КИБР, ҒУРУР, КУФРОНИ НЕЪМАТ

Қуйида қуръоний қиссалардан учтасини келтирамиз. Уларни ўқисак, беҳисоб бойликка эга бўлатуриб, неъматларга ғарқ ҳолда яшаб кибр-ҳаво қилиш, мол-дунёси билан керилиш қандай оқибатларга олиб боришини биламиз.
Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибр-ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоага ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этгандик. Ўшанда қавмдошлари унга: “Ховлиқма. Чунки Аллоҳ ховлиқма кимсаларни суймайди. Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират диёри (ободлиги)ни иста, дунёдан бўлган насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам инфоқ-эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кишиларни суймайди”, деганларида, у: “Менга (бор мол-давлатим) фақат ўзимдаги билим туфайли ато этилган”, деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан ундан кўра қувватлироқ, жамғармаси кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмадими?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам! Сўнг қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ қани энди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган мол-дунё бўлса?! Ҳақиқатан, у улуғ насиба эгасидир!” дедилар. Илм-маърифат ато этилган кишилар эса: “Ўлим бўлсин сизларга! Имон келтирган, яхши амаллар қилган кишилар учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! Унга фақат сабр-қаноатли кишиларгина эришади”, дедилар. Бас, Биз Қорунни ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам ерга юттирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади, унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади. Куни кеча унинг мартабасини орзу қилиб турганлар: “Воажаб! Аллоҳ бандаларидан ўзи хоҳлаган кишилар ризқини кенг қилиб, (Ўзи хоҳлаган бандалар ризқини) танг қилиб берар экан-да?! Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида бизларни ҳам (ерга) юттирган бўларди. Воажаб! Кофир кимсалар нажот топмас экан-да!” деб қолишди” (“Қасас” сураси, 76-82-оятлар).
Аллоҳ таоло бойлигига ишониб ғурурга кетган, мўминларга озор берган Қурайш қабиласи киборлари диққатини мол-дунё ўткинчилигига қаратмоқда, имонсиз киши қўлидаги давлат унга зиён етказишига мисол қилиб Қорун қиссасини келтирмоқда.
“Албатта Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибр-ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоага ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этгандик. Ўшанда қавмдошлари унга: “Ховлиқма. Чунки Аллоҳ ховлиқма кимсаларни суймайди”, (дедилар)”.
Қорун Бани Исроил қавмидан эди (Баъзи муфассирлар айтишича, Мусо алайҳиссалом қариндоши бўлган). Аллоҳ унга жуда кўп мол-дунё берган. Хазинаси калитлари оғирлигидан, уни билаги куч-қувватга тўла бир гуруҳ эркаклар ҳам кўтара олмасди. Қорун Парвардигорига шукр қилиш ўрнига туғёнга кетди, манманлик кўчасига кирди, бойлиги билан ғурурланди. Шунда қавми унга:
– Сен бойлигинг билан хурсанд бўлма, манманлик қилма! Чунки Аллоҳ неъматларга шукр қилмайдиган, охиратни унутган мутакаббир, шошқалоқ кишиларни яхши кўрмайди, – дея насиҳат қилди.
Улар яна шундай дейишди: “Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират диёри (ободлиги)ни иста, дунёдан бўлган насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам инфоқ-эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кишиларни суймайди”.
Яъни, Аллоҳ сенга берган беҳисоб бойликни охиратинг ободлиги учун сарфла, У Зот тоати йўлида бойлигингдан унумли фойдалан. Шу билан бирга, дунёдаги насибангни: ейиш, ичиш, кийиш кабиларни ҳам унутиб қўйма. Зеро, Аллоҳнинг сенда ҳақи бор. Нафсингнинг сенда ҳақи бор. Ҳар бир ҳақдор ҳақини адо эт. Аллоҳ сенга мол-дунё бериб яхшилик қилган. Сен ҳам Аллоҳнинг бандаларига инфоқ-эҳсон қилиш билан яхшилик қил. Аммо, мақсадинг Ер юзида бузғунчилик қилиш, Аллоҳ яратган мавжудотларга зарар етказиш бўлмасин. Зеро, Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймайди.
Қорун қавми айтган гапга кирмади, уларнинг насиҳатига зор эмаслигини билдириб: “Менга (бор мол-давлатим) фақат ўзимдаги билим туфайли ато этилган”, деди.
