Таълим ва тарбия уйғунлиги

Тарбия – жиддий, узоқ муддатли, хатто доимий мураккаб жараён. Муаян одоб доирасида бўлиш, яхши одатларга ўрганиш, яхши ном қолдиришга интилиш инсониятга хос хусусиятлардир. Оддий кўринган одобсизликдан улкан ижтимоий иллат туғилиши ҳеч гапмас. Одобли бўлиш одамдан ортиқча нарса талаб қилмайди, лекин ундан кўп нарса топади.
Инсон ҳаётининг ҳар бир даври учун ўзига хос тарбиявий босқичлари бўлади. Масалан, болани энди тили чиқа бошлаган пайтиданоқ салом беришга ўргатилмай қолса, у ёши улғайганда ҳам саломнинг моҳиятига етиб бормайди, ҳатто берилган саломларни ҳам жавобсиз қолдиради. Муайян ёшдан ўтгандан сўнг одамга энг оддий бўлган саломлашиш одобини ўргатиш ҳам қийин кечади. Болада қайсики бир одоб-ахлоқ мезони маромига етмаган бўлса, бу борада шу одамда бўшлиқ пайдо бўлиб, у бир умр ўзининг кемтиклигини намоён этади.
Мураккаб ҳаёт синовларини бошидан кечирган ота-боболаримиз бежизга “Олим бўлма, одам бўл” деб нақл қилишмаган. Буюк алломалар ўз шогирдлари борасида тарбияни биринчи ўринга қўйишган. Шундан сўнггина таълим билан шуғулланишган. Чунки қунт қилинса илимни эгаллаш мумкин, ўзи хоҳламаса тарбияни эгаллаб олиши жуда ҳам машаққатли ишдир. Имом Шофий (р.а) “Ўзини гуноҳ ва бадхулқлиликдан сақлай олмаган кишига илм фойда бермайди”, деганлар.
Тарбия учун ҳаётда вақт бемалол эмас, ҳар бир вақт долзарбдир, у қанча қўлдан бой берилса, унинг ўрнини тўлдириш шунчалар мураккаблашиб бораверади. Таълим ва тарбиянинг мутоносиблигини вужудга келтирилш керак. Яъни тарбия яхши бўлиб, таълим етарсиз бўлса, яхши мутахассис етишиб чиқмайди, Таълим яхши бўлиб, тарбияда нуқсон кузатилса, бундай мутахассис ҳам нуқсонли бўлади. Демак, таълим ва тарбия ўртасида ҳеч қачон узилиш бўлмаслиги керак.
Таълимга тарбия орқали борилса, унинг самараси шубҳасиз юқори бўлади. Яъни тарбияли одам илм билан шуғуллана бошлши, демак, у илмга онгли равишда кириша бошлаганидир. У муайян яратувчанлик ва эзгулик йўлидаги мақсадни кўзлаб фаолиятини ташкил этадики, бу фаолият тартибли, гўзал ҳолатда амалга ошади. Тарбиясизларнинг бундай ишларида эса, шубҳасиз пала-партишлик кузатилади. Буюк олимлар, малакали мутахасислар ўзларининг мақсад ва ютуқларига тарбия орқали эришган.
Таълим беназир муқаддас нарса бўлишига қарамай, баъзан унга эриша бориш билан кишида кибру ҳаволик ҳиссиёти, нафс оташини пайдо бшлиши кузатилади. Озгина илмга эга бўлиш билан бошқаларни менсимаслик ва писанд этмаслик ҳолатлари вужудга келади. Дунёда ҳеч бир куч тарбиячалик таълимда юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олиб, тўсиқ қўя олмайди. Шу нарсани ҳам қайд этиш керакки, таълимни кечи бўлмагани баробарида тарбияда кечикиш кечириб бўлмас хатоликларни келтириб чиқаради.
Ҳар қандай хароба иморатни ҳам таъмирлаб, реконструкция қилиб, унга аввалги ҳолатига нисбатан анча кўрк бериб, қулай ва шинам шароитни яратиш мумкинлигидек, таълим-тарбия иншоотида ўзгаришлар ясаш ва яхши турмуш тарзини вужудга келтириш мумкин. Айнан мана шу нарса ўз хатосини кеч бўлсада англаб етадиган инсонларни тушкунликка тушмай, ўз-ўзини ислоҳ этмоғи ва ўз-ўзини тарбиялашга куч топиши учун асос бўла олади. Яъни чин маънода айтиш мумкинки, энг ўжар нарса бўлган инсон фъел-атворини шакллантириш ва ижобий томонга ўзгаришида ундаги таълим-тарбиянинг мужассамлиги муҳим аҳамият касб этади.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси Гулобод Қурбонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*