Фиқҳ илмининг таърифи

«Фиқҳ» сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади. Шариат истилоҳида эса, шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга «фиқҳ» деб айтилади. Ушбу таърифдаги «шаръий далил»дан, асосан, Қуръони карим оятларини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушунамиз.

«Фаръий ҳукмлар» эса, луғатда аслийнинг тескариси, яъни шохобча, кичик аҳамиятли, деган маънони билдиради. Шариатда эса, ибодат ва муомалотларни ўз ичига олувчи ҳукмлар фаръий ҳукмлардир. Мазҳабимиз имоми Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи фиқҳ илмига шундай таъриф берганлар: «Фиқҳ бу ҳар бир инсон ўзига нима фойда ва нима зарарлигини тушуниб етишидир»

Фиқҳ илми ҳақида Қуръони каримнинг «Тавба» сурасида оят келган:

«Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар дийнни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар». (122-оят)

Бу ояти каримани уламоларимиз икки хил тафсир қилишган. Биринчи тоифа:

«Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Жангга қўзғалмай қолар эдилар. Улар дийнни чуқур англаб, жиҳодга кетганлар қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирадилар. Шоядки, улар, (яъни жангга кетганлар) ҳазир (эҳтиёт) бўлсалар», деган маънони илгари сўрадилар.

Иккинчи гуруҳ уламоларимиз эса:

«Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар (жангга қўзғалардилар ва жиҳод давомида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган мулоқотларда) дийнни чуқур англаб, (ўрганар эдилар. Жиҳоддан) қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирадилар. Шоядки, улар, (яъни жиҳодга чиқмай қолганлар ҳам) ҳазир бўлсалар», деган маънони таъкидлайдилар.

Ислом ўз дийнимизни чуқур англаб етишга қанчалик юқори аҳамият бергани яққол кўриниб турибди. Ҳатто, жиҳодга бормай қолишга узр бўладиган бирдан-бир нарса ҳам дийний илмларни чуқур ўрганиш учун бўлган ҳаракат бўлиши мумкин экан. Агар ушбу ояти каримани иккинчи хил тафсир қилган уламоларимиз йўлидан борадиган бўлсак, қирғин – барот уруш бўлиб турганда ҳам Исломни чуқур ўрганишга ҳаракат қилиш лозимлиги таъкидланганини кўрамиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фиқҳни мадҳ қилганлар. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни дийнда фақиҳ қилиб қўяди»,– дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.

Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаган эди.

Маккаи Мукаррамада ўн уч йил давомида асосан ақийдага боғлиқ оятлар тушди. Кейинроқ, айниқса, Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилингандан сўнг, шаръий ҳукмларга тегишли оятлар ҳам туша бошлади. Уларнинг ҳаммасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига ўқиб, тушунтириб берар эдилар.

У вақтдаги мусулмонларнинг деярли барчаси араблар бўлиб, араб тилини нозик жойларигача яхши тушунишар, Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳеч қийналмай англашар ва уларга амал қилишар эдилар. Кейинчалик турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни вазифаси турар эди. Ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар аввалгиларидан шаръий масалаларни сўрай бошлашди. Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобаларга тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит, Оиша онамиз розияллоҳу анҳум ва бошқаларни мисол қилиб келтирадилар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида дуч келадиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакилларини юбора бошладилар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Яманга юбораётиб:
«У ерда сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» – дедилар.
«Аллоҳнинг китоби ила», – дедим.
«Аллоҳнинг китобида бўлмаса-чи?» дедилар.
«Аллоҳнинг Пайғамбари суннати ила», – дедим.
«Аллоҳнинг Пайғамбари суннатида ҳам бўлмаса-чи?» дедилар.
«Фикрим билан ижтиҳод қиламан», – дедим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга урдилар ва:
«Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин», – дедилар».
Аҳмад ривоят қилган.

Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.

Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дийни дунё бўйлаб кенг тарқалди. Араб бўлмаган турли халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмаслар. Бир тарафдан, тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ эди.

Шундай қилиб, аста-секин, кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошлади.

Кейинчалик, шароит бутун бошли китоблар таълийф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди.

Шунинг учун ҳам, Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар. Мазкур фиқҳ илми уламолари ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар:

1) Қуръони Карим.
Яъни, фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.

2) Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари.
Агар фақиҳ ўша мазкур масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, суннатга мурожаат қилади. Уни топиб, ҳукмини баён ҳам қилади.

3) Ижмоъ.
Ижмоъ – бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларининг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир.

4) Қиёс.
Яъни, аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани мазкур манбаларда ҳукми бор шунга ўхшаш нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.

Фақиҳларимиз суянадиган яна бошқа манбаълар ҳам бор. Улар масолиҳи мурсала, урф, шаруъ ман қоблана шаръун лана, истиҳсон, истисҳоб, саддуз заройеъ ва мазҳаби саҳобийлардир.

Фуқаҳоларимиз мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юртида талабалар биринчи курсдан бошлаб фиқҳ фанини ўрганадилар. Дарслар араб тилида ватандошимиз Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг «Мухтасар ул-виқоя» китобидан ўтилади. Қўшимча адабиётлар ўрнида «Мухтасарул виқоя» китобининг шарҳлари, Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» китоби ва унга ёзилган шарҳлар, «Ал-ихтиёр лит-таълийлил мухтар» китоби ва унинг шарҳлари, «Ибодати исломия», «Нурул изоҳ», «Тасҳийл уз-зарурий» ва бошқа китоблардан фойдаланилади.

Билим юртида фиқҳ фанидан ҳанафий мазҳаби бўйича изчил билим бериб борилмоқда. Бундан ташқари фиқҳ фанига доир мусобақалар, давра суҳбатлари ва фиқҳ фан ойлиги ўтказиб келинмоқда. Талабалар курс иши ва битирув малакавий ишларида ҳам фиқҳ фанига доир илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
Фиқҳ фани мударрисаси
Ибрагимова Сурайё

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*