Ислом тарихи

Оламлар роббиси Аллоҳ таолога У зотнинг жалолига ва жамолига муносиб ҳамду санолар бўлсин! У зотнинг одамлар орасидан танлаб олган охирги ва суюкли Набийси бўлмиш Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га гўзал ва мукаммал саловату-саломлар бўлсин.

Ислом тарихи – Ислом бошланганидан то бугунги кунгача бўлган мусулмон халқлар ва давлатлар тарихидир. У Атлантик океанидан Тинч океангача бўлган ҳудудда кенг ёйилган.

Мусулмон уммати тарихидаги энг яхши давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаб ўтган давр бўлиб, у тарих зарварақларидан «Саодат асри» деган бир буюк ном билан жой олди. Кейинги аср тўрт буюк саҳобалар бошчилигида олиб борилган асрларга татигувлик ишлар сабабли «Хулофаи рошидинлар даври» деган ном билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Ундан кейинги аср эса «Уммавийлар даври» деб тарих саҳифаларидан ўрин олгандир, ундан кейинги давр «Аббосийлар даври» деб номланади.

Ислом ёзма манбалари тарихи Қуръони каримни ташкил этувчи вахийнинг тошларга, териларга, хурмо баргларига, қоғоз ёки баьзи бир мато бўлакларига ёзиш билан бошланади.

Манбаларнинг иккинчиси бўлган ҳадиси шарифларнинг авлоддан авлодга етказиб етказиб берилиши эса асосан, ёзма эмас, ривоят ва нақл услубида ўргатилган ва кейинги авлодларга етказиб берилган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақатгина бир неча саҳобадан бошқаларга ўз сўзларини ёзиб олишга рухсат бермаганлар. Бунинг сабаби эса, ҳали мусҳаф кўринишида тартибга келтирилмаган Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг бир-бирига аралашиб кетишининг олдини олиш эди. Бир муддат вақт ўтгач, Қуръони карим оятлари жамланиб, умумиттифоқ қилган шаклда ёзилганидан сўнг эса, ҳадисларнинг ҳам ёзма ҳолда жамланиш даври бошланди.

Даврлар ўтиши билан ривоятлар орасида тафовутнинг пайдо бўлиши ва улардан ҳукмлар чиқаришда қийинчиликлар вужудга келиши ҳамда Қуръони каримга ҳилоф ҳолатнинг юзага чиқиши сабабли саҳиҳ ҳадисларни аниқлаш фаолияти майдонга чиқди. Олимлар шу мақсадда ислом умматининг ибодат, эьтиқод ва кундалик ҳаётларида йўл кўрсатадиган асосий манбаларнинг бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинганлигини аниқлаш мақсадида муайян талаблар ишлаб чиқдилар. Қуръони карим ҳақида эьтироз этиб бўлмас даражада иттифоқ мавжуд бўлгани боис барча мунозаралар суннатнинг ривояти атрофида бўлди. Ушбу икки муқаддас манбадан кейинги ўринда турувчи яна бир манба бўлиб, у «Сийра» деб аталувчи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаёт йўлларини ёритиб берувчи муҳим соҳадир. Сийра дастлаб ҳадислар ривоятининг бир бўлаги бўлган бўлса, кейинчалик муҳаддислар орасидан нафақат ҳадис ривояти, балки тарих илмига ҳам алоҳида эътибор берувчи шаҳсларнинг ажралиб чиқиши натижасида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пайғамбарлик фаолиятлари, ислом динини тарқатиш йўлида олиб борган саьи –харакатларидан тортиб, турмуш тарзларигача бўлган барча мавзуларни ўзида қамраб олган алоҳида соҳа вужудга келди. Сийра илк ислом даври бўлиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг «Ҳаёт йўллари», «Турмуш тарзлари», «Юриш услублари» каби маъноларни англатади.

Мусулмонларнинг биринчи қайд қилган китоб – Аллоҳнинг (Қуръони карим) китобидир. Мусулмон жамоаси аввал уни китоб шаклида жамлашга иккиланишган. Бироқ муртадлар ва пайғамбарлик даъвосини қилганларга қарши жангларда кўплаб ҳофизи Қуръонларнинг шаҳид бўлишлари сабабли уни (Қуръони каримни) йўқ бўлиб, ёддан кўтарилиб кетишидан қўрққанлари сабабли уни ёзиб, китоб шаклига келтиришга азму қарор қилишган, ва китоб шаклига келтирилди.

Ҳадиси шарифларни жамлаб, китоб ҳолига келтиришдаги иккиланиш янада катта эди. Қуръонга аралашиб кетмаслиги учун улар ёзиб борилмас эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу инсонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис ривоят қилмасликка буюргандилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам у кишининг йўлини тутганлар. Иккинчи ҳижрий асрнинг ярми (милодий VIII аср)га келибгина ҳадисларни ёзиб, китоб шаклига келтириш бошланди, ва ҳадиси шариф китоб шаклига келтирилди.

Мусулмонлар бошқа илмларни ёзиб, девон қилишда ҳам иккиланишар эди. Шу сабаб тарихчилар қайд этган маълумотларни қабул қилишда ўта эҳтиёткор бўлишимиз керак. Чунки биринчи воқеалар уларга қайд қилинган ҳолда эмас, балки ривоятлар орқали етиб келгандир.

Ислом тарихини қайд қилиш учинчи ҳижрий (милодий IX ) асрда бошланди. Биринчи муаррихлари Ибн Ҳишом (р.а) (213ҳ/828м) зикр қиланади. Ислом тарихи ҳақида ёзилган қадимий китобларнинг энг муҳимлари: «Тарих ат Табарий» китоби (310ҳ-922м), Ибн Асирнинг (630ҳ-1232м) «Ал Камил фит тарих» китоби, Ибн Касирнинг (774ҳ-1372м) «Ал-Бидая ван ниҳая» китоби ва бошқалардир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида ҳам ислом тарихи ўрганилади, бутун талабалар Муҳаммад Хузарийнинг «Нурул яқин» асаридан Улуғ насабдан бошлаб, Хамро-ул- Асад ғазотига қадар, кейинги курсларда эса, Макка даври ва ҳижратдан олдин мусулмонларнинг ҳаётидан бошлаб, асарнинг охири яьни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларигача ўрганадилар.

Талабаларимиз ислом тарихини чуқур ўрганиш билан бир қаторда у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хулқлари ва сийратлари билан сийратланишга, хулқлари билан зийнатланишга ҳаракат қиладилар. Шу йили билим юртимиз мудираси Н Ибрагимованинг ислом тарихи соҳасида ёзилган «Илк ислом даврида элчилик муносабатлари» номли китоби нашр қилинди, ва бу китоб тақдимоти талабаларда ислом тарихига бўлган қизиқишлари ва изланишларини янада орттирди.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
Ислом тарих фани мударрисаси
Қутбидинова Махарам

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*