ҲАҚИҚИЙ МУФЛИС КИМ?

Намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, закот берадиган одам қўлини, тилини гуноҳлардан сақламаса, оқибати яхши бўлмайди. Қуйидаги ривоят киши эътиборини мана шу масалага қаратади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَتَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ؟ قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لاَ دِرْهَمَ لَهُ وَلاَ مَتَاعَ فَقَالَ: إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلاَةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا وَقَذَفَ هَذَا وَأَكَلَ مَالَ هَذَا وَسَفَكَ دَمَ هَذَا وَضَرَبَ هَذَا فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муфлис кимлигини биласизларми?” деб сўрадилар. Улар: “Бизнингча, муфлис дирҳами, ҳеч вақоси йўқ кишидир”, дейишди. Шунда у зот: “Умматимдан (бўлган) муфлис қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади. Шу билан бирга буни сўккан, бунга туҳмат-бўҳтон қилган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган ҳолида келади. Шунинг учун бунга ҳам, унга ҳам унинг савобларидан (олиб) берилади. Агар (зулм қилган киши) зиммасидаги (қарзлари) тўланишидан аввал савоблари тугаб қолса, (даъвогарлар) гуноҳи унга юкланади. Кейин жаҳаннамга ташланади”, дедилар (Муслим, Термизий, Аҳмад ривоят қилган).
“Муфлис” деганда мол-мулкидан айрилган, касодга учраган одам тушунилади. Бундай киши бор будидан айрилгани ёки иқтисодий инқироз туфайли жудаям танг аҳволда қолади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муфлис кимлигини биласизларми?” дея савол берганларида саҳобалар “Муфлис пули, мол-мулки йўқ камбағал одам”, деб жавоб қайтаришди. Шундан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссалом охиратда ўта ночор ҳолга тушадиган киши ҳақиқий муфлис эканини айтдилар.
Қиёмат куни уммати муҳаммадия аъзоларидан бири ҳисоб-китоб қилиниш учун Аллоҳ ҳузурига келади. Унинг номаи аъмолида намоз, рўза, закотнинг тоғдек улкан савоблари бўлади. Сиртдан қараганда, бундай одам ҳисоби енгил ўтадигандек, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилиб, жаннатга кирадигандек кўринади. Бироқ ҳали иш ниҳоясига етгани йўқ. Чунки унинг одамлар билан ўзаро олди-бердиси турибди: у кимнидир сўккан, ҳақоратлаган, кимнингдир ҳурматини оёқ ости қилган, аллакимга бўҳтон тошларини отган, бировлар ҳақини еган, тарозидан урган, яна кимнингдир қонини ноҳақ тўккан, одам ўлдирган, бошқаларга қўли билан азият етказган, урган, калтаклаган. Хуллас, унинг бировлардан анча-мунча қарзи бор. Шунда намози, рўзаси, закоти савобидан ҳалиги ишлари учун бадал тўланади. Яъни, қилган жиноятлари эвазига унинг савоблари мазлумларга олиб берилади. Агар гарданидаги қарзлари тўлаб бўлинмасидан олдин савоблари тугаб қолса, мазлумлар гуноҳи унинг бўйнига юкланади. Шундан кейин – гуноҳига яраша жазоланиши учун – дўзахга ташланади…
Чиндан ҳам, бундай одам ҳақиқий муфлисдир. Молидан айрилган, инқироз кўчасига кириб қолган ёки қўли калта одам чинакам муфлис эмас. Зеро, бундай қийинчиликлар дунё ҳаёти тугаши билан ниҳоясига етади. Бироқ охиратдаги муфлислик том маънодаги инқироздир. У ерда зиммадаги қарзлар пул билан, узр-маъзур айтиш билан эмас, фақат савоблар билан тўланади. Инсон фарзанди дунёда минг машаққат билан ибодат қилса-ю, ҳузурини бошқалар кўрса, заҳмат чекиб ишлаган савобларидан бир зумда айрилса… Буям етмаганидек жаҳаннамга ташланса… Бундан ҳам ортиқ ҳалокат, мағлубият бўладими?
Демак:
1. Қуруқ намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ёки ҳажга бориб-келиш билан иш битмайди. Солиҳ амалларни бажаришдан ташқари гуноҳлардан, айниқса, ўзгалар ҳақи билан боғлиқ оғир гуноҳлардан: ғийбат, туҳмат, ҳақорат, уриб-сўкиш, ўғрилик, одам ўлдириш ва ҳоказолардан тийилиш ҳам зарур. Зеро, тириклигида қилган жиноятлари сони ҳаддан зиёд кўпайиб кетса, намоз ҳам, рўза ҳам, закот ҳам фойда бермай қоларкан. Чунки қинғир ишлар гуноҳини ювиш учун эгзу амаллар савоби камлик қилиб қолиши хавфи бор.
2. Охиратда ҳар бир иш Аллоҳ тарафидан ҳисоб қилинади. Агар бирон киши дунёда зулм кўрган бўлса, унинг ҳақи золимдан олиб берилади. Ҳеч бир ҳолат, ҳатто икки тараф аллақачон унутиб юборган майда масалалар ҳам назардан четда қолмайди. Дунёда топталган ҳақ-ҳуқуқлар қиёмат куни ўз эгаларига олиб берилади.
3. Банда тириклигида кимдан қанча қарзи бўлса, ҳаммасини тўлагани, кўнглини ўкситган одамлардан узр сўраб, розилигини олгани маъқул. Чунки ўзаро ҳисоб-китобларни охиратга қолдирмасдан, кўзи очиқлигида ҳал этиб олинса, эрта қиёмат куни иши енгилроқ бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*