманг! Бир-бирингизга ҳасад қилманг ва бир-бирингизни ёмон кўриб, адоват қилманг!(Дунё ишларида) бир-бирингиздан ўтаман деманг! Бир-бирингизга тескари бўлманг! Ҳаммангиз Аллоҳга банда бўлиб, ака-ука бўлинглар!”– дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Қуйидаги) учта катта гуноҳи бўлмаган кишининг бошқа гуноҳларини Аллоҳ таоло хоҳласа, кечириб юборади. Биринчиси – Аллоҳ таолога ширк келтирмай ўлган киши, иккинчиси – сеҳргарлик билан шуғулланмаган ва унга тобе бўлмаган киши, учинчиси – ўз биродарига гина ва ҳасад қилмаган киши”, – дедилар”.
Ҳасад туйғуси одамлар орасида низо, келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Жамоаларда эса ҳасад маънавий-ахлоқий иқлимни бузади, маданиятни емириб ташлайди.
Ривоят қилишларича бир шогирд устозига шикоят қилди:
– Фалон киши мени кўролмайди – ҳасаднинг зўридан тарс ёрилиб кетай дейди.
Устози бунга жавобан деди:
– Хўш, ҳасад-ку ёмон экан, лекин ким сенга ғийбат яхши деб айтди?! Бошқаларни ёмонлаган киши сени ҳам бировга яхши демайди.
“Одамзод ва жамият ҳаётида оғир асоратлар қолдирадиган ҳасад туйғуси авваламбор бошқаларни кўролмаслик, уларнинг ютуғидан қувониш ўрнига, қандайдир куйиниш, ичиқоралик оқибатида пайдо бўлади.
Шунинг учун муқаддас китобларимизда ҳасад инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида қаттиқ қораланади. Муборак ҳадисларда “Бировга ҳасад қилишдан сақланинглар, чунки олов ўтинни қандай куйдириб тугатса, ҳасад ҳам қилган савоб ишларингизни худди шундай куйдириб тугатади”, деб айтилгани бежиз эмас.
Азал-азалдан очиқкўнгил, самимий ва меҳнаткаш, яхшиликни юксак қадрлайдиган халқимиз бундай иллатлардан доимо ҳазар қилиб келади. Лекин, минг афсуски, умр йўлларида ҳасад балосига кўп дуч келамиз. Олис ва яқин тарихимизда не-не буюк зотлар ҳасад ва бахиллик, кўролмаслик туфайли қандай азоб-уқубатларни бошидан кечиргани, соғлиғи, ҳатто ҳаётидан жудо бўлганини аччиқ мисолларда кўриш мумкин. Ҳакимлардан баъзи бирлари дейдилар: “Мўминнинг ифтихор қилаётгани Раббисидир, унинг иззати дини биландир. Мунофиқнинг фахри ҳасаддир, унинг иззати молидир”. Ҳасад билан ғазаб икки қанот бўлиб ҳаракатга келса, тоза ва чиройли ҳаётларни хира ва қудратли қилиб юборади.(Абу Райҳон Беруний)
Олижаноб ва ҳимматли одамнинг гўштини ҳасад аҳли ейди, гўё қурт-қумурсқалар арслон боласини егани мисоли. Дунёда бойлик ва шуҳрат соҳиби бўлган инсон бошқа бир инсоннинг ҳасад ўқига нишон бўлиш билан ёки ўзи бошқасига ҳасад қилиши орқали ёмон аҳволга тушиб қолади. Ҳасад шундай бир ёмон, зарарли касалликдирки, у инсоннинг кўнглини изтиробга тўлдиради, эҳтирос, ҳаяжонлар балога гирифтор қилади. Жаноби Ҳақ эса истаганини қилишда эркиндир, ҳукми ўзининг қўлидадир. (Маҳмуд Замахшарий)
Ҳўш, шундай экан ҳавас қилсак бўлмайдими?! Ҳавас гуноҳ саналмайди-ку! Бошқа кишига етган неъматдан севиниб, ўша нематни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳласа, буни нимаси ёмон! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин ҳавас қилади, мунофиқ ҳасад қилади”, деганлар. Ҳасад ижтимоий иллат сифатида ҳам инсоният бошига катта кулфатлар келтирган. Турли халқлар, миллатлар бошқа миллат ва давлатларнинг ютуқ ва муваффақиятларини ижобий қабул қила олмаслик, уни ўзиники қилиб олишга интилиш замирида айнан ҳасад ҳисси ётади. Бундай иллатлардан халқимизни асраш биз ёшларнинг бош мақсадидир.
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳи) дедилар: “Эй одам фарзанди! Нега биродарингга ҳасад қиласан? Агар уни ҳурмат қилиш учун Аллоҳ таоло ўз фазлидан берган бўлса, нима учун Аллоҳ ҳурмат қилган кишига ҳасад қиласан? Энди бунга гуноҳ йўл билан эришган бўлса, унинг боражак жойи дўзах бўладиган кимсага ҳасад қилишинг ҳам яхши эмас”.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти талабаси
Муҳаммадодилова Саҳобахон

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*