ҚЎШНИГА ЕТКАЗИЛАДИГАН АЗИЯТНИНГ КИЧИГИ БЎЛМАС

Умму Салама онамиздан ривоят қилинади : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим, бир пайт (ҳужрамизга) қўшнимизнинг қўйи кириб қолди ва сутрамиздан (яъни егуликлар сақланадиган пана жойдан) битта обинонни олиб кета бошлади. Мен дарҳол ўрнимдан туриб, унинг жағидан нонни суғуриб олдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Эй Умму Салама) уни бўйнидан бунақа сиқиб олмаслигинг керак эди, қўшнига етказиладиган азиятнинг кичиги бўлмайди», дедилар” (Табароний, Хаттобий ва Хароитий ривоятлари).
Ушбу ҳадисда ҳикоя қилинган воқеа ҳам қўшниларнинг ҳақ-ҳурмати нақадар буюклигини кўрсатади. Афтидан Умму Салама онамиз (разияллоҳу анҳо) нонни олиб кетаётган “ўғри қўйни” осонлик ва мулойимлик билан тутиб олмаганлар. Эҳтимол қўй ҳуркиб қоча бошлаган бўлса, уни қўлдан чиқариб юбормаслик учун тез ҳаракат қилиб, куч билан бўйнидан қучоқлаб олганлар. Зеро, куч ишлатилмаса, унча-мунча қўй осонгина бўйин бермайди. Кейин у киши ҳалиги нонни қўйнинг оғзидан чиқариб олганлар. Буни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Эй Умму Салама) унинг бўйнидан бунақа сиқиб олмаслигинг керак эди, қўшнига етказиладиган азиятнинг кичиги бўлмайди”, дея танбеҳ берадилар. Шунга кўра Умму Салама онамизнинг қўшнига оид бўлган, гап тушунмайдиган бир жонивор қиёфасидаги чақирилмаган меҳмондан ўз нонини қайтариб олиш учун мажбуран қилган хатти-ҳаракатлари ҳам Набий алайҳиссалом томонларидан қўшнига нисбатан озор ўлароқ баҳоланди. Ҳадиснинг бошқа ривоятларида “уни бўйнидан бунақа сиқиб олмаслигинг керак эди” жумласи тушиб қолади ва фақатгина Пайғамбаримизнинг: “қўшнига етказиладиган азиятнинг кичиги бўлмайди” деган сўзларигина келтирилади. У ҳолда нафақат қўшнининг жониворини куч билан тутиб олиш, балки унинг оғзидаги нонни тортиб олиш ҳам қўшнига етадиган кичик бир азият эканлигини тушуниш мумкин, валлоҳу аълам.
Мазкур ривоят нима бўлганда ҳам қўни-қўшниларга тааллуқли ишларда диққатли бўлиш кераклигини ҳамда уларга етказиладиган азият ва озорнинг катта-кичиги бўлмаслигини англатади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*