Қорун – Аллоҳ уни яхши кўргани учун мол-дунёга эришганини – даъво қилди. Унинг гапига Аллоҳ таоло жавоб тариқасида дейди:
“Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан ундан кўра қувватлироқ, жамғармаси кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмадими?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам!”
Қорундан аввал қанчадан-қанча куч-қувват, мол-дунё эгалари ўтмади. Аллоҳ яхши кўргани учун уларга бойлик бергани йўқ. Балки имонсизликлари боис Аллоҳ ўша қавмларни ҳалок этди. Охиратда ношукр кимсалар гуноҳлари ҳақида сўралмай туриб жаҳаннамга улоқтирилади.
“Сўнг қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ қани энди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган мол-дунё бўлса?! Ҳақиқатан, у улуғ насиба эгасидир!” дедилар”.
Кунларнинг бирида Қорун қавми олдига чиройли кийимларни кийиб, ясан-тусан қилиб чиқди. Дунё ҳаёти зийнатига ўч кимсалар Қорунга ҳаваслари келиб:
– Эҳ, қани бизларга ҳам Қорунникидек бойлик берилганида… Чиндан ҳам, Қорун ризқли, насибали кишидир! – дейишди.
“Илм-маърифат ато этилган кишилар эса: “Ўлим бўлсин сизларга! Имон келтирган, яхши амаллар қилган кишилар учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! Унга фақат сабр-қаноатли кишиларгина эришади”, дедилар”.
Илм соҳиблари ўзларига ҳам худди Қорунникидек бойлик ато этилишини орзу қилиб турганларга қарата:
– Сизларга ҳалокат бўлсин! Нимани хоҳлаяпсизлар ўзи?! Ахир Аллоҳ охират диёрида солиҳ бандалари учун тайёрлаб қўйган мукофоти сизлар кўриб турган мана шу ўткинчи матоҳлардан яхши-ку?! Охират куни жаннатни қўлга киритиш Аллоҳ таолога ибодатда, итоатда сабр қилган кишиларгагина насиб этади, – дедилар.
Шундан сўнг Қоруннинг оқибати қандай бўлгани баён этилади: “Бас, Биз Қорунни ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам ерга юттирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади. Унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади”.
Қорун чиройли кийимларни кийиб, қавми олдида ўзини мағрур тутиб турганида Аллоҳ уни, уй-жойларини ерга юттирди. Қорундан ҳам, ҳовли-жойи, мол-дунёси, хазиналаридан ҳам ном-нишон қолмади. Қорун учун Аллоҳнинг азобидан қутқариб қоладиган биронтаям ёрдамчи топилмади. Шунча бойлиги, хазинаси унга зиғирчаям фойда бергани йўқ.
“Куни кеча унинг мартабасини орзу қилиб турган кимсалар: “Воажаб! Аллоҳ бандаларидан ўзи хоҳлаган кишилар ризқини кенг қилиб, (Ўзи хоҳлаган бандалар ризқини) танг қилиб берар экан-да?! Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида бизларни ҳам (Ерга) юттирган бўларди. Воажаб! Кофир кимсалар нажот топмас экан-да!” деб қолдилар”.
Кечагина Қоруннинг бойлигига, мартабасига ҳавас қилиб турганлар у йўлиққан балони кўзлари билан кўргач:
– Қаранглар, Аллоҳ хоҳлаган бандаси ризқини кенг қилиб, хоҳлаган бандасиникини тор қилиб қўяр экан? Агар Аллоҳнинг марҳамати, лутф-карами бўлмаганида, У Зот бизларга ҳам худди Қорунникидек мол-дунё бериб, сўнг ерга юттириб юборарди. Шубҳасиз, Қорун Раббига кофир бўлди, имон йўлини тутмади. Кофирлар эса Аллоҳнинг азобидан қутулолмайди, охиратда нажот топмайди, – дейишди.
Энди, иккинчи қиссага ўтамиз. Уни ўқиб, мушоҳада қилиб, Од қабиласи нонкўрлиги қай даражада бўлганини билиб оламиз.
