Ўзбекистонда чет тилларини ўқитиш тарихи ва араб тилшунослигининг шаклланиши

Мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг жорий этилиши, она тили ва чет тилларни ўргатиш ҳамда ўрганиш давлат сиёсати даражаси устувор масалага кўтарилиши ушбу соҳада кенг кўламли ишларнинг олиб борилишига сабаб бўлмоқда.

Юртимиз дунёга машҳур буюк олимлар ватанидир, уларнинг бу даражага эришишлари учун хорижий тилларни эгаллаганликлари ҳам сабаб бўлгани сир эмас, масалан, Абу Райҳон Беруний (973-1048) 150 та тилни билиш билан бирга 20 та истеъмолдан чиққан, яъни «ўлик» ҳисобланган тиллардан ҳам фойдаланган. Абу Наср Форобий (873 — 930) 100 дан ортиқ тилларни мукаммал билган ва 10 га яқин «ўлик» тилни тўлиқ ўзлаштира олган. Қомусий аллома Абу Али ибн Сино (1037-980) араб, форс, турк, лотин ва сўғд тилларининг билимдони ҳамда ажойиб тилшунос ҳам бўлган. Буюк соҳибқирон Амир Темур (1336-1405) она-тили туркий тилдан ташқари форс-тожик ва мўғул тилини ҳам билган.

Ватандошимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг «Ойна» журналида миллат тараққиёти учун бир неча тил билишни шарт эканлигини таъкидлаган. Тил ўргатиш ва ўрганиш илдизлари қадимги цивилизацияга бориб тақалади. Қадимда тил ўргатишнинг асосий вазифаси динни ўрганишдан иборат бўлган.

Дунё миқёсида чет тили ўқитиш методикаси тарихи кўплаб тилшунос-методист олимлар (О.Есперсон, Л.Г. Келли, В.Э.Раушенбах, Д.Кристал, А.П.Ховат, Ж.С.Ричардс ва Т.С.Рожерс, Я.Ноордеграаф ва Ф.Вонк, А.Миролюбов) томонидан тадқиқ қилинган ва қилиниб келинмоқда.

Ўзбекистонда чет тили ўқитиш тарихининг маълум бир даври (ХIХ асрнинг 70-йилларидан то ХХ асрнинг 90-йилларигача) методист Р.А.Зарипова томонидан тадқиқ қилинган.
Юртимизда чет тили ўқитиш тарихини шартли равишда қуйидаги босқичларга бўлиб ўрганиш мумкин: I босқич – то 1924 йилгача; II босқич – 1924-1961йиллар;III босқич – 1961-1991 йиллар; IV босқич –1992 йилдан ҳозиргача. Дастлабки уч босқични ташқи кучларга мутлақ тобелик даври деб ифодалаш мумкин, чунки ижтимоий-сиёсий тартиб сабабли, таълим тизимида эркин ривожланиш бўлмаган.Охирги босқич эса, истиқлол йилларидаги ижтимоий, сиёсий ҳаётнинг турли соҳаларидаги ижобий ўзгаришлари билан катта аҳамиятга эга.

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги халқлар ва элатлар мустақиллик давригача турли тиллар (она тили), (туркий, ўзбек), иккинчи тил (форс-тожик), ва чет тили (араб, олмон, француз, инглиз, ҳинд тиллари)да сўзлашганлар ва уларни ўрганганлар. Форс-тожик ва араб тилларидан кенг фойдаланилганлик тарихан табиий бўлиб, бири расмий тил ҳисобланган бўлса, бошқаси диний ва савдо тили бўлган. Айрим европа тиллари бўлса ХIХ асрнинг етмишинчи йилларидан кейин баъзи ўқув муассасаларда ўқитила бошлаган.

Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришгач, жаҳон билан ҳамқадам одимлай бошлади ва унинг таълимдаги асосий мақсади этиб иқтисодий- сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқаро талабларга жавоб берувчи мутахассисларни тайёрлаш белгиланди. Таълим тизимида, хусусан, хорижий тилни ўқитиш бўйича жиддий ўзгаришлар содир бўлди, яъни «Таълим тўғрисида»ги қонун ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» асосида турли олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, умумий ўрта таълим мактаблари учун замон талабларига жавоб берувчи дастурлар тузилди, дарслик, ўқув ва услубий қўлланмалар яратилди ҳамда қатор илмий -тадқиқот ишлари олиб борилди.

