Расулуллоҳ тушлари

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдодни ўқиб бўлсалар, бизларга юзларини ўгириб туриб:
“Сизлардан биров кечаси туш кўрдими ? ” -дер эдилар.
Биров кўрган бўлса, айтиб берар эди. У зот Аллоҳ хоҳлаган нарсани айтар эдилар. У зот бир куни биздан:
“Сизлардан биров кечаси туш кўрдими ? ” – деб сўрадилар.
“Йўқ”, – дедик биз.
Шунда у зот:
“Лекин мен бу кечаси туш кўрдим. Икки киши олдимга келди. Қўлимдан ушлаб, муқаддас ерга чиқардилар. Қарасам, бир киши ўтирибди, бир киши тик турибди. Унинг қўлида темир илмоқ бор ва уни ҳалигини лунжидан тиқиб бўйнининг ортидан чиқармоқда. Кейин бошқа лунжини ҳам шундоқ қилмоқда. Бу лунжи битиб қолса, яна қайтадан ўшандоқ қилмоқда. Бас, мен:
“Бу нима?” дедим.
“Қани, юр”, деди икковлари. Биз юриб кетдик. Охири чалқанча тушиб ётган одамга етиб бордик. Унинг бош тарафида бир киши тик турибди. Унинг қўлида тош ёки харсанг бор. У билан ҳалигининг бошига урмоқда. Қачон уни урса тош думалаб кетади. У уни олгани боради. У ҳалигини олдига қайтиб келганда боши битиб, аввалги ҳолига қайтиб қолган бўлади. У яна қайтадан уради. Бас, мен:
“Бу нима?” дедим.
“Қани, юр”, деди икковлари.
Биз юриб кетдик. Охири таннурга ўхшаган тешикнинг олдига етиб бордик. Унинг юқори тарафи тор, пастки тарафи кенг. Остидан олов ёқилиб турибди. Қачон у қизиса, улар кўтарилиб, ундан чиқай деб қоладилар. У совуса, улар ичига тушиб кетадилар. Унинг ичида ялонғоч эркак, аёллар бор. Бас, мен:
“Булар ким?” дедим.
“Қани, юр”, деди икковлари.
Биз юриб кетдик. Охири қондан бўлган дарёга бордик. Анҳорнинг ўртасида бир киши тик турибди. Анҳорнинг четида бир киши бор. Унинг қўлларида тош бор. Анҳорнинг ичидаги киши юриб келиб, чиқмоқчи бўлса, ҳалиги одам уни тош билан уриб, турган ерига қайтаради. У қачон чиқмоқчи бўлиб келса, уни уриб, жойига қайтаради. Бас, мен:
“Бу нима?” дедим.
“Қани, юр”, деди икковлари.
Биз юриб кетдик. Охири яшил боққа етиб бордик. Унда улкан дарахт бор. Унинг остида бир чол ва кичкина болалар. Дарахтнинг яқинида бир киши, у ўз олдига оловни ёқмоқда.
Икковлари мени дарахт устига олиб чиқишди. Бир ҳовлига олиб киришди. Ҳеч ҳам ундан гўзалини кўрмаган эдим. Унда эркаклар, чоллар, ёшлар, аёллар ва кичгина болалар бор эди.
Кейин икковлари мени у ердан олиб чиқиб, дарахтдан яна юқори юрдилар ва яна ҳам гўзалроқ ва афзалроқ ҳовлига олиб кирдилар. Унда чоллар ва ёшлар бор эди. Мен икковларига:
“Мени бу кеча роса айлантирдингиз, энди кўрган нарсаларим ҳақида хабар беринглар”, дедим.
