Шарафли сулола меросхўри

Ислом тарихида шундай инсонлар борки, уларнинг солиҳ ва фозил инсон бўлиб яшаганларига уламоларнинг бари иттифоқ қилганлар. Масалан, Абу Бакр, Умар (розияллоҳу анҳум)лар сингари. Шунингдек, яна шундай инсонлар борки, уларнинг Исломнинг ашаддий душмани, жоҳил ва фосиқ кимса эканликларига уламолар якдил фикр билдирганлар. Масалан, Абу Жаҳл, Абу Лаҳаблар цингари (алайҳимуллаъна). Лекин тарих зарварақларида яна шундай инсонлар номи қолганки, уларнинг солиҳ киши ёки фосиқ киши бўлиб ўтганликлари борасида уламолар турлича ихтилоф қилганлар. Шулардан бири – Язид ибн Муовия.

Язид ибн Муовия (Аллоҳ уни отасидан рози бўлсин, ўзига эса Аллоҳдан ҳақли бўлгани бўлсин) – Умавийлар давлатининг отаси Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)дан кейинги иккинчи халифаси. Унинг отаси – Умавийлар давлатининг биринчи халифаси Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу) эди. Бобоси Абу Суфён ибн Ҳарб (розияллоҳу анҳу) жоҳилият ва ундан кейинги даврда ҳам Қурайш қавми орасида юксак мартабали шахс эди. Бувиси Қурайшнинг машҳур зодагони Утба ибн Робианинг қизи, қавми орасидаги энг баобрў аёл – Ҳинд бинти Утба, аммаси Рамла (Умму Ҳабиба) – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг рафиқалари, амакиси Язид ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва уларнинг аввалги икки халифаси – Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)ларнинг жанглардаги ишончли қўмондони эди.

Язид она томондан ҳам шарафли насаб эгаси бўлиб, онасининг исми – Майсуна бинти Баҳдал ақлли аёл ҳамда араб шоираларидан эди. Тоғалари эса Арабистон ярим оролидаги нуфузли Калб қабиласидан эдилар.

Язиднинг тўлиқ исми – Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя; куняси – Абу Холид. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида ҳижратнинг 26-йили, милодий 647-йилда Мотирун қишлоғида туғилган.

Язиднинг болалиги гўзал исломий муҳитда ўтди. Аммо отаси у туғилган вақтида онасини талоқ қилгани сабабли маълум муддат тоғалари билан яшайди. Тарих китобларида Муовия (розияллоҳу анҳу) нима учун хотинини талоқ қилгани ва бу даврда Язиднинг ёши нечада бўлгани ҳақида маълумотлар учрамайди. Бир қанча муддатдан сўнг отасининг буйруғи билан Дамашққа келди, бу ерда у отасининг мажлисларида қатнашиб, унинг сиёсий қарашларини ўрганарди. Язид Дамашққа келгач, отаси унга Дағфал ибн Ҳанзала Шайбоний, Убайд ибн Шарийя Журҳумий каби тарбиячилар, олимлар, насабчиларни тайин қилди. Ушбу олимлар Язиднинг насаб илмини билишида катта аҳамият касб этишди.

Язид ибн Муовия отасидан биргина ҳадис ривоят қилган:

مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди». Кейинчалик ундан ўғли Холид, Абдулмалик ибн Марвонлар ривоят қилишган. Язид ибн Муовия милодий 683-йил 10-ноябр, ҳижратнинг 64-йили робиул аввал ойининг 14-сида Дамашқ шаҳрида 39 ёшида вафот этган. Унга жаноза намозини ўғли Муовия ўқиган.

Умавий ҳукмдорлар борасидаги маълумотлар орасида айнан Язид ибн Муовия ҳақидагилари бошқаларидан турли-туманлилик ва эҳтиёткорона муносабатда бўлиш билан ўзига хос хусусият касб этади. Негаки, тарихий манбаларда уни солиҳ киши бўлганига ҳам, ашаддий фосиқ киши бўлганига ҳам далолат қилувчи хилма – хил ривоятлар келган. У мусулмон оламида шахсияти тўғрисида энг кўп муҳокама қилинган ва уламолар орасида ихтилофларга сабаб бўлган инсон саналади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саид (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда: «Саҳобаларимдан бирортасини сўкманглар! Чунки бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин инфоқ қилсангиз ҳам, уларнинг бир муддига ҳам, унинг ярмига ҳам ета олмайди», деганлар. Язид ибн Муовия гарчи саҳоба бўлмасада, юқорида санаб ўтилгандек, саҳобийлар оиласидан. Бинобарин Муҳаммад Анвар Бадахшоний «Ақидатут-Таҳовия» асарига ёзган талхисида шундай дейди: «Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари, ҳар қандай разолатдан пок аёллари, ҳар қандай қабоҳатдан пок зурриётлари ҳақида яхши гаплар айтса, мунофиқликдан халос бўлибди». Бу матнда келган «саҳобалари» сўзидан гарчи фақат уларнинг ўзлари тушунилсада, мажозан уларнинг фарзандларини ҳам тушунишимиз лозим. Чунки фарзанд ҳар доим ўз ота-онасига нисбат берилади, унинг шаънига айтилган сўз фарзандни ўзига эмас, ота-онасига тегишли бўлади. Яна бундан ташқари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Умматим қўшинидан Қайсар шаҳрига биринчи бўлиб ғазот қилганга мағфират бордир», деганлар. Ҳижратнинг 49-йили Муовия (розияллоҳу анҳу) Қустантанияга ғазот қилиш учун катта қўшин тайёрлади ва қўшинга Язидни қўмондон қилди. Шу тариқа Язид ибн Муовия ҳадисда айтиб ўтилган Қайсарнинг юртига илк бор ғазот қилган инсон саналади.

Аллоҳ Таоло Ўзининг Каломида мўминлар тилидан ушбу дуони келтиради: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!». Аллоҳ Таоло ушбу оятга мувофиқан ҳар биримизни аввал ўтган солиҳ ва фозил инсонларни ёмон зикр қилиш ва қалбимизда уларга нисбатан адоват ва ғашлик уйғонишдан пок айласин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом билим юрти
4-курс талабаси Рокия Юсуфий

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*