Қуръоннинг ҳақлари

Қуръони карим биз мўминларнинг илоҳий дастури бўлиб, икки дунё саодатимиз манбаидир. Уламоларимиз айтишича, Қуръоннинг мўмин устида бешта ҳақи бор: уни тиловат қилиш, эшитиш, қодир бўлганича ёдлаш, тушуниш ва амал қилиш.

Қуръоннинг биринчи ҳақи тиловатдир. Бу тўғрида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَاقْرَؤُوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ الْقُرْآنِ

«Бас, (қийналмай Қуръондан) осон бўлган миқдорда ўқийверинг!» (Муззаммил, 20)

Зеро, ҳақиқий Қуръон ўқувчиси унинг ҳарфлари ва ҳақини адо этиб, уни қалбида жойлаб, хулқлари билан хулқланган кишидир.

Аллоҳ таоло:

وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا

«…ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» деб марҳамат қилган (Муззаммил, 4)

Тартил билан ўқиш дейилганда, ҳарфларни махражидан чиқариб, тажвид қоидаларига амал қилган ҳолда, хушуъ билан ўқиш тушунилади. Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган илоҳий фармон барча мўмин-мусулмонларга умумийдир. Маълумки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни шу тарзда тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам уни умматларига тартил билан ўқиб етказганлар. Мусулмонлар эса уни Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай эшитган бўлсалар, авлоддан-авлодга шундай етказибкелмоқдалар. Қироат илми уламолари Қуръони каримдаги тажвид қоидаларини тартибга солиб, китоблар ёзишган. Бу қоидаларни ҳар бир мусулмон билиши зарур. Шунинг учун тажвид қоидаларига тегишли бирорта китобни ўқиши ва Қуръон тиловатини буилмга эга устозлардан ўрганиши лозим. Қуръон фазилати ҳақида кўпгина ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Биз қуйида баъзиларини ўрганамиз.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қиёмат куни аҳли Қуръон жаннатга кирган фурсатда унга: «Сен дунёда Қуръонни қандай тартил (қироат) ила ўқиган бўлсанг, бу ерда ҳам ўшандай дона-дона қилиб қироат билан ўқи ва юқорига кўтарил. Ёд бил-ган оятларинг қайси зина устида тамом бўлса, сенга аталган мақом ўшадир», дейилади», деб айтдилар (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Қуръон тиловати ибодатдир. Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қуръон ўқинглар. Чунки у (Қуръон) қиёмат кунида ўқигувчиларига шафеъ бўлади», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қуръонни моҳирлик ила, яъни лафзларини ўз ўрнидан чиқариб тиловат қилувчи киши улуғ итоаткор мирзалар, яъни фаришталар билан бирга бўлади. Энди ким Қуръонни тутилиб-тутилиб машаққат ила ўқиса, унга икки ажр бордир», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳар бир мўмин-мусулмон киши Қуръон тиловати билан кўпроқ машғул бўлиши ва унга муайян вақтини ажратиши лозим. Қуръони карим Аллоҳнинг каломи бўлгани учун уни қироат қилишнинг ўзига хос қоида ва одоблари бор, уларга риоя этиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги муқаддас бурч ҳисобланади. Жумладан, Қуръони каримни тиловат қилиш ниятидаги одам, аввало, таҳорат олиб, оғиз ва тишларни яхшилаб ювиб, имкони бўлса, оқ ва пок кийимларни кийиб, Қиблага юзлаганича қироатгаберилиши афзал ҳисобланади. Ёддан ўқигандан кўра Мусҳафга қараб ўқишнинг савоби кўпроқдир. Зеро, қироат бир ибодат бўлса, Мусҳафга қараш ҳам бир ибодатдир. Қурон тиловатидан олдин «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм» деб бир марта айтилса кифоя. У ҳар бир сура бошида айтилмайди. Барча сурани «Бисмиллаҳ» билан бошлаш суннатдир.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтган эканлар: «Кимки Қуръони каримни намозда тик туриб ўқиса, унга ҳар бир ҳарфига юзта савоб, намозда ўтириб ўқиса, эллик савоб, намоздан ташқарида таҳоратли бўлиб ўқиса, йигирма беш савоб, таҳоратсиз ўқиса, ўнта савоб ёзилур».

Жунуб ҳолатда Қуръонни қироат қилиш ёки ушлаш мутлақо ножоиздир. Шунингдек, унинг устига бирор нарсани қўйиш ҳам мумкин эмас. Қироатни тунлари, тинч ва сукунат пайтида ўқишни одат қилган афзал. Бунинг фойдалари кўпдир. Ҳожатхона, ҳаммом ва ахлатхона каби нопок жойларда Қуръон ўқилмайди.

