Билим юрти

Билим юрти тарихи

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти даставвал 1993 йилда Мовароуннаҳр мусулмонлари диний бошқармаси идораси «Эшон Бобохон» номи остида ўз фаолиятини бошлаган. Билим юртига «Хадичаи Кубро» деган ном 1998 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўйруғи билан берилди.

Билим юрти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олиниб, унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсатномаси билан диний ва умумтаълим фанлари уйғунлигида таълим берилади.

Билим юртининг мақсади «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принципларига таянган ҳолда, динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ислом дини асосларини ўзлаштирган, инсонпарварлик, халқпарварлик, Ватанга садоқат руҳида тарбияланган, ўрта махсус маълумотли исломшунос мударрисалар, араб тили мураббияси, диний маърифий ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишлаш учун мутахассислар тайёрлашдан иборатдир.

Шу кунга қадар билим юрти 700 га яқин битирувчиларни етиштириб чиқарган бўлиб, улар юртимизнинг турли жабҳаларида фаолият юритмоқдалар. Масалан, маҳалла ўзини-ўзи бошқариш органлари, туман ҳокимиятларида ҳотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят ва туманлардаги вакилликларида аёл-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи, унинг ёрдамчилари лавозимларида фаолият юритмоқдалар. Шунингдек, Тошкент ислом институти, Тошкент ислом университети, Тошкент Давлат Шарқшунослик институти ва Тошкент Давлат Педагогика Университети каби олий таълим муассасаларида илмий фаолиятини давом эттирмоқдалар.

Билим юрти ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ва таълим тўғрисида»ги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қарор ва кўрсатмалари асосида олиб боради.

Билим юртида етакчи ва катта ўқитувчилар, фан номзодлари ҳамда олий маълумотли 30 га яқин мударрисалар дарс берадилар. Билим юрти ўқитувчилари Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институти ҳамда «Авлоний» номидаги қайта тайёрлаш марказларида мунтазам равишда ўз малакаларини оширмоқдалар.

Билим юртида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, 2017 йилда аёл-қизлар таълим муасасалари учун ўқув режалар такомиллштирилди. Унга кўра, аёл-қизларни жамиятдаги интеграциялашувини ошириш максадида диний-махсус фанлар тизимида ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича соатлар кўпайтирилди. Жумладан фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳуқуқий асослари, оила ҳуқуқи, оила психиологияси, ёш физиологияси ва гигиенаси, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш методикаси каби янги фанлар киритилди.

Билим юртида талабаларнинг етук мутахассис кадрлар бўлиб етишиши учун касбий ва фан тўгараклари фаолияти жадаллаштирилди. Хусусан, араб тили, хатоба, ақоид, ҳадис ва информатика каби фан тўгараклари олиб борилмоқда. Қизларни оилага тайёрлаш, қўшимча ҳунар ўргатиш мақсадида тикувчилик, тўқувчилик ва ошпазлик тўгараклари жорий этилган. 2017-2018 ўқув йилидан Қуръони каримни ёдлаш ва қироат қилиш иқтидорига эга талабалар учун 10 йил давомида фаолият олиб борилаётган «Қориялар тўгараги» – «Таҳфизул-Қуръон» номи остида янада такомиллаштирилмоқда.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти диний таълим фаолиятини олиб бориш учун зарур шароитлар ва моддий техник базасига эга. Билим юрти ўз фаолиятини Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Махсус жамғармаси ва талабалар билан тузилган шартномалар асосида тушган маблағлардан олиб боради.