Қалбдан чиққан нидо ёҳуд Аллоҳга илтижо…

Аллоҳнинг энг буюк мўжизаларидан бири бўлган инсон, Қуръони Каримда ёки ҳадиси шарифда келган дуоларни ўрганар экан, ўзи учун олам-олам маъно ва маърифат хосил қилади. Инсон аввало, Аллоҳга бўлган ишончини мустаҳкамлаши унинг ҳар бир дуосининг қабул бўлишига бир асосдир. Барчамизга маълумки, ақида ислом дининг энг аввалги устуни, пойдевори десак, ҳеч хато қилмаган бўламиз. Иймони мустаҳкам инсон борки, у Аллоҳга муҳтожлигини ҳис қилади ва фақатгина унга дуо қилган ҳолда нола қилади.
Аллоҳ Таоло ўзининг улуғ китоби бўлмиш Қуръони Каримда шундай хитоб қилади:
وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ
Яъни “(Эй Расулим!) Бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен уларга яқиндурман. Менга дуо қилсалар, дуогўйларнинг дуоларини ижобат қилгайдурман. Ахир, улар ҳам Менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва Менга ҳақиқий иймон келтирсинлар, шояд тўғри йўлда юргайлар”.(Бақара сураси, 186-оят)
Бу ояти Каримадан зоҳир бўладики, инсон доимо ҳар ишда Аллога дуо қилса, Аллоҳ Таоло у инсоннинг дуосини албатта ижобат қилур. Бундан ташқари суннати мутоҳҳараларда келган Расулуллоҳ(с.а.в)нинг сўзларидан ҳам дуо қанчалар улуғ бир ибодат эканлигини билиб олишимиз мумкин:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَعَنِ النَّبِيِّ صَلّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلّمْ قَالَ: لَيْسَ شَيْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللَّهِ مِنَ الدُّعَاءِ.
Абу Ҳурайра(р.а)дан ривоят қилинади:
“Набий(с.а.в):
“Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”,-дедилар”.
Аллоҳ таолонинг муборак исмларидан бири Раҳмондир. Раҳмон барча қулларга меҳрибон демакдир. Бу исм орқали Аллоҳдан паноҳ тилаганларга Аллоҳ паноҳ беради, дуо қилганларнинг дуосини қабул қилади ва ҳожатманд инсонларнинг ҳожатини чиқаради. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг озод қилган қуллардан бўлмиш Зайд ибн Ҳорис(р.а) мунофиқ бир инсон билан сафарга чиқади. Кимсасиз бир ерга келганда мунофиқ уни қаттиқ боғлайди. Зайд ундан сўради:
– Нима сабабдан мени боғлаб қўйдинг?
–Сени йўқ қилишни хоҳлайман.
– Нима учун?
– Чунки сен Муҳаммад (с.а.в.)йўлидасан ва уни севасан.
Зайд мунофиқнинг қарори қатъий эканлигини тушунади ва Аллоҳга ихлос билан шундай дуо қилади.
“Я Раҳмон аъиний”, яъни «Мусулмону-кофир барча-барча қулларнинг меҳрибони бўлмиш Раҳмон Роббим менга ёрдам бер».
Шу вақт мунофиққа: “Уни қўйиб юбор. Нима учун уни ўлдирмоқчисан?”, деган овоз эшитилади. Мунофиқ ҳамма тарафга қарайди, лекин ҳеч кимни тополмайди. Зайдга яқинлашади, яна шундай овоз эшитилади. У ҳайрон бўлади ва атрофда бу гал ҳам ҳеч кимни тополмайди. Зайдни учинчи бор ўлдирмоқчи бўлганда «қўйиб юбор уни» – деган, аввалгидан ҳам баланд ва шиддатли овоз келади. Зайд ибн Ҳорис:
–Сен кимсан?- деб сўрайди.
–Мен Жаброилман. Илк бор дуо қилган вақтингда Сидратул мунтаҳода эдим. Иккинчи марота дуо қилган вақтингда биринчи қават осмонда эдим. Учинчисида эса ёнингга келдим ва сени қутқардим”,-деб айтадилар.
Ривоятдан кўриниб турибдики, ҳар бир қалбдан чиққан нидо, албатта, Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлади. Зеро, дуонинг фазилати шунчалар кучли экан, ҳар қадам ва ҳар бир нафасда Аллоҳ Таолога дуо қилишда бардавом бўлайлик.

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти
4-курс талабаси Комилжонова Розия

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*