Қуръон ўқилганда қулоқ солиш унинг иккинчи ҳақидир.

Аллоҳ таоло бундай амр қилади:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُواْ لَهُ وَأَنصِتُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

«Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!» (Аъроф, 204)

Қуръонга қулоқ солиб эшитувчи киши уни тиловат қилувчи киши каби савобга эга бўлади. Суҳбатдошимизнинг сўзларига қулоқ тутиб, уни тинглай билиш, уламолар назарида, ниҳоятда муҳим масаладир. Муҳаммад ибн Алий Бокир: «Тинглаш тириклар учун, ўликлар учун эмас», деб ушбу оятни келтиради:

إِنَّكَ لَا تُسْمِعُ الْمَوْتَى

«Аниқки, Сиз (ўз даъватингизни) «ўликлар»га уқтира олмассиз» (Намл, 80)

Абу Нажиб Сухравардий ўзининг «Аворифул маориф» китобида тинглай билишни барча яхшиликларнинг асоси деб таъкидлар экан, фикрини «ҳуснул истимоъ» деган истилоҳ билан изоҳлайди. «Ҳусн» сўзи «кўрк, чирой» маъносини англатса, «истимоъ» «эшитиш, қулоқ тутиш, тинглаш»ни билдиради. Демак, «ҳуснул истимоъ» бирикмасини «тинглаш одоби» дейиш мумкин.

Тинглаш одоби – сўзловчига то сўзини тугатгунча фурсат бериш, атрофга чалғимасдан унга юзланиш ва унинг фикрларини англашдир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

وَلَا تَعْجَلْ بِالْقُرْآنِ مِن قَبْلِ أَن يُقْضَى إِلَيْكَ وَحْيُهُ وَقُل رَّبِّ زِدْنِي عِلْمًا

«(Эй, Муҳаммад!) Сизга (Қуръон) ваҳийси тугамай туриб, қироат қилишга шошманг» (Тоҳо, 114)

Бошқа оятда эса:

لَا تُحَرِّكْ بِهِ لِسَانَكَ لِتَعْجَلَبِهِ

«(Эй, Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг», дейилган (Қиёмат, 16)

Булар Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га билдираётган тинглаш одоби таълимидир. Ваҳий нозил бўлаётган пайтда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръонни унутиб қўйиш ва ундан ажралиб қолишдан хавфсираб, тиловатдан тўхтамас эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбаримизни бундай қилишдан қайтарди. Яъни, Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни қалбларига Қуръонни жойлаб бўлмагунларича қироатга шошилмасликка, балки жим туриб тинглашга буюрди.

Қуръоннинг учинчи ҳақи уни имкон қадар тушунишга ҳаракат қилишдир. Бу борада саҳобийлардан ўрнак олишимиз даркор. Улар Қуръондан бирор сура ёки оятнинг маъносини яхши тушунишмаса, дарров бир-бирларидан сўраб билиб олишар эди. Қуръонни тушуниш асосан тафсир илми китобларини мутолаа қилиш орқали ҳосил бўлади. Қироатдан асл мақсад тадаббур, яъни тафаккур қилиш воситасида тушунишдир. Шунинг учун ҳам тафаккур этиш суннат қилинган. Қолаверса, унда зоҳирий тартил бўлиб, бу ботин билан тадаббур қилиш учундир. Али (розияллоҳу анҳу) айтдилар: «Фиқҳ (тушуниш) бўлмаган ибодатда ва тадаббур бўлмаган қироатда яхшилик йўқдир».

Дарҳақиқат, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг маъноларини тадаббур қилиш учун такрорлаганлар. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича: «Кечаларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз билан қойим бўлиб, бир оятни такрорлайвердилар». Молик ибн Динор айтар эдилар: «Эй Қуръон аҳли, Қуръон қалбларингизга нимани экди? Дарҳақиқат, ернинг баҳори ёмғир бўлганидек, мўминнинг баҳори Қуръондир». Вуҳайб ибн Вирд: «Биз мана бу ҳадислар ва панд-насиҳатларга қарадик. Шунда Қуръон қироати, уни фаҳмлаш ва тадаббур қилишдан кўра қалбни мулойимлаштирувчи ва (кишига) маҳзунликни жалб қилувчироқ нарсани топмадик», дедилар.

