Қуръон ва туш масаласи

Туш инсон ҳаётининг ажралмас қисми экани ҳаммага маълум. Туш инсонни кўпинча ҳайратга, ташвишга ёки сурурга ҳам солади. Туш кўплаб саволларга ва ечилмаган жумбоқларга сабаб бўлган нарсадир.

Барча замон, макон ва халқларда тушга нисбатан ўзига хос қараш, муносабат, ишонч ва хурофотлар ҳам бордир. Туш ҳақидаги тушунчалар ва мафкуралар, таҳминлардан ташқари, у ҳақида ўтказилган илмий ишлар ва ёзилган китоблар ҳам бор.

Ҳозирги кунимизда мусулмонлар орасида туш ҳақида турлича тушунчалар мавжуд. Уларнинг кўплари турли манбалардан олинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом:
«Туш уч хилдир: Солиҳ туш – Аллоҳдан севинч башоратидир; киши ўзига ўзига гапирган нарсани тушида кўриши; маҳзун туш – шайтондандир.
Агар бирингиз ўзига ёқмаган нарсани туш кўрса, уни одамларга айтмасин, туриб намоз ўқисин»,- дедилар».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳи Муовия ибн Ҳайдатул Қушайрийдан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Туш таъбир қилинмагунча, киши учун фолга ўхшаб тураверади, таъбир қилинса, воқеъликда зоҳир бўлади»,- деганлар.

Уламоларнинг фикрича, тун-у куннинг узунлиги бир – бирига яқин бўлган мавсумда таҳорат билан ётган одамнинг саҳар чоғи кўрган туши ҳақиқатга яқин туш бўлади.

Бу мавзу Қуръони Каримда борлигини ва у қандоқ муолажа қилинганлигини билмоқ ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарур ва керакли ишдир. Қуръони каримда туш, асосан, Юсуф сурасида зикр қилинган. Бу сура туш билан бошланади, унинг ўртасида ҳам, охирида ҳам туш ва унга оид нарсалар зикр қилинади.

Сураи каримада Юсуф алайҳиссалом кўрган тушини отаси Яъқуб алайҳиссаломга сўзлаб бераётганини тасвирлаш ила қиссага кирилади:
«Юсуф отасига: «Отажон, мен ўн битта юлдузни, ҳам қуёшни кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим», деганини эсла».

Бу тушни кўрганда Юсуф алайҳиссалом ёш бола эди. Одатда, ёш болалар бунчалар аниқ ва башоратли туш кўрмайдилар. Кичик ўғли Юсуф кўрган тушнинг баёнини эшитган Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳаёлидан шу гаплар ўтди. Яъқуб алайҳиссалом бу тушнинг улуғ келажакдан башорат эканлигини англади, аммо бу башоратдан ҳамма ҳам хурсанд бўлавермаслигини, жумладан, Юсуфнинг ўгай акалари рашк қилишлари мумкинлигини ҳисобга олиб, ўғилларига мушфиқ оталарига хос эҳтиёткорлик билан шундай деди:
«У: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтмагин. Яни улар сенга бирор ҳийла қилмасинлар. Албатта, шайтон инсонга очиқ – ойдин душмандир», яни, «сенинг тушингни эшитсалар, рашклари келиб, уларни шайтон йўлдан уриб қўймасин ва бирон макр – ҳийла ишлатиб, сенга зарар етказмасинлар». Сўнгра Яъқуб алайҳиссалом сўзларида давом этиб:
«Шундай қилиб, Роббинг сени танлаб олади, сенга тушларнинг таъбирини ўргатади ва сенга ва Яъқуб аҳлига, худди оталаринг Иброҳим ва Ишоққа батамом қилингандек, ўз неъматини батамом қилиб беради. Албатта, Роббинг билгувчи ва ҳикматли Зотдир»,-деди».