ХХI аср Европа Иттифоқи томонидан «кўп тиллилар асри» деб аталган экан, чет тилини самарали ўрганиш ҳамда ўргатиш муаммоси кундан-кунга долзарблашиб бормоқда. ХХ асрнинг иккинчи ярмидан дунё бўйлаб халқаро муносабатларнинг оммавийлашиши ва маданиятлараро мулоқот муаммоси тилга маданиятнинг кўзгуси сифатида қаралишига, яъни ўзга тилни ўрганиш билан бирга у миллат маданиятидан хабардор бўлишлик заруратига сабаб бўлди ва таълимда тилни ўқитишнинг нафақат умумтаълимий мақсади, балки тарбиявий аҳамияти ҳам алоҳида ўрин тутишига олиб келди.

Бунинг учун дунё бўйлаб, жумладан мамлакатимиз олий ўқув юртларида ҳам бўлғуси мутахассисларнинг етук кадр бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида алоҳида маданиятлараро мулоқот фани ўқитила бошлади. Бироқ чет тили ва маданиятни яхлит тарзда ўқитиш масаласи ҳозирги кунга қадар ҳам тўлиқ ечимини топганича йўқ ва жаҳон олимлари қаторида ўзбек методист-олимлари ҳам халқаро илмий конференция ва журналларда бу борада ўз фикрларини билдириб келишмоқда. Масалан, ўзбек лингводидактика асосчиси Ж.Жалолов чет тили ўқитиш жараёнида маданиятлараро мулоқотни ўргатиш мақсадида «коммуникатив-кумулятив» методдан фойдаланишни ва уни илмий муомалага киритиш таклифини берган.

Ўзбекистоннинг истиқлол йиллари жаҳон лингводидактикасидаги улкан янгиланиш даври билан мос келди. Чет тили ўқитиш методикаси олдида тил ва маданиятни умумийликда ўргатиш ҳамда ўрганиш масалаларини ҳал қилиш дунё олимлари олдида турган асосий мақсад экан, Юртимиз мутахассислари ва тадқиқотчилари ҳам ушбу муаммони ҳал қилишда қатор фанлар билан бирга лингвокультурология, концептология, психолингвистика каби фанлар асосида илмий ишлар олиб бормоқдалар. Туркий халқлар тиллари ва адабиётини илмий равишда ўрганиш анъанасининг вужудга келиши Ўрта асрларга бориб тақалади. Бу анъананинг қарор топишида классик араб филологияси бўйича таҳсил кўрган филолог олимларнинг илмий фаолияти катта аҳамиятга эга бўлди. Классик араб филологиясининг қачон пайдо бўлгани маълум эмас, чунки дастлабки араб филологларининг асарлари бизгача етиб келмаган. Мавжуд маълумотлар бу фаннинг VII асрда пайдо бўлганидан далолат беради.

Араб филологлари, хусусан, араб тилшунослари VIII-ХIV асрларда юксак натижаларни қўлга киритдилар. Исо ас-Саофий (VIII аср), ал-Васрий Сибовайҳий (VIII аср), ал-Мубаррад (IХ аср), ал-Динаварий (IХ аср), аз-Замахшарий (ХII аср), Абу Айён (ХIII-ХIV асрлар) каби олимлар араб тили фонетикаси ва грамматикаси ҳақида мукаммал ва изчил таълимот яратдилар.

Араб тилшунослиги, айниқса, луғатчилик соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритди. Халил ибн Аҳмад ал-Фароҳидий (VIII аср) «Китоб-ул-Айн» луғатини яратди. Фонетик-физиологик тамойилга асосланган бу луғат араб лексикографиясининг ибтидоси ҳисобланади. Бу луғатнинг араб лексикографияси тарихида тутган ўрнини шундай билиш мумкин: Халил ибн Аҳмаддан қарийб уч юз йил кейин яшаган Маҳмуд Қошғарий ўз асарини унинг луғатига ўхшатиб тузиш ниятида бўлганини алҳоида таъкидлаб кўрсатади.
Араб лексикографлари луғатнинг хилма-хил турларини ижод этдилар. Ал-Асмаий (IХ аср) тематик луғат, Абу Убайда (IХ аср) мақол ва маталлар луғати, Муҳаммад ал-Анбарий (Х аср) қарама-қарши маъноли сўзлар луғати, Абдулла ибн Утайба (IХ аср) 12 томли энциклопедик луғат яратди. ХIV асрда яшаган машҳур филолог олим ал-Ферузабодий 60 томли (баъзи манбаларга қараганда 100 томли) энциклопедик луғат тузгани ҳақида маълумотлар бор.

Араб лексикографиясининг имоми номига сазовор бўлган Исмоил ал-Жавҳарий (Х аср) луғатчиликда алифбо тамойилига асос солди. Унинг 40 минг сўзлик луғатида сўзлар ўзак охиридаги товушга (ҳарфга) қараб жойлаштирилган.