Аллоҳ таоло айтади:
“Энди Од (қабиласи)га келсак, улар Ер юзида ноҳақ кибр қилдилар, “Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?” дедилар. Ахир улар ўзларини яратган Зот – Аллоҳ куч-қувватда улардан зўрроқ эканини билмадиларми?! Улар Бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлдилар. Шунда Биз уларга мана шу ҳаёти дунёда хор-расво қилувчи азобни тотдириб қўйиш учун шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса янада хор қилувчироқдир. Уларга ёрдам берилмайди” (“Фуссилат” сураси, 15-16-оятлар).
Од Ҳуд алайҳиссалом қавми бўлиб, Нуҳ алайҳиссалом қавми кучли тўфон балосига йўлиққач, Ер юзида ўринбосар қилиб қўйилганди. Аллоҳ уларга мўл-кўлчилик, куч-қувват, фаровон ҳаёт ато этганди. Аммо улар Парвардигорларига шукр қилиш ўрнига туғёнга кетишди, осий бўлишди, имкониятларини юқори баҳолаб, ғурур билан:
– Куч-қувватда бизга тенг келадигани йўқ! Ҳеч ким бизни ўзига бўйсундиролмайди. Биронтаси бизга зулм қилолмайди! – дейишди. Лекин Аллоҳ уларни тергаш маъносида қуйидагича жавоб қайтарди:
– Улар кимга қарши адоват қилаётганларини ўйлаб кўрмайдиларми?! Аллоҳ Улуғ Зотдир. У барча нарсани яратган, чексиз куч-қувват Эгасидир. Аллоҳнинг азоби қаттиқ, хоҳлаган бандасини жазолашга Қодир.
Од қавми пайғамбарларга берилган мўъжизалар Аллоҳ тарафидан эканини биларди. Бироқ билиб туриб инкор этарди. Шу сабаб Аллоҳ уларнинг устига тез эсадиган совуқ шамол – шиддатли бўрон юборди. Бу, қилмишларига яраша дунёда тотиб кўришлари учун туширилган азобнинг бир кўриниши эди холос. Бироқ охират азоби бундан ҳам қаттиқроқ, хорликка олиб борувчидир. Улар қиёмат азобидан қутқарувчи бирон ёрдамчи тополмайдилар.
Учинчи қиссада ҳар томонлама неъматларга буркаб қўйилган Сабаъ қабиласи ҳақида сўз боради. Аллоҳ таоло айтади:
“Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида бир аломат бор эди – ўнг томон ҳам, чап томон ҳам боғ бўлиб, (Биз уларга:) “Парвардигорингиз ризқидан баҳраманд бўлинглар, У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳар, (Парвардигорингиз) мағфират қилувчи Парвардигордир”, (деган эдик). Бас, улар юз ўгиришгач, устларига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни юбордик, боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор, яккам-дуккам бутазор “боғлар”га айлантириб қўйдик. Кофир бўлганликлари сабаб уларни мана шундай жазоладик. Биз фақат кофир кимсаларни жазолаймиз!” (“Сабаъ” сураси, 15-17-оятлар).
Сабаъ қабиласи Яманда истиқомат қиларди, Од қабиласидек фаровон ҳаёт кечирарди. Водийнинг ўнг ва чап тарафида мевали боғлари бўлиб, ўша водийга бир тўғон бино қилгандилар. Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбориб, ризқ-рўзлардан хоҳлаганча фойдаланиб, неъматларига шукр қилиш, Ўзигагина ибодат қилиш лозимлигини билдирди. Яшаб турган шаҳарлари покиза, фаровон шаҳар, ризқ бераётган Парвардигорлари гуноҳларни кечирувчи Зот экани айтилди. Бироқ Сабаъ қабиласи Аллоҳга ибодат қилишдан, неъматлар шукрини адо этишдан бўйин товлади, нонкўрлик қилди. Бу қилмишлари жазосиз қолиб кетмади. Аллоҳ улар тиклаган тўғонни вайрон қилди. Натижада сув тошиб, унумдор ерларни, ғарқ пишиб турган меваларни бир зумда пайҳон этди. Улар учун фахр бўлиб турган, кўзларини қувонтираётган хушманзара, сўлим боғлари бир деганда завол топди: мевалари аччиқ, мазасиз қилиб қўйилди, дарахтлари қуриб битди.
Берилган неъматларга ношукр бўлганлари учун Аллоҳ Сабаъ қабиласини шундай азоблади. Бу фақат мазкур қабилага хос эмас. Аллоҳга, У Зот тортиқ этган неъматларга нонкўрлик қиладиган кимсалар мана шундай жазога муносибдир.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*