Бидъат ва ирим-сиримлар ҳақида.

Бидъатнинг луғавий маъноси “янгилик киритиш” деганидир. Шаръий маъноси “динда бўлмаган нарсани динга қўшиш”дир. Динга янгилик киритиш ҳаромдир. Чунки дин Аллоҳ таолонинг расули орқали кўрсатган йўриғидир. Шунинг учун ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Динда янги пайдо бўлган нарсадан четланинглар, ҳар қандай янги пайдо қилинган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир”. “Бизнинг динимизга унда бўлмаган нарсани ким бўлса-да, қўшса, қайтарилади” (Имом Муслим).
Диндаги бидъат икки хил бўлади:
1. Эътиқодга тааллуқли бўлган бидъатлар: мўтазилалар, рофизийлар, жуҳаймия ва бошқа тоифаларнинг аҳли суннат вал жамоа эътиқодига қўшган фикрлари эътиқодий бидъатлардир.
2. Аллоҳ ва Унинг расули кўрсатмаган бир иш ё одатни ибодат сифатида динга киритиш кабилар амалиётдаги бидъатлардир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бидъатлардан огоҳ этиб: “Сизлар Аллоҳнинг йўлига эргашинглар, ўзга йўлларга эргашманглар”, деб марҳамат қилдилар (Абдуллоҳ ибн Масъуд ривояти). Бидъатга қарши курашишнинг йўли илм ва уламолардир. Уламолар деганда илмига амал қилувчиларни тушунмоқ керак. Илмга амал қиладиган уламоларнинг камайиши бидъатнинг ривожланишига олиб келади. Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, уларга амал қилиб, фарзандларимизни ушбу йўлда тарбия қилсак, иншааллоҳ, бидъат балосидан халос бўламиз.
Халқ орасида қадимдан келаётган ёки бошқа халқлардан ўтиб қолган турли ирим-сиримларнинг борлиги тўғри. Масалан, қоронғида ёки жума куни тирноқ олиб бўлмайди, йўлингдан мушук кесиб ўтса орқага қайтиш керак, супургини тиклаб бўлмайди, 13 рақами – бахтсиз, остона ҳатлаб сўрашиб бўлмайди, фалон кунда фалон ишни қилиб бўлмайди ва ҳоказо. Бу иримларда мутлақо асос йўқ.
Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят қилинган ҳадисларда «фолчилик, ирим-сиримлар бутпарастлик билан баробардир», «Ирим қилувчи ёки ирим қилдирувчи бизлардан эмас», дейилган.
– Тирноқ олиш. Аввало шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шариатда тирноқ олиш учун махсус белгилаб қўйилган кун ва вақт йўқ. Гарчи шу мавзуга доир кўпгина ҳадислар мавжуд бўлса-да, улар тадқиқот асносида мавзуъ ҳадислар эканлиги аниқланган. Тирноқ ўсган экан, қайси кун ва қайси вақтдан қатъий назар олинаверади. Халифа Хорун ар-Рашид имом Абу Юсуфдан «Кечаси тирноқ олса бўладими?» деб сўраганларида «Бўлади», дея жавоб берганлар. Халифа далил сўраганида, Абу Юсуф «Хайрли ишлар кечиктирилмайди», деган асосли жавобни берганлар. Қайси куни тирноқ олишга ҳам юқоридаги далиллар кифоя.
– Мушук кесиб ўтиши. Бизнингча, қадимда халқимиз орасида бундай ирим бўлмаган. Руслар орқали кириб келган, шекилли. Қарғани қағиллашини эшитиб йўлидан қайтган кимса, товушқон (қуён) йўлидан кесиб ўтганда йўлидан қолган киши ҳам куфрга кетган, деб ҳисобланади. Аслида мусулмон киши ҳар бир иш Аллоҳ таоло иродаси билан бўлишига иймон келтиради.Шу сабабли юқоридаги каби ҳолатларни бахтсизликдан огоҳлантириш тарзида қабул этиш мутлақо мумкин эмас. Бу исломий эътиқодга асло тўғри келмайди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Касаллик юқмайди (ҳеч қайси касаллик Аллоҳнинг иродасисиз ўзича юқмайди), ирим-сирим бемаънилик, бойқуш бахтсизлик келтирмайди ва сафар ойи бехосият эмас», деганлар». Худди шунингдек, сана ва кунларнинг ҳам бахтсиз ёки бахтлиси бўлмайди. Аллоҳнинг барча кунлари бир хил. Унинг иродаси ва ҳукмисиз ҳеч нарса содир бўлмайди, бирор махлуқ тақдири илоҳийдан қочиб қутула олмайди.
