Фатво ва унинг шартлари.

Фатво арабча сўз бўлиб, луғатда “масаланинг жавоби” маъносида ишлатилади. Шариат истелоҳида эса, сўраган киши учун шаръий ҳукмни ўз далилидан баён қилиб беришдир. Савол воқеаликда учрайдиган ҳолатлар ҳақида ҳам ва бошқа нарсалар ҳақида ҳам бўлиши мумкин. Муфтий эса фатво берувчи кишидир. Бир марта фатво берган кишини ҳам муфтий дейилаверади. Лекин шаръий урфда муфтий бундан хосроқ маънога далолат қилади. Сайрафий айтадилар: “Муфтий- одамларнинг динларида бош бўлган, Қуръоннинг ом ва хосини, носих ва мансухини, шунингдек суннат ва истинботни билган кишидир. Ким бу даражага етса, шундай номланади ва сўраганга фатво беришга ҳақлидир.
Заркаший айтадилар: “Муфтий- шаръий ҳукмларнинг барчасини билган кишидир”. Фатво қазодан фарқланади. Қазо- даъвогарлар ўртасини ажрим қилиш. Қазони ҳукм ҳам дейилади. Фатво шаръий ҳукмнинг хабарини бериш бўлса, қазо даъвогарлар ўртасида ҳукмни пайдо қилишдир. Фатво, сўрагувчи тўғри деб билса, унга амал қилади. Бўлмаса уни қўйиб, бошқа муфтийнинг фатвосини олади. Аммо қозининг ҳукми мажбурийдир. Шундан келиб чиқиб даъвогарлардан бири бошқасини фақиҳлар фатвосига чақирса, мажбурланмайди. Агар қозига чақирса, унда ижобат қилиш вожиб, бунга мажбурланади. Чунки қози даъволарни қондириш ва тугатиш учун тайинлангандир. “Дуррул мухтор” муаллифи айтадилар: “Муфтий диёнатан, яъни ишнинг ботинига фатво қилади ва фатво сўровчи ботинан унга мажбур. Қози эса зоҳирга ҳукм қилади”. Ибн Обидийн бунга шундай мисол келтирадилар: “Киши муфтийга: “Хотинимга ёлғндан хабар бериб: Сен талоқсан,дедим”, деса муфтий талоқ тушмаганига фатво беради. Аммо қози эса талоқ бўлганига ҳукм қилади”. Шунингдек, қозининг ҳукми жузъий ва хос бўлиб, маҳкумдан бошқасига тааллуқли бўлмайди. Фатво эса сўрагувчига ҳам, бошқага ҳам тааллуқли умумий шариат ҳисобланади. Қози аниқ бир шахсга муайян ҳукмни чиқаради. Муфтий эса умумий, ҳаммаг тааллуқли ҳукм фатвосини беради. Ким бундай қилган бўлса ҳукм шундай , ким бундай деган бўлса, ундай нарса лозим бўлади, деганга ўхшаш. Қазо сўзланадиган лафзлар билан ишора билан ҳам мумкиндир.
Фатво бериш фарзи кифоядир. Зеро, мусулмонларга динларида воқеъ бўладиган ҳукмларни баён қилиб берадиган киши бўлиши керак. Бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шунинг учун бунга қодир кишиларга вожиб бўлади. У фарзи айн бўла олмайди. Чунки фатво учун жуда кўп илмларга эга бўлиш керак. У ҳаммага юкланса одамларнинг иш ва манфаатлари қолиб кетади. Унинг фарзлигига Аллоҳ таолонинг:
وَإِذْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَتُبَيِّنُنَّهُ لِلنَّاسِ وَلَا تَكْتُمُونَهُ فَنَبَذُوهُ وَرَاءَ ظُهُورِهِمْ وَاشْتَرَوْا بِهِ ثَمَنًا قَلِيلًا فَبِئْسَ مَا يَشْتَرُونَ
“Аллоҳ: “Уни одамларга албатта баён қилгайсиз ва беркитмассиз”, деб, китоб берилганларнинг аҳду паймонларини олганини эсла. Бас, уни ортларига қараб отдилар ва озгина баҳога сотдилар. Сотиб олаётган нарсалари нақадар ёмон” – деган ояти ва Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) нинг: “Ким бир илм ҳақида сўралса, кейин уни беркитса, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганланади”, дега ҳадислари далил бўлади.
