ТЕМУРИЙЛАР ДАВЛАТИДА ДИН УЛАМОЛАРИНИНГ МАВҚЕЙИ

Ўзбекистон уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга. Шу давр мобайнида турли давлатчилик анъаналари шаклланган, тараққий этган. Темурийлар даври давлатчилигимиз тарихининг энг ривожланган даври ҳисобланади. Бу даврда илм-фан, маданият ривожланиб ўзига хос ренессанс вужудга келди. Ўз ўрнида шуни таъкидлаш жоиз, бу даврдаги тараққиёт IIХ – ХIIII асрлардаги илмий, маданий юксалишнинг давоми бўлган. Бу тараққиётга сабаб бўлган қуйидаги омилларни санаш мумкин:
1. Сиёсий-ҳуқуқий омил – Амир Темур бошчилигида босқинчи мўғулларга қарши озодлик учун кураш олиб борилган ва юрт зулмкорлардан тозаланган. Унинг ўрнида кучли, марказлашган давлат барпо қилинган. Мамлакатда қатъий қонунчилик, адолатли тартиб-интизом ўрнатилган.
2. Ижтимоий-иқтисодий омил – темирийлар ҳомийлигида кўплаб суғориш тармоқлари ариқ, каналлар қазилиб, қаровсиз, ташландиқ ерлар экин майдонларига айланган ва деҳқончилик ривожига туртки бўлган. Амир Темур юришлари давомида турли шаҳарлардан уста ҳунармандларнинг Мовароуннаҳр шаҳарларига олиб келиниши натижасида ҳунармандчилик ривожланган. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида Олтин Ўрда орқали ўтадиган савдо йўли пойтахт Самарқандга буриб юборилган. Мамлакатда пул ислоҳоти ўтказилган. Бунинг натижасида савдо-сотиқ ривожланиб, шарқнинг бой ўлкалари билан алоқалар йўлга қўйилган.
3. Маънавий-мафкуравий омил – мўғуллар босқинидан аввал юзага келган маънавий, маданий мерос тикланган, илм-фан равнақ топиб мамлакат маънавий ҳаёти юксалган. Темурийлар даврида дин уламоларининг мавқейи янада ошган. Бу даврда Мовароуннаҳрда ва Хуросонда тасаввуфнинг Нақшбандийлик тариқати кенг ёйилган ва жамият ҳаётидан мустаҳкам ўрин олган. Тасаввуфнинг ушбу тариқати муршидлари мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида катта таъсирга эга бўлганлар. Темурийлар даврида машҳур шахслар нақшбандийлик пирларига мурид бўлган эди. Жомий, Навоий, Бобур, Машраб каби шоирлар нақшбандийлик тариқатида эдилар. Улар ўз асарларида нақшбандийлик таълимотини тарғиб этдилар.
Саййид Амир Кулол Амир Темурга мўғулларга қарши бош кўтарганда зафар тилаб фотиҳа берган ва Хоразмга боришни маслаҳат берган, Амир Темур эса мўғуллар устидан ғалабага эришса Самарқанднинг бир йиллик хирожини у кишига назр қилишга қарор қилган. ХИВ асрда яшаб ўтган Мир Кулол Бухорий (тахм. 1288-1371 – йилларда яшаган) – хожагон-нақшбандия силсиласининг йирик намояндаси ҳисобланади. Кулолчилик билан шуғулланганлиги сабабли Мир Кулол номи билан машҳур. “Силсилаи Шариф”да 15-ҳалқанинг пири сифатида келган. Унинг 114 халифаси бўлган. Мир Кулолнинг халифаларидан Баҳоуддин Нақшбанд, Шамсуддин Кулол (Амир Темурнинг пири), Ориф Деггароний энг машҳурлари саналган. Унинг ҳаёти ҳақида “Мақомати Мир Кулол” китоби яратилган.
Соҳибқироннинг яна бир пири бўлган Саййид Барака ҳам катта ҳурмат-эътиборга сазовор шахслардан бўлган. Мир Саййид Барака биринчи учрашувдаёқ Амир Темурга салтанат тимсоли бўлган ноғора ва байроқ туҳфа қилган. Ўзининг руҳий мадади, кўмаги билан ҳамиша Амир Темурга ҳамроҳ бўлган, ҳарбий юришларида унга зафарлар тилаб дуода бўлган. Амир Темур вафот этганидан сўнг васиятига кўра Саййид Бараканинг оёқ томонига дафн қилинган. Улуғ Амирнинг бундай васият қилишини эътиборга олиб бу зотнинг Амир Темур саройида ва давлатида катта нуфузга эга бўлган дейишимиз мумкин.
Нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили Хожа Аҳрор Валий темурийлар давлатида катта нуфузга эга бўлган. Темурийлар сулоласи вакиллари Хожа Аҳрорни ҳурмат қилиб келганлар. У киши тож-у тахт учун курашаётган шаҳзодалар ўртасига тушиб, уларни сулҳ тузишга мажбур қилади, жанжалли ҳолатларни тинч йўл билан ҳал қилишга муваффақ бўлган ва мамлакатни вайронгарчиликлардан халос этган. Темурий Абусаид Мирзо 1451-йили Самарқанд тахти учун бўлган кураш авжига чиққан пайтда ўзига ёрдам беришини сўраб, Хожа Аҳрорга мурожаат қилади. Абусаид Мирзо ва унинг ўғли Султон Аҳмад Мирзо ҳукмронлиги даврида Хожа Убайдуллоҳнинг мавқейи ошади. Чунончи, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг турли шаҳар ва қишлоқларида Хожа Убайдуллоҳга қарашли мол-мулк, ер ва катта бойликлар вужудга келади. Абусаид Мирзонинг фармони билан Хожа Убайдуллоҳга қарашли ерлардан ўндан бир миқдорида солиқ олинган холос. Бошқа ерлардан эса қўшимча солиқлар ҳам ундирилган ва бу деҳқонларни қийин аҳволга солиб қўйган. Шунинг учун кўпчилик деҳқонлар ерларини Хожа Убайдуллоҳга назр қилиш билан унинг номига ўтказиб, ўзлари ўша ерларда ишлашни давом эттиришарди ва қўшимча солиқлардан халос бўлишарди. Хожа Аҳрор бева-бечораларга ва камбағалларга ҳам ёрдам берганлиги тўгрисида тарихий манбаларда маълумотлар бор. Хусусан, тарихчи Мир Саййид Шариф Роқимийнинг “Тарихи Роқимий” рисоласида ёзишича “Хожа Аҳрорнинг махсус ер майдони бўлиб ундан олинган ҳосилни бева-бечоралар ва муҳтожларга тарқатган. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Туркистон ва Хуросонда тутган сиёсий ва ижтимоий юксак мақомидан ташқари, ўзидан қолдирган илмий мероси ва қимматли асарларибилан ҳам диққат-эътибор марказида туради. Хожа Аҳрор ўз мактубларида халқнинг ғамини ейиш , оддий инсонларнинг ҳожатини чиқариш каби хайрли ва савобли ишларга ундарди. Мана шундай инсоний фазилатлари туфайли Хожа Аҳрор “яхшилар қутби”, “шайхлар шайхи” каби сифатлар ҳамда “Аҳрор” (эркин кишиларнинг сардори), “Носируддин” (диннинг ёрдамчиси) лақаблари билан шуҳрат қозонган. Амир Темур давлати марказлашган давлат бўлиб, Шарқ халқлари давлатчилик тажрибалари ва анъаналарини, мустақил давлатчилик учун хос бўлган хусусиятларни, ҳисобга олган ҳолда ўз даври учун мукаммал давлат органлари тизими ташкил этилган эди. Жумладан Амир Темур давлатида давлат сиёсатининг муҳим масалалари ҳал қилинадиган кенгашлар катта аҳамиятга эга бўлган. Кенгашларда Амир Темурнинг қариндош-уруғлари, олий руҳонийлар табақасининг вакиллари ва олимлар, амирлар ва амирул-умаро, бекларбеги, улуслар ва туманлар бошлиқлари, мингбошилар, юзбошилар, ўнбошилар, баҳодир унвонига эга бўлган ҳарбийлар ва бошқалар иштирок этган. Уларнинг мажлис пайтида қаерда ўтириши ёки туриши, мажлисни ўтказиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Бундай кенгашларда дин аҳлининг олий вакиллари иштирок этиши, уларнинг мамлакатда катта нуфузга эга эканликларидан далолат беради. Бунинг эътиборга молик жиҳати шуки, саййидлар, қозилар, уламо. фузало, шайхлар ва улуғлар тахтнинг ўнг томонидан ўрин олганлар. Амир Темур давлатида шайхулислом, садри аъзам каби мансабдор шахслар ҳам фаолият олиб борган.