Кўз тегиши. Ислом дини кўз тегишини бор, деб ҳисоблайди. Чунки бу ҳақда Расули акрамдан (с.а.в.) бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Имрон ибн Ҳусайннинг айтишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кўз теккан ва чаён чаққандан бошқага дам солиш йўқ», деганлар. Убайд ибн Рифоат аз-Зурақийнинг ривоят қилишича, Асмў бинти Умайс унга шуларни айтган: «(Мен) «Ё Расулуллоҳ! Жаъфарнинг болаларига тез-тез кўз тегади, уларга дам солайми?» дедим. Расулуллоҳ: «Ҳа, агар тақдирдан олдин бирон нарса келадиган бўлса, ўша кўз тегишидир», дедилар». Ҳақиқатан ўтмишда (ҳозирда ҳам) юриб кетаётган одамни «йиқита оладиган», соппа-соғ одамнинг мазасини бир пасда қочириб қўядиган, ҳайвонлар ўлимига сабаб бўладиган, ҳаттоки тошни ҳам ёра оладиган «кўзли» одамлар бўлгани сир эмас. Замонавий фан буни кишида манфий биоқувватнинг кучлилиги билан изоҳлайди.
Хўш, кўз тегиши бор нарса экан, ундан қайси йўл билан нажот топиш мумкин? Айримлар қилаётгандай кўзмунчоқлар, туморлар осиб олиш, исириқ тутатиш, кўз тиканни илиб қўйиш билан кўз тегишдан паноҳ топиб бўлмайди. Кўз тегишнинг «муолажаси» ҳақида Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган ҳадислар борки, буларни билиб қўйиш зарур. Анас ибн Моликнинг ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) чаён чаққанда, кўз текканда ва ёнбошга майда ярачалар тошганда дам солишга рухсат берганлар. Абу Саъид ал-Худрийнинг ривоят қилишларича, Расули акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) жинлардан қўрқишда ва кўз текканда дам солардилар, Фалақ ва Ан-нос суралари нозил бўлгач, шуларни ўқиб дам солганлар. Ибн Аббоснинг айтишларича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: «Агар бирон нарса тақдирдан олдин келадиган бўлса, ўша нарса кўз тегишидир ва агар сиздан «ғусл қилинг», деб талаб қилсалар, ғусл қилинг». (Ғусл қилганда теккан кўз бекор
бўлади) дедилар. Ҳақиқатан ўтмишда (ҳозирда ҳам) юриб кетаётган одамни «йиқита оладиган», соппа-соғ одамнинг мазасини бир пасда қочириб қўядиган, ҳайвонлар ўлимига сабаб бўладиган, ҳаттоки тошни ҳам ёра оладиган «кўзли» одамлар бўлгани сир эмас. Замонавий фан буни кишида манфий биоқувватнинг кучлилиги билан изоҳлайди.
Инсонлар ўзларининг турли мақсадлари йўлида ирим-сирим, иссиқ-совуқ ишларини қилишади. Айниқса оилавий масалаларда аёл эрини муҳаббатини олиш учун бундай ишларни қилишади. Муҳаббат қозониш ёки ўртага совуқлик солиш учун «иссиқ-совуқ» қилиш ҳаромдир. («Фатовои Ҳаммодия») «Нафъул муфти» китобида эрининг муҳаббатига «иссиқ-совуқ» қилиш билан эмас, Аллоҳ таолодан қўрқиш билан эришилади, дейилади. Дарҳақиқат эр-хотин ўзаро бир-бирлари олдидаги бурчларини тўла адо этсалар, ўрталаридаги муҳаббатга ҳеч бир ҳолда халал етмайди.

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4 – курс талабаси
Азизова Зилола

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*