Лаёқатли кишидан шаръий ҳукм ҳақида сўралса унга қуйидаги шартлар билан жавоб бериш лозим бўлади:
1) Ўша ноҳияда жавоб бера оладиган одам топилмаслиги. Агар топилса ўзи жавоб бермай иккинчисига ошириб юбориши мумкин. Абдурраҳмон ибн Абу Лайло айтадилар: “Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ашобларидан бир юз йигирмата ансорийни топдим. Улардан биридан бир масала сўралса, бу унисига, униси бунисига жўнатардики, охири яна биринчи сў ралганга қайтиб келар эди.
2) Сўралган киши ҳукмга амалда олим бўлмоғи.
3) Жавоб вожиб бўлишига монеълик топилмаслиги. Бунга масаланинг воқеъликда учрамаслиги, ёки сўрагувчига манфаати йўқ иш бўлмоғИ мисолдир.
Фатвонинг шариатдаги ўрни жуда юқори. Рисолат тақозо қилгани учун Пайғамбар ( саллоллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт чоғларида шу ишга вазифадор бўлганлар. Бунга ул зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи таклиф қилган:
بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ
“Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани –Қур;онни нозил қилдик” Муфтий баён қилиш вазифасини адо этишда набий (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) халифаларидир. Пайғамбар (саллоллоҳу лайҳи ва саллам)дан кейин саҳобаи киромлар, улардан кейин илм аҳли бу вазифани адо этишди.
Фатво мавзуси Аллоҳ таолонинг ҳукмини баён қилиш ва уни одамлар ишларига табиқ этишдир. Демак у Аллоҳ таолонинг сўзи экан. Чунки у сўрагувчига:”Бундоқ қилмоғинг лозим ёки ундоқ қилмоғинг ҳаром”, дейди. Шунинг учун ҳам Қаррофий муфтийни Аллоҳ таолонинг муроди тўғрисида таржимонга ўхшатади. Ибн Қоййим эса муфтийни подшоҳнинг имзо қўювчи вазирига қиёс қилади. Модомики подшоҳнинг номидан имзо қўювчининг фазли инкор қилинмас, қадри камситилмас экан, энди осмонлару ва ер Парвардигори номидан гапирувчининг мансаби қандай бўлди? Ибн Мункадирдан шундай нақл қилинади: Олим Аллоҳ ва Унинг халқи ўртасидадир. У уларнинг ўртасига қандай киришига қарасин?
Иш шундай бўлгач фатво бериш мартабаси жуда масъулиятлидир. Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Фатво беришга журъатлигингиз, дўзахга журъатлилигингиздир”. (Доромий ривояти) Суфён: “Фатвога илми ка инсон жасур бўлади”, дейдилар. Олим киши фатво беришдан ҳайиқиши керак. Ҳукм Қуръон, суннат ёки ижмўда равшан маълум бўлсагина фатво берсин. Бундан бошқа ҳолатларда жавоб маълум бўлиши учун излансин, исбот қидирсин. Акс ҳолда жавобдан тийилсин. Имом Моликдан элликта масала сўралди. Улардан бирортасига жавоб қилмадилар ва: “Ким жавоб қилмоқчи бўлса, ундан олдин ўзини жаннат ва дўзахга рўбарў қилсин”, дедилар. Асрам айтадилар: Аҳмад ибн Ҳанбалнинг билмайман, деганини кўп эшиганман.