Қуръоннинг тўртинчи ҳақи уни ёдлашдир. Ҳар бир мусулмоннинг намоз ўқиш учун лозим бўлган сураларни ёддан билиши фарзи айндир. Қуръон тиловатисиз намоз бўлмайди. Қуръонни тўлалигича ёдлаш фарзи кифоя, яъни айрим кишилар ёдласа, бошқалар зиммасидан соқитдир. Қуръонни ўрганиш ва уни ёдлаш тўғрисида кўпгина ҳадислар ворид бўлган. Бухорийдан келтирилган ривоятда Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатган кишидир», дейдилар. Ибн Можадан қилинган ривоятда эса: «Эй Абу Зарр! Эрталаб туриб Аллоҳнинг Китобидан бир оят ўрганишинг сен учун юз ракат нафл намозидан афзалдир», дея марҳамат қиладилар.

Ёши кичик фарзандларимизга Қуръонни ёдлатиш хайр-барака белгисидир. Аввало, бу иш уларнинг хотиралари кучайишига сабаб бўлади. Қолаверса, бошқа илмларни ўзлаштиришга ҳам ёрдам беради. Ҳар бир фарзанд соф фитратда, яъни пок ҳолда, барча ҳақиқатга мойил бўлиб дунёга келади. «Фарзандни ҳар кўйга солувчи ота-онасидир», деб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар. Ёдда сақлаш қобилияти ҳар бир фарзандда мавжуд туғма неъматлардандир. Акс ҳолда, у ота-онасининг тилини ҳам билмаган бўлур эди.

Қуръондан қисқа сураларни ёд олдириш нодир ҳолларда уч ёшдан бошланади. Ўрта ҳолда беш ёшдан, етти ёшдан эса бемалолдир. Етти ёшда мукаммал «қори» бўлганлар жуда кўп. «Ёшлик чоғида ўрганилган илм тошга ўйилган нақшдек мустаҳкам бўлади», деб донишмандлар бежиз айтмаганлар.

Қуръонга амал қилиш унинг бешинчи ҳақидир. Яъни, Қуръонда буюрилган амалларни бажариш, қайтарилганлардан қайтиш ва Қуръон хулқи билан хулқланишдир. Аллоҳ таоло бундай хабар беради:

إِنَّ هَـذَا الْقُرْآنَ يِهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُ الْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْرًا كَبِيرًا

«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур» (Исро, 9)

Биз, мўмин-мусулмонлар бахтли инсонлармиз. Аллоҳтаоло Қуръон билан бизларга бу дунёда бахтли, саодатли ва чиройли ҳаёт кечириш ҳамда охиратда нажот топиб, жаннатга дохил бўлишимизнинг хушхабарини бермоқда. Бунинг учун биз Аллоҳнинг Каломигаоғишмай ихлос билан амалқилишимиз лозим.

Саҳобийлардан бири Қуръон таълим олиш учун келиб, Аллоҳ таолонинг:

فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ
وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ

«Бас, ким (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар.Ким зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала, 7-8) дейилган оятларини эшитганида: «Мана шунинг ўзи менга кифоя қилади», деб ўрнидан қўзғалди. Шунда Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу киши фақиҳ бўлган ҳолда кетди», дедилар. Дарҳақиқат, иззатланган киши шу ҳолатда бўлади.

Аллоҳ амалдан юз ўгириб, тил билангина тиловат килувчиларга қарата бундай хитоб қилган:

وَمَنْ أَعْرَضَ عَن ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَى

«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳо, 124).

Кейинги оятда эса:

قَالَ كَذَلِكَ أَتَتْكَ آيَاتُنَا فَنَسِيتَهَا وَكَذَلِكَ الْيَوْمَ تُنسَى

«(Аллоҳ) айтур: «Шундай. (Лекин) сенга Бизнинг оятларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан» (Тоҳо, 126), деган.

Ушбу оятларда ҳам «Сен унга назар ҳам, парво ҳам қилмасдан, уни тарк этдинг», дейилди.Зеро, ишни нуқсонли қилган киши ҳақида «у ишни унутибди», дейилади. Тил, ақл ва қалб муштарак бўлиши Қуръоннинг ҳақиқий тиловатидир. Тилнинг насибаси ҳарфларни тартил билан (тажвид билан) тўғрилаш, ақлнинг насибаси (унинг) маъноларини англаш, қалбнинг насибаси эса ундан насиҳат олиб роҳатланишдир.

Хулоса қилиб айтганда, тил тартил қилади, ақл тафаккур-тадаббур қилади, қалб эса панд-у-насиҳат олади.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
Қуръони Карим ва тажвид фани мударрисаси
Қурбонова Гулобод

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*