Классик араб филологияси деган ифодадан бу фанни арабларнинг ўзлари яратган экан, деган маъно келиб чиқмайди. Араб филологияси анъанасининг ташкил топиши ва тараққий этишида, араблар билан бир қаторда, бошқа халқларнинг вакиллари ҳам иштирок этган. Араб халифалигида араб тили фақат дин тили бўлибгина қолмай, шу билан бир қаторда, адабиёт ва фан тили ҳам бўлган. Шунинг учун адабиётда, фанда маълум мавқега интилган ҳар бир киши араб тилини мукаммал билиши ва шу тилда ижод қилиши шарт эди. Инглиз шарқшуноси Б.Брауннинг «Эрон адабиёти тарихи» асарида кўрсатилишича, ислом маданиятининг «олтин даври» ҳисобланмиш аббосийлар сулоласи ҳукм сурган даврда (749-846-йиллар) араб фани ва маданиятининг энг мўътабар вакиллари деб саналган 45 кишидан 30 таси бошқа халқларнинг вакиллари бўлган.

Машҳур араб филологларидан Сибовайҳий эронлик, аз-Замахшарий хоразмлик, Исмоил ал-Жавҳарий туркий халқ вакили эканлигининг ўзиёқ араб фани, хусусан, араб филологияси тараққиётида бошқа халқ вакиллари қандай рол ўйнаганлигини очиқ-ойдин кўрсатади.

Араб филологияси анъаналари таъсирида таҳсил кўрган олимлар ўрта асрларда бошқа халқлар тили ва адабиётини ўрганишда, хусусан, туркий халқлар тили ва адабиётини ўрганишда катта рол ўйнаганлар. Бундай олимларнинг кўпчилиги маҳаллий халқлар орасидан етишиб чиқар эди. Туркий филология фанининг вужудга келиши ҳам мана шу олимларнинг илмий фаолияти билан боғланади.

Араб тили — Сомий тиллар гуруғининг жан. тармоғига мансуб тил. Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Африка шим. қисмидаги йигирмадан ортиқ мамлакатнинг расмий давлат тили ҳисобланади. Араб тилида 200 млн. дан ортиқ аҳоли гаплашади (1997). Қадимий араб тили мил. ав. V – IVасрларга тааллуқли обидалар орқали маълумдир. У мумтоз араб тилининг пайдо бўлишига замин бўлган. Мумтоз араб тилининг лексик ва грамматик шаклланиши жоҳилия даври шоирларининг оғзаки ижодларида намоён бўла бошлаган.Қуръони Каримнинг нозил бўлиши натижасида мумтоз араб тили бадиияти янада гўзаллашди ва грамматик меъёрлари мукаммаллашди. VIII- IX асрларда мумтоз араб тили грамматикаси ишлаб чиқилди, ислом ёйилган ўлкаларда расмий ва илмий тил бўлиб қолди. Ибн Сино, Беруний, Хоразмий ва бошқалар илмий асарларини ана шу тилда ёзганлар. Мумтоз араб тили лексик жиҳатдан бир оз ўзгарган ҳолда, ҳозирга қадар арабларнинг адабий тили бўлиб келмоқда. Бунинг асосий сабаби араб дунёсини бирлаштириб турувчи Қуръони Карим, Ҳадиси Шариф ва бошқа мўътабар манбалардир. Араб дунёсидаги вақтли матбуот, нашрлар, радио ва телевидение ҳозирда шу тилда. Араб сўзлашув тили адабий тилдан кескин фарқланади, фонетик ва лексик жиҳатдан бир-бирига ўхшамайди. Миср, Судан, Сурия, Ироқ, Мағриб, Мавритания, Нигерия, Камерун, Нигер лаҳжаларига бўлинади. Ушбу лаҳжалар асосан 3 сабабга кўра юзага келган: 1) араб адабий тилига қурайш қабиласи (Макка) шевасида нозил бўлган Қуръони Карим тили асос бўлган, зеро ўша вақтлардаёқ Арабистон я.о.да яшовчи қабилаларнинг тилларида турли тафовутлар бор эди; 2) ҳозирги араб дунёсининг аксар қисми келиб чиқиши араб бўлмаган халқлардир. Улар ислом таъсирида араблашган. Уларнинг ҳозирги сўзлашув тилида исломгача мавжуд бўлган она тиллари унсурларининг бўлиши, табиий; 3) араб дунёсининг аксар қисми арб истилочи-лари ҳукмронлиги остида бўлганлиги ҳудудий лаҳжаларнинг жиддий фарқланишига олиб келган. Туркистон, хусусан ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди Араб халифалиги томонидан бўйсундирилгач ва ислом маҳаллий аҳоли томонидан қабул қилингач, араб тили ҳамда араб ёзуви мазкур ҳудудда илм-фан тили ва ёзувига айланди.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
Араб тили фани мударрисаси
Абдувалиева Комила

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*