ИДРИС (АЛАЙҲИССАЛОМ) ҚИССАСИ

Тарихчи олимларнинг китобларида Идрис (алайҳиссалом)нинг насаблари қуйидагича келтирилган: Идрис ибн Йорид ибн Маҳлойил ибн Қайнон ибн Ануш ибн Шис ибн Одам (алайҳиссалом).
Айтиладики: Унинг исми «Таврот» ва «Инжил»да «Хунух» тарзида келган. Арабчасига «Ахнух» шаклида бўлади. Қуръони каримда Идрис (алайҳиссалом) тўғрисида қисқа тарзда маълумот бериб ўтилади. Аллоҳ таоло айтади: «Яна ушбу китобда Идрис (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй Пайғамбар эди. Ва биз уни юксак мартабага кўтардик» (Мар­ям, 56–57).
Яъни, Эй Муҳаммад, Биз сизга нозил қилган бу Китобда Ид­рис (алайҳиссалом)нинг хабарини эсланг, зеро у содиқ ва Биз уни пайғамбарлик билан шарафлаган кимсалардан эди.
«Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик» ояти у кишининг Аллоҳ таоло даргоҳида улуғ мақомга эга эканликларидан дарак беради.
Баъзи уламолар: «Ушбу оятдан мурод, олий макон бўлмиш жаннатдир, у киши ўша ерда маскан топганлар, зеро, бундан ҳам олийроқдир», деб айтишган.
Алусий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Идрис Нуҳ (алай­ҳиссалом)дан олдинги пайғамбар эди, ораларида 100 йил ўтган».
У киши илк бор юлдузларни кузатиб, ҳисоб-китоб қилган инсон ва Одам (алайҳиссалом)дан сўнгги энг биринчи расул (элчи)лардан эдилар.
Идрис (алайҳиссалом) Исро ва Меърож кечалари Набий (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) учратган пайғамбарлар орасида бор эдилар. «Саҳиҳайн»да Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­дан ривоят қилинади: «Мен Идрис (алайҳиссалом)ни олдига келиб, унга салом бердим. У эса: «Хуш келибсиз, биродар ва пай­ғамбар», деб жавоб берди».
Аллоҳ таолонинг Китоби ёки суннати набавийяда Идрис (алайҳиссалом) юборилган қавм ҳақида бирон хабар айтилмаган. Лекин тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Идрис (алайҳиссалом) Ироқдаги Бобил шаҳрида туғилганлар. Аллоҳ таоло у кишини Бобил аҳлига юборган, сўнгра Мисрга ҳижрат қилганлар ва аҳ­лини Аллоҳ таоло учун холис ибодат қилишга чақирганлар. У кишига эргашган эргашди, юз ўгирган юз ўгирди, лекин Идрис (алайҳиссалом) токи Аллоҳ таоло билан учрашгунча одамларни ибодатга чақиришда давом этдилар.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*