МОЛ-ДУНЁНИНГ ҲИСОБИ БОР!

Аллоҳ таоло “Такосур” сураси охирида бандаларга берилган неъматларнинг ҳеч бири сўроқсиз қолмаслигини эслатиб шундай деган:
“Кейин ўша куни неъматлар ҳақида шак-шубҳасиз сўраласизлар” (“Такосур” сураси, 8-оят).
Яъни, эй бандалар, охират куни дунёда фойдаланганингиз неъматлар ҳақида сўраласиз. Агар уларнинг ҳақини адо этмаган бўлсангиз, ўша неъматлар охиратда сизга бахтсизлик келтиради.
Оятдаги неъматлардан мурод барча моддий, маънавий неъматлардир. Жумладан, қорин тўқлиги, муздек сув, соя-салқин жойлар, тана гўзаллиги, уйқудаги роҳат-фароғат, бадан – қўл, оёқ, кўз, қулоқ каби аъзолар саломатлиги, хотиржамлик, тинчлик, фаровонлик ва ҳоказо.
Икрима раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Кейин ўша куни неъматлар ҳақида сўраласизлар ояти нозил бўлганида саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, қайси неъматлар ҳақида сўраламиз. Ахир қорнимиз тўяр-тўймас арпа нони билан овқатлансак?!” деб савол беришди. Шунда Аллоҳ Пайғамбарига ваҳий қилиб, уларга: “Оёғингизга пойафзал киймайсизларми ёки муздек сувдан ичмайсизларми? Мана шу неъматлардандир”, деб айт”, деди” (Ибн Абу Ҳотим, Абд ибн Ҳумайд ривояти).
Ибн Абу Ҳотим келтирган ривоятда айтилишича, мазкур оят ингач, саҳобалар: “Еб-ичаётганимиз фақат хурмо билан сув бўлса, яна қайси неъматлар ҳақида сўраламиз, эй Расулуллоҳ?” деб сўрашган. Шунда у зот: “Бу нарса яқинда содир бўлади”, деб жавоб қайтарганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қиёмат куни банда биринчи бўлиб неъматлардан сўралади, (унга:) “Танангни соғ-омон қилиб қўймадикми, совуқ сув билан суғормадикми?” дейилади (Термизий ривояти).
Демак, ҳар бир инсон қиёматда ҳисоб-китобдан ўтади: қилган амалларидан ташқари, фойдаланган неъматлари, илмига қай тарзда амал қилгани, мол-дунёни қаердан топиб, қаерга сарфлагани, умрини қандай ўтказганидан ҳам сўралади.

عَنْ أَبِي بَرْزَةَ الأَسْلَمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْئَلَ عَنْ عُمْرِهِ فِيمَ أَفْنَاهُ وَعَنْ عِلْمِهِ فِيمَ فَعَلَ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَ أَنْفَقَهُ وَعَنْ جِسْمِهِ فِيمَ أَبْلاَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالدَّارِمِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қиёмат куни банда умрини қандай (ишлар билан) ўтказгани, илмига қандай амал қилгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани, танасини қайси (ишларда) қаритгани ҳақида сўралмагунича икки қадами (олдинга) силжимайди” (Термизий, Доримий, Байҳақий, Табароний ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Охиратда банда ҳисоб қилинадиган жойга келганида умрини қандай ўтказгани ҳақида сўралади: тоатда ўтказдими ёки маъсиятдами? Вақтини беҳуда ишларга сарфламадими?
Кейин илми ҳақида сўралади: билганига амал қилдими? Амални Аллоҳ розилиги учун бажардими ёки унга риё, сумъа аралашдими?
Кейин мол-дунё ҳақида сўралади: уни ҳалолдан топдими ёки ҳаромданми? Бойликни қайси йўлларга сарфлади: яхшиликками ёки исрофга, бидъат-хурофотларга, гуноҳ-маъсиятга ишлатдими?
Шундан сўнг танаси ҳақида сўралади: уни гуноҳ ишлар қилиб қаритдими ёки Аллоҳнинг тоатида чарчатдими? Белидан мадор, кўзидан нур қайси йўлда кетди? каби саволларга жавоб беради.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهَ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ يَرْضَى لَكُمْ ثَلاَثًا وَيَكْرَهُ لَكُمْ ثَلاَثًا فَيَرْضَى لَكُمْ أَنْ تَعْبُدُوهُ وَلاَ تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَأَنْ تَعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللهِ جَمِيعًا وَلاَ تَفَرَّقُوا وَيَكْرَهُ لَكُمْ قِيلَ وَقَالَ وَكَثْرَةَ السَّؤَالِ وَإِضَاعَةِ الْمَالِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَاللَّفْظُ لَهُ وَالدَّارِمِيُّ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ сизлар учун уч нарсага рози бўлади, уч нарсани ёқтирмайди. У Зот фақат Унинг Ўзига ибодат қилишингиздан, Унга бирон нарсани шерик қилмаслигингиздан, барчангиз Аллоҳнинг арқонидан маҳкам ушлашингиздан, ажралиб кетмаслигингиздан рози бўлади. (Аллоҳ) миш-мишларни, кўп савол беришни, мол зое қилинишини ёмон кўради” (Бухорий, Муслим, Доримий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ривояти ).
Бу ривоятга кўра, Аллоҳ мол-мулкни ўринсиз жойларга сарфлашни, беҳуда ишлатишни хушламайди. Чунки Аллоҳ берган ҳар бир нарса, жумладан, ҳалол бойлик ҳам неъматдир. Аллоҳ бойлик бердими, уни яхшиликка, савобли ишларга сарфлайлик. Зеро, ҳар ишнинг ҳисоби бор. Охиратда бойлигимиз ҳақида ҳам сўраламиз.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*