“Хўп! Лунжини ёраётганини кўрганинг – каззоб одам. У ёлғонни гапиради. Сўнгра ундан олиб, бошқа тарафга тарқатилади ва уфқларгача етиб боради. Унга қиёмат кунигача ўшандоқ қилиб турилади. Сен кўрган боши чақилаётган эса, Аллоҳ Қуръонни таълим берган бир кишидир. Бас, у кечаси уни ўқимай ухлади. Кундузи унга амал қилмади. Унга қиёмат кунигача ўшандоқ қилиб турилади.Сен кўрган тешикдаги одамлар эса, зинокорлардир. Сен кўрган дарахт остидаги одам эса Иброҳим алайҳиссаломдир. Унинг атрофидаги кичгина болалар эса, одамларнинг (кичкиналигидаги ўлган) болаларидар. Олов ёқиб турган эса, Молик – дўзахнинг хозин фариштасидир. Сен кирган биринчи ҳовли жаннатдаги мўминлар оммасининг ҳовлисидир. Мана бу ҳовли эса, шаҳидларнинг ҳовлисидир. Мен Жаброилман. Манави – Мийкоил. Бошингни кўтар”, – деди.
Бошимни кўтардим. Қарасам, тепамда булутга ўхшаган нарса турибди. “Манави сенинг манзилинг”, деди икковлари.
“Менга рухсат беринглар, манзилимга кирай”, – дедим.
“Сенинг ҳали тугалланмаган умринг бор. Агар ўшани тугалласанг, манзилингга келасан”.
Шарҳ: Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом аввал саҳобаи киромлардан ким туш кўрганини сўраб, суриштирмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эрталабдан бундоқ қилишлари тушга аҳамият берганларига далолат қилади.
Ҳеч кимнинг туш кўрмаганлиги аниқ бўлгач, у зот ўзлари кўрган тушни кишиларга айтиб бермоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан ушлаб, олиб борилган муқаддас ер Шоми шарифдир.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушлари нақадар ажойиб. Аллоҳ таоло у зотга тушларида ҳам кўп нарсаларни аён қилиб турган экан.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:”
“Мен қудуқ олдида туриб, сув тортаётсам, бирдан Абу Бакр билан Умар келиб қолдилар. Абу Бакр челакни олди ва бир челак ёки икки челак сув тортди. Унинг тортишида заифлик бор эди. Аллоҳ уни мағфират қилсин. Кейин уни Абу Бакрнинг қўлидан Ибн Хаттоб олди. Унинг қўлидан челак улкан сув идишга айланди. Мен одамларнинг ичида унга ўхшаб иш қиладиган доҳийни кўрганим йўқ. Ҳаттоки, одамлар “Атан”га бордилар”, – дедилар”.
Шарҳ: “Атан” сувга тўйган туя бориб ётадиган жой. Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларидан Умар ибн Хаттобнинг қудуқдан тортган сувларидан кўплаб одамлар тўйиб ичиб, дам олиш жойларига бориб ётишлари ҳақида сўз кетмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тушлари у зотдан кейин Абу Бакр ва Умар ибн Хаттобларнинг халифа бўлишларига ишора эди. Абу Бакрнинг халифаликлари икки йил давом этган, холос. Умар ибн Хаттобнинг халифалик даврларида эса, Ислом бутун дунё бўйлаб тарқала бошлади. Ислом давлати ўша вақтнинг энг кучли давлатига айланди. Тўқчилик ва серобчилик ҳукм сурди. Бу нарса анча аввал Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларида аён бўлган эди.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
“Бу кеча солиҳ одам тушида Абу Бакр Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланганини, Умар Абу Бакрга боғланганини, Усмон Умарга боғланганини кўрди”, – дедилар.
Жобир айтди:
“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан турганимиздан кейин:
“Солиҳ одам – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, аммо баъзиларнинг баъзиларга боғланишлари эса, уларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилган ушбу ишга валий бўлишлари”, дедик”. .
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келаётган тушни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари кўрганлар. Аммо бу ерда “бир солиҳ киши” ибораси ишлатилган. Тушда Пайғамбар алайҳиссаломга Абу Бакр, у кишига Умар ибн Хаттоб ва у кишига Усмон розияллоҳу анҳулар боғлаб қўйилган экан. Тушни эшитган саҳоби киромлар Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин Абу Бакр халифа бўлиб, Ислом оламининг ишбошчиси бўлишларига, у кишидан кейин эса, Умар розияллоҳу анҳу бўлишларига таъбир қилдилар. Кейинчалик бу туш ҳам, унинг таъбири ҳам ҳақиқатга айланди. Мазкур уч саҳобий розияллоҳу анҳум Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин навбат билан Ислом давлатига бош бўлдилар .

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*