ОНАЖОН, КАЪБАМ ЎЗИНГ!

Аёлларимиз байрами баҳонаи-сабаб, биз фарзандлар улуғ зот бўлмиш оналар олдида нечоғлик қарздор эканлигимизни такрорлагим келди. Атрофимизда ўз фарзандлик бурчини унутиб қўяётган кўрнамаклар кўпайиб бораётганлиги бунга яна бир туртки бўлди.
Бу борада эътиборингизни она-бола ўртасидаги меҳрни пайдо бўлишига сабаб бўлган илоҳий бир мўъжизага қаратмоқчиман.
Бутун мавжудотнинг подшоҳи ва идора этувчиси – Ал-Малик, ҳамма нарсаларнинг энг нозик тарафларини билгувчи – Ал-Алийм, илми ҳар нарсани қамрагувчи – Ал-Васиъ, инсонларни ризқлантиргувчи – Ар-Раззоқ бўлмиш Аллоҳ Таъолонинг қудрати ва азамати ҳар нарсага қодир. Она раҳмида ҳомиланинг озиқланиши ҳам Яратганнинг буюк мўъжизаларидан биридир.
Бола она қорнида экан, уни Раззоқ сифатли Аллоҳ ризқлантириб, улғайтиради. Яъни, она раҳмидаги “йўлдош” бола киндигига уланган бўлиб, шу “йўлдош” орқали ҳомиланинг томирларига қон тарқалиб, озиқланади, ўсади. Инсон оғиз билан ризқланганда таҳорат ушатишга тўғри келади. Ҳикмати илоҳийни қарангки, “йўлдош”дан ўтиб, киндик орқали келаётган қон боланинг танасига сингиб, таҳорат ушатишга ҳожат қолмайди. Онанинг кўз ёриш вақти етгач эса ана шу қон аста-секин она кўкрагига келиб, оппоқ сутга айланади. Чақалоқ туғилиши биланоқ, одатдаги ҳол сингари она кўкрагига талпиниши ҳам бежиз эмас экан-да. Мабодо чақалоқ қонни эмса, унга зиён бўлар эди. Аллоҳ болани ризқлантириш учун онанинг юрак қонини оқ сутга айлантирди. Демак, бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, она-бола ўртасидаги меҳр ришталари онаизорнинг юрак қони билан боғланган бўлса, не ажаб.
Аллоҳ онани фарзандларга мураббий қилиб яратди. Болага бўлган меҳрни Яратганнинг Ўзи она юрагига солиб қўйган. Фарзандига тикан кирса, онанинг жони оғриши сабаби ҳам ана шундан. Шу меҳр боис она дилбандига келаётган бало-қазоларга кўксини қалқон, жонини фидо қилади. Ҳали боласи чақалоқ экан, бешик тебратиб тунларни бедор ўтказади, бир кунда ўн марта бўлсада фарзандининг нажосатини жирканмай тозалайди. Аржуманди бемор бўлса, онанинг қирқ жони зирқирайди, шифо топгунича еган-ичгани татимайди.
Айни вақтда эса қўли узайиб, бўйни йўғонлашган, овози дўриллаган айрим фарзандлар онанинг нечоғлик улуғлигини унутиб қўймоқдалар, оналарини жеркиб, дилини оғритиб, ҳатто қўл кўтариш даражасигача етмоқдалар. Онасидан ойда-йилда бир марта бўлса ҳам ҳабар олмайдиган нобакорлар кўпаймоқда. Ўз туққан онасига, меҳр берган меҳрибонига вафо қилмаганлар ўз умридан барака топармикан?!
Эй фарзандлар, бу қайтар дунёда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам албатта қайтишини унутманг. Онаизорингизнинг юрак қони билан сизга боғланган меҳр ришталарини узиб қўйманг. “Онажон, каъбам ўзинг”, дея оёқларига бош уринг. “Жаннат оналар оёғи остида” эканлигини унутманг.
Азиз, муҳтарама аёллар, мунис оналар, байрам тилагим шудир: фарзандларингиздан меҳрингизга яраша меҳр қайтсин!

Абдуҳамидов Муҳаммаджон Абдуҳалим ўғли
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
таянч докторанти

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*