Билмаган ҳолда фатво бериш ҳаромдир. Чунки бунда Аллоҳ таоло ва Расулига ёлғон ишлатган, одамларни адаштирган бўлади. Шунинг учун бу кабира гуноҳлардан саналади. Бу ҳақида Аъроф сураси 33-ятида шундай деб келади:
قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالْإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَنْ تُشْرِكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَنْ تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ
Айтинг: «Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди». Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Албатта Аллоҳ илмни олимлар қалбидан тортиб олиш билан олиб қўймайди. Балки олимларни вафоти билан олиб қўядики, олим қолдирмаганидан одамлар жоҳилларни ўзларига бош қилиб олиб улардан савол беришади. Улар илмсиз ҳолда жавоб бериб адашишади ва адаштиришади”. (Бухорий ривояти). Сўровчи нотўғри фатво туфайли ҳаром ишни қилиб қўйса ёки бир амални фасод этса гуноҳи фатво берувчига бўлади. Агар сўровчи фатвога ҳақли олимни қидирмай сўраган бўлса ўзи ҳам гуноҳга шерик бўлади. Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким илмсиз фатво берган бўлса, унинг гуноҳи фатво берганга бўлади”. Фатво бериладиган ҳукмларнинг турлари мўо. У Аллоҳга ва охират га иймон келтирис каби эътиқодий ҳукмлар, ибодат, муомалат каби амалий ҳукмлар ва вожиб, ҳаром, мустаҳаб, макруҳ ва мубоҳ каби таклифий ҳукмлар, ҳамда ибодат ва тасарруфнинг саҳиҳ ва ботиллигига фатво берадиган вазъий ҳукмларни қамраб олиши мумкин.
Фатво берувчида қуйидаги шартлар топилиши керак:
1) Ислом. Кофир фатво беролмайди.
2) Ақл. Жиннидан фатво содир бўлиши мумкин эмас.
3) Балоғат. Сағир бунга ҳақлимас.
4) Адолат. Жумҳур уламоларнинг наздида фосиқнинг фатвоси дурустмас. Чунки фатво шаръий ҳукмнинг хабари бўлиб, фосиқнинг хабари қабул қилинмайди. Аммо баъзи ҳанафий уламоларимизга кўра фосиқ муфтийликка ярайди. Чунки у хатога нисбат бермасликлари учун ижтиҳод этади.
5) Ижтиҳод. Ибн Обидийн Ибн Ҳумомдан нақл қиладилар:
“Усулийларда қарор топган раъй шуки, муфтий- мужтаҳиддир. Аммо мужтаҳидларнинг сўзларини ёдлаб олган, лекин ўзи мужтаҳид бўлмаган киши муфтий эмасдир. Бундай одамдан фатво сўралса мужтаҳиднинг қавлини ҳикоя тарзида зикр қилиши керак. Бизнинг замонамиздаги мавжуд фатволар фатво эмас, балки муфтийнинг каломидан нақлдир”. Шунга кўра мужтаҳид бўлмаган муфтий мужтаҳиднинг сўзини ўзининг сўзи сифатида зикр қилмаслиги керак. Чунки муқаллиднинг фатвоси ҳақиқий фатво эмас, унга ўхшаганлиги учун мажозан фатво дейилади. Замонамизда мужтаҳидлар камлиги ёки йўқлиги учун унинг каломини олиш жоиз.
6) Фаҳм-фаросатли бўлмоғи. Нававий айтадилар: Муфтий ўзи фақиҳ, соғлом зеҳнли, ўткир фикрли ва чуқур мулоҳазали бўлиши керак”.
7) Фатонатли ва уйғоқ бўлмоғи. Ибн Обидийн айтадилар: “Баъзилар муфтийнинг сергак бўлишини шарт қилишади. Бу замонамиз шартидир. Муфтий одамларнинг ҳийла-найрангларини биладиган даражада сергак ва огоҳ бўлиши керак. Чунки уларнинг айримлари ҳийла, фирибгарлик, сўзамол ва ботилни ҳақиқат суратида тасвирлаб берадиган маҳоратли бўлишади. Шунда муфтий ғафлатда қолса жуда кўп зарарлар келтириб чиқаради”.
