РИЗҚ ТАЛАБИДА ҲАРАКАТ ҚИЛИШ

Аллоҳ ҳар бир тирик жон ризқини етказиб туради. Лекин бу нарса кишини дангасаликка бошламаслиги керак. Чунки шариатда ризқ талаб қилишга чақирилган, ишёқмасликдан, бировга юк бўлишдан қайтарилган.
Аллоҳ таоло айтади:
“У (Аллоҳ) сизлар учун ерни хокисор – бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Шундай экан, (ернинг) ҳар томонида юринглар, (Аллоҳнинг) ризқ-рўзидан енглар! Ёлғиз Унинг ҳузурига қайтиш бор” (“Мулк” сураси, 15-оят).
Аллоҳ азза ва жалла бандалар учун ерни сокин қилди, қаттиқ силкиниб устидагиларни ҳалок қилмаслиги учун тоғлар билан мустаҳкамлаб қўйди, ердан сув чиқарди: анҳор, дарё, денгизларни яратди. Тирик мавжудотлар фойдаланиши, одамлар зироатда, чорвачиликда манфаат олишлари учун Аллоҳ шундай қилди. Бундан ташқари, Аллоҳ ерда турфа йўлларни пайдо қилди. “Эй инсонлар, ернинг турли-туман жойларида юринг, ризқ талабида ҳаракат қилинг! Унутманг, қиёмат куни дунёда қилган ҳар бир амалингиз ҳақида ҳисоб бериш учун Аллоҳ ҳузурига қайтасизлар” дея таъкидлайди Парвардигоримиз.
Аллоҳ таоло ерни тошдек қаттиқ қилиб қўймади, юриш осон бўлиши, одамлар ерни кавлаб экин экишлари, бино қуришлари учун майин қилди. Агар ер тош, олтин ёки темир каби бўлганида, ёзда жуда исиб, қишда ҳаддан ташқари совиб кетарди. Шунингдек, ер ўликларни бағрига олиб, атроф-муҳитни мусаффо сақлайди, ҳар хил касалликлар тарқалиши олдини олади.
Аллоҳ таоло ҳар бир жонзот ризқини белгилаб қўйгани айтилди. Мавжудотлар ўша ризққа эришиш учун сабабларни ишга соладилар, ризқ излайдилар. Бироқ ризқ топишда ёлғиз ҳаракатнинг ўзи етмайди. Бунда таваккул ҳам шарт. Зеро, ҳаракат билан таваккул бир-бирига мувофиқ нарса. Таваккул – қалб иши, ҳаракат – аъзолар иши. Чунончи, ризқ топишда биринчи галда Аллоҳга таваккул қилинади: ризқ Аллоҳдан эканига имон келтириб, У Зот мададига суянган ҳолда, ишларни енгил қилиши сўралади. Сўнг ризқ излашга ўтилади. Бу иккиси бир-бирига зид эмас. Бири иккинчисиз бўлмайди. Фақат таваккул қилса-ю, интилиш бўлмаса, банда текинхўрга айланиб қолади. Оқибатда қашшоқлашиб, хорликка юз тутади, обрўъ-эътиборидан айрилади. Аксинча, таваккул қилмаса-ю, фақат ҳаракат қилишнинг ўзи билан чекланса, “Ризқ топиш фақат ўзимга боғлиқ. Ўзимни ўзим боқаман. Аллоҳнинг ёрдамига муҳтожмасман”, деб ўйласа, ширк томон кетиб қолади.
Аллоҳ таоло айтади:
“Қачон намоз адо этилса, ер (юзи)да тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқ-рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топсангиз” (“Жумъа” сураси, 10-оят).
Яъни, жума намози ўқиб бўлингач, ер юзи бўйлаб тарқалинглар, тижорат, касб-кор билан шуғулланиб, ҳожатларингизни раво қилинглар, Аллоҳдан ҳалол ризқ сўранг, олди-сотди пайтида, тирикчилик билан машғул вақтингизда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Дунё талабида бўлиб, охиратда наф келтирадиган ишлардан чалғиб қолманг. Шояд Аллоҳ розилигини қозонсангиз, улуғ ажр-мукофотларга эришсангиз.
Ривоят қилинишича, Ирок ибн Молик жума намозини ўқиб, ташқарига чиқиб кетарди. Кейин масжид эшиги олдида туриб: “Ё Аллоҳ! Сенинг даъватингга ижобат этдим, фарз қилганинг намозни ўқидим, буюрганингдек ер юзи бўйлаб тарқалдим. Энди менга Ўз фазлингдан ризқ-рўз бер. Зеро, Сен ризқ берувчиларнинг энг яхшисисан!” деб дуо қиларди (Ибн Касир, “Тафсирул қуръонил азим”).
Бу ерда қуйидаги жиҳатларга аҳамият бериш зарур:
1. Намоздан кейин кундалик ишлар билан машғул бўлиш, тирикчилик қилиш яхши экани.
2. Тижорат, касб-кор кишини зикрдан тўсиб қўйиши. Ғафлатда қолмаслиги учун Аллоҳни эслашга чақирилмоқда.
3. Турганда, ўтирганда, юрганда, ҳатто ёнбошлаган ҳолда Аллоҳни кўп зикр қилиш бахт-саодатга эришиш воситасидир.