Шайхулислом – мусулмон жамоасининг бошлиғи бўлган. Садри аъзам – лавозимидаги амалдор катта ваколатларга эга бўлган. Бу ҳақида “Темур тузукларида” шундай дейилади: “Равшан динга ривож беришда қўллаган биринчи тузугим шу бўлдики, саййидлар орасидан лаёқатли биттасини аҳли исломга бошлиқ – садр этиб тайинладим. Барча вақфларни бошқариш ва назорат қилиш учун мутавалли танлашни, ҳар бир шаҳар ва вилоятда қози, муфтий, муҳтасиб тайинлашни унинг ўзига ҳавола қилдим. У саййидлар, уламо, шайхлар ва бошқа арбобларга лойиқ суюрғол белгилаб, ҳар бирининг вазифасини тайин қилсин, дедим”. Мамлакатда ислом қозиси фаолият олиб борган ва у аҳдос қаозиси ва лашкар қозисидан фарқли равишда шариат асосида қарор чиқарган. Амир Темур давлат бошқарувига оид масалалар юзасидан дин аҳллари билан маслаҳатлашиб турган. “Саййидлар, уламолар, шайхлар ва фозилларни ўзимга яқинлаштирдим. Улар менинг саройимга доимо келиб-кетиб, мажлисларимни безаб туришди. Диний, ҳуқуқий, ақлий масалаларни ўртага ташлаб, қимматли фикрлар билдиришарди. Ҳалол ва ҳаромга оид масалаларни мен улардан ўргандим”.
Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, темурийлар давлатида саййидларнинг мавқейи ҳар жабҳада юқори бўлган. Бунинг сабаблари сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин: Аслзодалик ва юқори мавқеларига кўра хожалар, саййидлар сомонийлар давридан бошлаб давлат ишларида муҳим лавозимларни эгаллаганлар. Улар нақиб ул-нуқабо(улуғ нақиб) ва шайхулислом даражаларига эга бўлганлар. Лекин кейинчалик ғайридин бўлган Чингизхоннинг Ўрта Осиёни босиб олиши, илм-фан ва маданият ўчоқлари бўлган масжидлар, мадрасалар, кутубхоналарнинг вайрон қилиниши, олимларнинг қувғинга учраши, маҳаллий мулкдорлар жумладан дин аҳли юқори табақаларининг мол-мулклари талон-тарож қилиниши оқибатида дин пешволари ўзларининг аввалги даражаларини йўқотдилар. Чунончи, “Тузукларда” таъкидланишича кўчманчи мўғулларнинг зулмидан саййид ва саййидзодалардан етмиш киши асир қилиб олиб кетилаётганда Амир Темур уларни қимматбаҳо совғалар эвазига золимлар қўлидан қутқариб олади. Шундан сўнг Соҳибқироннинг саййидлар, хожалар олдида ҳурмати ошиб, уларнинг қўллаб-қувватлашига эришади.
Амир Темур ва унинг ворислари юрт ободлиги йўлида мўғуллур даврида тўхтаб қолган масжид ва мадрасалар қурилишига катта эътибор берган. Кўплаб мулкларни масжид-мадрасаларга вақф қилиб берган, баъзи мадрасалар вақф мулкларидан ташқари давлат хазинасидан ҳам молиялаштирилган. Мадрасаларда ихтисослигига кўра турли фанлар чуқур ўргатилган, мисол учун Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида табиий ва аниқ фанлар жумладан астрономия чуқур ўргатилган. Баъзи мадрасаларда асосан давлат маъмуриятида хизмат қилувчи, давлатнинг дипломатик арбоблари ва лашкарбошилар тайёрланган. Шунга кўра бундай мадрасаларда Кайковуснинг “Қобуснома”, Низомулмулкнинг “Сияр ул-мулк”(Сиёсатнома), Шайх Саъдийнинг “Бўстон” ва “Гулистон” асраларини чуқур ўқитилган. Мадрасалар қайси соҳага йўналтирилишидан қатъий назар унда дастлаб, Қуръон, Ҳадис, фиқҳ, тасаввуф ва бу билан боғлиқ илмлар таълим дастурининг асосини ташкил қилган. Жумладан тузукларда бу борада шундай дейилган: «Ноибларимга катта-кичик ҳар бир шаҳарда масжид, мадраса ва хонақоҳлар қуришни, йўловчилар ва мусофирлар учун йўл устига работлар солишни, дарёлар устига кўприклар солишни буюрдим. Мусулмонларга диний масалалардан таълим бериб, шариат ақидалари ва ислом дини илмларидан тафсир, ҳадис, фиқҳдан дарс берсинлар деб, ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрислар тайин қилдим».
Хулоса қилиб айтганда темурийлар даврида мўғуллар босқини натижасида оёқости ва йўқ қилинган маданий бойликлар, маънавий мерос ва қадриятлар тикланган. Илм масканлари фаолияти йўлга қўйилган ва маърифатга интилиш, комил инсон тарбиясига катта эътибор қаратилган. Бунинг самараси ўлароқ, эл-юрт маънавий ҳаётида Нақшбандийлик тариқати жамият ҳаётида кенг тарқалган, дин уламоларининг мавқелари ошган. Бу давр жаҳон тарихидан ва миллий давлатчилигимиз тарихидан муносиб жой олган.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*