Ота-она ўрнини ҳеч ким босолмайди

Ота-она учун фарзандининг чиройли хулқи, одоби муҳимдир. Одобли боланинг ота-онаси камбағал бўлса ҳам ҳеч айб эмас. Чунки ҳар бир нарса Яратганнинг хоҳиши ва иродасига боғлиқ. Ота-онасининг фақирлигини айб санаш, буни уларнинг ўзига айтиб, тақдирини нолиш жуда катта хатодир.
Эй фарзанд, сенинг ота-онанг ҳаёт экан, соғ-саломат экан, уларнинг қадрига ет, ғанимат бил. Шуни унутмаки, ота-онанинг камбағаллиги камчилик эмас. Аслида фарзанднинг одобсизлиги ниҳоятда катта камчиликдир. Одобсиз боланинг ота-онаси бой, мартабали ёки олим бўлса ҳам одамлар назари, эътиборида бўлмайди. Ундай бола ота-она шаънига иснод келтиради. Фарзанди туфайли обрўъ-эътибордан қолган ота-она касалликка чалинади, вақтидан эрта қарийди, умри қисқаради.
Одобли боланинг ота-онаси нақадар фақир ва камбағал бўлса ҳам боласи туфайли қадрли ва ҳурматли бўлади. Эл-юрт орасида ҳурматда, иззатда бўлган ота-онанинг соғлиғи яхши, руҳи тетик бўлади. Тенгдошларига нисбатан ёш кўринади, умри узаяди. Шунинг учун сен одобли ва яхши бола бўлишинг керак. Шунда ота-онангни ҳурмат қилган, уларни хурсанд қилган ва қадрларига етган бўласан. Зеро, ота-онангнинг ўрнини ҳеч ким босолмайди.
Эй фарзанд, атрофингга қара ва ота-оналарнинг ўз фарзандларига қилган ишларини фикр қил. Ана шунда ота-онанг сени тарбиялаш ва сени касаллардан даволатишда бошларидан кечирган қийинчиликларни билиб оласан.
Онанг сени тўққиз ой қорнида кўтарган вақтида қанча-қанча оғриқларни тортди. Ва қанча-қанча машаққатларни бошидан ўтказди. Сени эмизиш, сени ювиб тараш, иссиқ-совуқдан сени ҳимоя қилишда у бечора кўп кеча ва кундузларни қийинчиликда ўтказди.
Сен улғайгач, сенга қандай эмаклаш, қандай юриш, қандай ейиш ва ичиш, қандай гапириш, барча-барчасини ўргатди. У ҳар куни сен учун таом ва чой тайёрлайди. Кийимларингни ювади. Сенга ётиш учун жой солади. У сени кўриб кўзи қувонади, қалби шодланиб орзу-умидларга чўмади.
Отанг эса ишлаб Аллоҳ берган ризқни топиш учун ҳар куни уйидан чиқиб кетади. Сенинг роҳатингни ўйлаб қийналади, меҳнат қилади. Сенинг ейишинг, ичишинг, кийинишинг, турар жойинг ва таълим олишинг учун пул тўплайди. У сени яхши кўради ва сени ҳаётингда ютуқларга эришиб, ишларингда муваффақият қозониб яшашингни кўришидан ҳам кўпроқ бирон нарсани яхши кўрмайди.
Шунинг учун сен ота-онангга итоат қилишинг ва уларга яхшилик қилишинг керак.
Ота-онага яхшилик қилишнинг аввали уларга итоат қилишдир. Чунки улар болаларини зарарли нарсага буюрмайди. Агар улар касал бўлиб қолсалар, уларни давола, агар ожизланиб камбағал бўлиб қолсалар, уларга пулдан ёрдам қил. Одамлар ота-онангни сўкмасин десанг, сен уларнинг ота-оналарини сўкма. Уларга мулойимлик билан гапир. Уларнинг сўзидан сиқилма. Агар тирик бўлишса, уларга узоқ умр сўраб, вафот этишган бўлсалар, раҳмат сўраб уларнинг ҳаққига дуо қил. Бу сени тарбия қилганликлари ва ёшлигингда меҳрибон бўлганликлари эвазига уларга мукофот бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*