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ يُحِبُّ الْمُؤْمِنَ الْمُحْتَرِفَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْحَكِيمُ التِّرْمِذِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўминни яхши кўради” (Табароний, Ҳаким Термизий, Байҳақий ривояти. Ҳадис санади заиф).
Аллоҳ таоло ўзига ҳақиқий имон келтирган, ризқини ҳалол йўллар билан топадиган, бировга оғирлиги тушмайдиган кишини яхши кўради. Аллоҳ таоло суйган банда бўлиши учун қалбда имон бўлиши керак. Имон барча яхшиликлар бошидир. Имонсиз кимсага бошқа фазилатларнинг тариқча нафи йўқ.

وَعَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: التَّاجِرُ الْجَبَّانُ مَحْرُومٌ وَالتَّاجِرُ الْجَسُورُ مَرْزُوقٌ. رَوَاهُ الْقُضَاعِيُّ فِي مُسْنَدِ الشِّهَابِ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Дангаса тижоратчи маҳрум, шижоатли тижоратчи ризқланувчидир” (Қузоий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).
Ҳадисдаги “маҳрум бўлиш” ризқдан бутунлай ажраб қолиш эмас. Чунки, ҳар ким имконига қараб иш тутади. Бироқ кишининг ризқ талабидаги ҳолати – ҳаракатчанглиги ёки дангасалиги ризқи кенг ёки тор бўлишига таъсир ўтказади. Ҳадисда таъкидланганидек, ишёқмас тижоратчи ризқ баракасидан мосуводир. У лаёқатсизлиги туфайли мўмай даромаддан қуруқ қолади. Чапдаст, уддабурон, изланувчан тижоратчи эса ниятини холис қилиб, яхшиликка интилади, ишларини маромига етказиб бажаради. Ўша иш орқасидан ютуққа эришади. Ҳаракатчан бандани Аллоҳ яхши кўради. Унга осуда турмуш, фаровон ҳаёт беради.
Бир нарсани эслатиб ўтиш лозим: бу ҳадис бутун ҳаётини тирикчиликка бағишлашга, дунёга ташна бўлишга эмас, ризқ талабида ҳаракат қилишга, ўз ишига пишиқ бўлишга чақиради, касб-корни ташлаб қўйиб, ўзгаларга юк бўлишдан қайтаради.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لأَنْ يَأْخُذَ أَحَدُكُمْ حَبْلَهُ فَيَحْتَطِبَ عَلَى ظَهْرِهِ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَأْتِي رَجُلاً فَيَسْأَلَهُ أَعْطَاهُ أَوْ مَنَعَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, уловига юклаб (бозорга олиб бориб сотиши) бир киши олдига тиланчилик қилиб келишидан: унинг бериши ёки ман этишидан яхшироқдир” (Бухорий, Насоий, Аҳмад ривояти).
Бу ҳадисда тиланчилик билан ўзини хор қилишдан кўра тоққа чиқиб, ўтин териб кун кўриш афзаллиги таъкидланмоқда. Тоғ-тошларда юриб, ўтин териб тирикчилик қилиш қийин. Бу жуда сердаромад иш ҳам эмас. Бироқ одамлар эшиги олдида сарғайиб, бирон нарса сўрашдан минг марта яхши. Мана Ислом дини нимага чақиради? Ҳа, шариатимизда иффат, ҳаё улуғ фазилат ҳисобланади, ўз меҳнати, пешона тери билан рўзғор тебратишга тарғиб этилади. Бу ерда енгил-елпи, ҳаром-ҳариш йўллар билан даромад топиш илинжидаги кимсаларга қаттиқ раддия берилмоқда.
Хулоса ўрнида амирул мўминин Умар розияллоҳу анҳунинг сўзини келтирамиз: “Сизлардан биронтангиз касб-кор қилмасдан бир жойда ўтириб олиб: “Эй Аллоҳ, менга ризқ бер”, демасин. Чунки, осмондан олтин ёки кумуш ёғилмаслигини яхши биласиз” (Абу Ҳомид Ғаззолий, “Иҳёу улумид дин”).

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*