Муфтийликнинг ўз одоблари бор бўлиб, ушбулар қуйидагича:
1. Муфтий либосини чиройли қилмоғи керак. Бу тўғрида шаръий ҳукмларга амал қилмоғи поклик ва тозаликка риоя қилмоғи ва ипак, тилла ва кофирларнинг белгилари бор кийимлардан сақланмоғи лозим.
2. Иш ва сўзида шариатга мувофиқ бўлиб, сийратини гўзал этмоғи. Чунки у айтаётган ва қилаётганларида одамларга ўрнак бўлиши керак. Шунда сўзи таъсир этади.
3. Ботини ислоҳ қилиши, фатво бериш пайтида Пайғамбар (саллоллоҳу лайҳи ва саллам)дан халифалик мақсади, Қуръон ва Суннатни тирилтириш ва бу билан одамларнинг ҳолини тузатиш каби яхши ниятларни қасд қилиши. Бу хусусда у Аллоҳдан мадад, тавфиқ ва тўғрилик сўраши керак. Ўзининг оилй бўлиш, хусусан ундан бошқа хато қилиб, ўзи тўғри топганда айтганларидан ажабланиши каби манфур ниятлардан эҳтиё бўлиши лозим. Саҳнун айтадилар: “Тўғри жавобга фитналаниш мол фитнасидан каттароқдир”.
4. Ўзи фатво берган яхшиликларни қилувчи, қайтарган ёмонликлардан қайтувчи бўлиши керак. Агар бунинг зидди бўлса, иши сўзини ёлғончи қилади ва сўрагувчининг қабулидан тўсади. Бу энди фатво бермасин дегани эмас. Зеро ҳаммада ҳам адашиш бўлади. Аммо адолатли соқит бўладиган даражада беамал бўлса, фатво беришга ҳақли эмас.
5. Қалби ғазаб, сурур, очлик, чанқоқлиқ ва сиқилиш кабилар билан қаттиқ мушғуллик пайтида фатво бермаслик керак. Шунингдек уйқусираган, қаттиқ ҳасталанган, таъсир этадиган даражадаги иссиқ ва совуқда, таҳорат танг қилиб турганда ва шуларга ўхшаш фикр соғломлиги ва шуларга ўхшаш фикр соғломлиги ва ҳукм тоғрилигини маън этадиган ҳожатли пайтларида фатво бермаслик лозим. Пайғамбар (саллоллоҳу лайҳи ва саллам): “Ҳакам ғазабланган ҳолда икки киши ўртасида ҳукм қилмасин!”, дейдилар. Агар мазкур ҳолатлар ҳосил бўлса, то улар кетиб, мўтадил вазият юзага келгунча у фатводан ўзини тийсин.
6. Агар ҳузурида илми ва динига ишонадиган киши бўлса, у билан маслаҳатлашиши керак. Аллоҳ таоло: Ишда улар билан маслаҳатлаш!”, дейди. Хулафои рошидийнлар, хусусан Умар (р.а) доим шундай қилишарди. Чунки машваратдан ўзига махфий баъзи жиҳатлар маълум бўлади Лекин машварат сирни ошкор қилиш кўринишда бўлмаслиги шарт.
7. Муфтий табиб каби одамларнинг сирлари ва бошқаларига номаълум жиҳатларидан хабардор бўлади. Шунинг учун фатво сўровчиларнинг сирларини яшириш лозим бўлади. Чунки одамларнинг муфтийга ишончи қолмаса, воқеъа саҳналарнинг айрим томонлари унга махфий қолиб кетади ва бу ўз-ўзидан фатво тўғри бўлмаслигига олиб келади.

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4 – курс талабаси
Азизова Зилола

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*