Аллоҳнинг Пайғамбари бўлмиш Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуф кўрган тушни ана шундай таъбир қилган эди. Бу туш Юсуфнинг келажакда боболари Иброҳим ва Ишоқ алайҳиссаломлар каби Пайғамбар бўлишдан дарак берар эди. Пайғамбар бўлгунча эса Аллоҳ таоло унга тушларнинг таъбирини ўргатди. Оятда, бу неъматлар фақат Юсуфнинг ўзигагина эмас, Яъқуб алайҳиссаломнинг бошқа фарзандларига ҳам берилишига башорат бор эди.

Акаларининг қилмишлари туфайли савдогарлар қўлига тушган Юсуф алайҳиссаломни Мисрнинг азизи сотиб олади. Азизнинг хотини томонидан уюштирилган фитна сабабли Юсуф алайҳиссалом қамоққа тушадилар.
«У билан қамоққа икки йигит ҳам киради. Улардан бири: « Мен тушимда шароб тайёрлаб юрибман», деди. Бошқаси эса: «Мен(Тушимда) бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», деди. « Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз».
Юсуф алайҳиссаломнинг ақли – заковати, тақвоси, художўйлиги ошкор кўриниб турганлиги учун қамоқдаги одамлар у зотга кўнгилларини очадиган, маслаҳат сўрайдиган бўлишди.
«У билан қамоққа икки йигит ҳам кирди».
Яъни, Юсуф алайҳиссалом қилмаганда, у ерда бошқа икки йигит ҳам банди эди. Бир куни ўша икки йигит у кишининг ҳузурларига келишди:
« Улардан бири: «Мен тушимда шароб тайёрлаб юрибман», деди».
Яъни, «Узумни сиқиб, ундан хамир, яни шароб тайёрлаб юрибман», деди. Бошқаси эса:
«Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», – деди.
Иккинчи йигитнинг туши ҳам ўзига хос эди. Икковлари ҳам тушларининг таъбирини билишни хоҳлардилар.
«Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилувчилардан, деб билмоқдамиз».
Яъни, «Шунинг учун ҳузурингга келдик. Бўлмаса, келмас эдик», дейишди.
Ҳақиқий даъватчи Аллоҳнинг йўлига даъват қилишда ҳар бир ҳолатдан унумли фойдаланади. Юсуф алайҳиссалом ҳам йигитларни эҳтиёжи туфайли ҳузурларига келишини даъват учун қулай фурсат деб билди. Кўнгилларини тўқ қилиш учун аввал уларни қизиқтираётган масалада гап очиб қўйиб, сўнгра даъватга ўтди.
«У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканлигининг хабарини берурман. Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки, мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати – динини тарк этган одамман».
Юсуф алайҳиссалом ўзларига умид билан қараб турган икки йигитга латофат билан жавоб бердилар. Дастлаб, улар тушунолмай, қийналаётган жумбоқни ечиш осон эканлигини ишора қилдилар.

Демак, Аллоҳ таолонинг мўжизаларидан бири ҳисобланган туш таъбир қилишдек улкан, шарафли вазифани пайғамбарларига насиб этган экан. Энди Юсуф сурасининг бош мавзуларидан бири бўлган туш масаласига тўхталсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Юсуф сурасида воқеалар ривожи, асосан, уйқуда кўрилган тушлар билан боғлиқдир. Қисса Юсуф алайҳиссалом тушларида ўзларига ўн битта юлдуз, Қуёш ва Ой сажда қилаётганини кўрганларини баён қилиш билан бошланиб, ўша туш ўнгида ҳақиқатга айланиши билан тугайди.

Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга туш таъбири илмини берганлигини неъмат деб ҳисобламоқда. Юсуф алайҳиссаломнинг тушларни тўғри таъбир қилишлари Пайғамбарлик мўжизаси ўрнида келмоқда. Эҳтимол, ўша пайтда туш таъбири халқ ўртасида ривожланган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳаётга назар соладиган бўлсак, баъзилар тушни мутлақо тан олмайди. Баъзилар эса, ҳамма нарсани тушга боғлаб қўядилар. Исломда эса, ҳақиқий ва керакли мавқиф тутилади. Тушга бўлган муносабат айниқса, ушбу сурадан очиқ-ойдин билинади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4-курс талабаси
Яшнарова Мафтуна

1 та изоҳ

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*