Юртимизда Қуръон байрами давом этмоқда

Мана икки ойдан бўён юртимизда Қуръон мусобақаларининг байрамона шукуҳи давом этиб келмоқда. Халқимиз азал-азалдан ислом динимизнинг муқаддас манбаи саналган Қуръони каримни ўқишга – ўрганишга, оятларини ёд олиб, қалбларда сақлашга, ундаги маъноларни тушуниб, кўрсатилган ҳукмларига амал қилиб яшашга катта эътибор қаратиб келган. Ушбу ўтказилаётган мусобақаларда ҳам халқимизнинг Аллоҳ таолонинг каломи -Қуръони каримга бўлган чексиз муҳаббатини, уни эшитиш ва эшиттира олишга бўлган беҳад қизиқишларини барчамиз шоҳиди бўлиб турибмиз.

Авваллари фақат диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган Қуръон мусобақаларининг ҳозирга келиб, миллати, жинси, келиб чиқишидан қатъий назар барча фуқароларимиз ўртасида кенг ўтказилаётгани, Қуръон тиловати ёки хифзига малакаси бор ҳар бир юртдошимиз учун ўз билимини синаб кўришга имкон яратиб берилгани ёшу қариларимизни бирдек қувонтирди. Хусусан, 5000 мингдан ортиқ иштирокчиларнинг салкам ярмини ташкил этган аёл-қизларимизнинг мусобақаларда фаол иштирок этаётгани жамиятимизда аёл-қизларнинг ижтимоий мақомини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларимизнинг самараси ҳисобланади. Ушбу мусобақаларни ташкил этишда миллий ва диний қадриятларимизда кенг тарғиб этилган ҳаёлилик, иффатлилик каби фазилатлар ҳисобга олинган ҳолда соҳа мутахассислари иштирокида махсус ҳайъат тузилгани ҳам аёл-қизларимизга берилган алоҳида эътибордан дарак беради.

Ушбу мусобақаларни ташкил этилишида халқимизнинг неча йиллик орзу-интилишларини юзага чиқишига ҳамда бу каби эзгу ва хайрли ишларни бошланишига сабабчи бўлган, «Қуръонни эшитиш, эшита билиш у маънавият, у маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди, агар уни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади, элимизга нур келади» деб барчамизни муқаддас Китобимизга бўлган рағбатимизни янада оширган юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Миромонович номларини алоҳида қайд қилиш зарур. Бунинг учун Раҳбаримиз ҳақларига дуоларда бардавом бўламиз, кўпдан-кўп хайрли ишларига Яратгандан катта куч-қувват ва мададлар сўраймиз. Шунингдек, ушбу мусобақаларни кўтаринки руҳда, тартибли тарзда ва адолатли мезонда ташкил этилишига юксак масъулият билан ёндашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида Ташкилий ҳайъат раиси ва аъзоларига ҳам Аллоҳ таолодан қилаётган холис хизматларига зиёда ажру савоблар берилишини сўраб дуолар қиламиз.

Шу билан биргаликда, барча иштирокчиларимизга муваффақиятлар ёр бўлишини, Аллоҳ таоло илмларини зиёда, ҳифзларини мустаҳкам қилишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларга ўргатганларидек саҳиҳ тиловат барчаларига насиб этишини сўраб қоламиз. Муносиб ўринларни эгаллаган ғолиб қори ва қорияларимиз нафақат юртимизда, балки халқаро Қуръон мусобақаларида ҳам иштирок этиб, юртимиз шаънини янада юксакликларга кўтарилишига ўз ҳиссаларини қўшишларини тилаб қоламиз.

Одинахон Сайдахмедова
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
мудира ўринбосари

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*