Ирим-сиримлардан сақланайлик

Мустақиллигимиз туфайли динимиз ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас обидалар – масжид ва мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан халқимиз яна баҳраманд бўла бошлади. Шу билан бирга жамиятимизда муқаддас динимиз қайтарган баъзи бир бидъат-хурофотлар ҳам учраб тургани барчамизга маълум. Ана шундай хурофотлардан бири ирим қилиш, шумланишдир.

Маълумки, Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида ислом дини ақидалари ва ҳукмларини саҳобаи киромларга ўз ҳадиси шарифлари орқали мукаммал равишда етказганлар. Саҳобалар, тобеинлар, табаъ тобеинлардан тортиб то бизнинг асримизгача ўтган уламолар, мусулмонларга Аллоҳ қодир қилганича шариат аҳкомларини тушунтириш, ҳоҳ ибодат, ҳоҳ муомалот соҳасида исломга кириб келган бидъат ва хурофотларга қарши жиддий курашишда зўр маҳорат кўрсатиб келганлар. Лекин шунга қарамай, мусулмонлар ўртасида ҳануз динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз ақидалар ҳукм суриб келаётганлиги ачинарли ҳолдир.Албатта бу каби ишлар инсониятнинг ақл мезонига тўғри келмайдиган, унинг имонига зарар келтирадиган, ҳақ йўлдан ботилга бурадиган амаллардандир. Аллоҳ ва Расули бундай ишлардан, бундай эътиқоддан қайтаради.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллолоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида қуйидагича марҳамат қилганлар: «Уч нарсадан менинг умматим ҳаргиз қутула олмайдилар. Бу – ҳасад, бадгумонлик ва иримдур. Бундай нарсалардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоб қилиб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг». Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам бу уч нарсанинг уммат ичида мавжуд бўлишини алоҳида таъкидлаб, бундай иллатлардан огоҳ бўлишга, бу иллатлар ботқоғига ботиб қолмасликка чақириб, қандай йўл тутмоқ кераклигини ҳам кўрсатиб бердилар. Демак ҳар-хил нарсадан ирим қилмасдан, Аллоҳга таваккул қилиб ишимизда бардавом бўлишлигимиз керак экан. Ёки йўлда кетаётган ҳолатда олдидан қора мушук ўтиб қолса, ундан ирим қилиб орқага қайтмасдан, балки Аллоҳга таваккул қилиб йўлида давом этиши керак экан. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Талоқ» сурасида: «Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар» деб марҳамат қилди.

Таъкидламоқ керакки, аввало мўмин-мусулмон киши ирим-сирим, сеҳру жодуга берилмайди ва ишонмайди. Мўмин одам учун тақдир Аллоҳ таолодан бўлади ва бахт ёки бахтсизлик ҳам унинг истаги билан рўй беради. Шундай экан, айрим ирим-сиримчи ва турли шубҳачи инсонлар тахмин қилганидек «қўш келин олганларнинг хонадонларига чилла тушиши», «келиннинг бахти боғланиши», олдидан мушук ўтгани учун йўлдан қайтиш», «фалончи келиннинг қадами оғир келди», «чоршанба ва жума куни касал кўргани борманг», «шанба куни кир ювманг», «қоронғуда ёки жума куни тирноқ олиб бўлмайди», «жанозадан кейин тўйга борманг», «марҳумни эшикдан олиб чиқманг», «юлдуз учиши», «сафар ойида тўй қилиш мумкин эмас», «супургини тик қўйиб бўлмайди», «остона ҳатлаб сўрашиб бўлмайди», «13 рақами – бахтсиз», «фалон кунда фалон ишни қилиб бўлмайди» каби турли бўлган-бўлмаган иримлар ислом динида қораланади. Шунингдек, ирим қилаётган нарсасидан сақланиш учун турли-туман туморлар осиб олишлар ҳам ислом дини ақидасига ёт бўлган ишлардандир. Бу каби иримларга ўралашиб қолиш инсонни ҳақ диндан узоқлаштириб, турли хурофотларга кўмиб ташлайди. Кишини асл дин қолиб, ҳар хил асли ва асоси бўлмаган нарсалар билан ўралиб қолишга олиб келади.

Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам ирим-сирим қиладиган кимса тавба қилиб, унга каффорат бериши борасида шундай деганлар: «Кимни ирим қилиши ўз ишидан қолдирса, у аниқ ширк келтирибди». «Эй, Расулуллоҳ! Бунинг каффорати нима?» дедилар. Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳумма, ла тойра илла тойрука, ва ла хойра илла хойрука, ва ла илаҳа ғойрука!» Яъни «Аллоҳим, ўзингдан ўзга илоҳ йўқдир, учиш ҳам яхшилик ҳам ўзингни хоҳишинг билан бўлажакдир. Сендан ўзга илоҳ йўқ», дейишинг», дедилар»[1].

Буюк ватандошимиз, муҳаддислар султони ҳазрат Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Адаб ал-муфрад» асарида мавзуга оид ажойиб бир воқеа келтирилган:
«Бола туғилганида унга барака сўраб дуо қилиши учун одамлар чақалоқларни Ойша онамиз розияллоху анҳо олдига олиб келардилар. Бир чақалоқ келтирилди, уни тўшагидан олаётувди, ёстиғи остига устара (пичоқча) қўйилган экан. Ойша розияллоху анҳо устарани нимага қўйилганини сўрадилар, жинлардан сақланиш учун, болага жинлар яқинлашмаслиги мақсадида қўйилганини айтишди. Шунда Ойша розияллоху анҳо уни олиб, отиб юбордилар ва иккинчи бор бундай иш қилишдан қайтардилар. Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам ирим-сиримларни ёқтирмасликларини, уларга ғазаб билан боқишларини айтдилар ва Ойша онамиз розияллоху анҳонинг ўзи ҳам ундан қайтаришларини билдирдилар»[2].

Хулоса шуки мусулмон инсон ҳар қандай хил бидъат-хурофот, ирим-сирим каби амалларга қарши ўзида куч топа билишлиги ва бундай бехайр ишлардан ўзини четга олиб Пайғамбаримиз соллолоҳу алайҳи васаллам йўлига ўзини йўллаши лозим. Аллоҳ барчаларимизни оқибатларимизни ҳайрли қилиб, илм орқали тўғри ақидани тушуниб етадиган бандалари қаторида бўлишимизни насиб қилсин.

[1] Баззор, 2/4379; Ибн Абу Шайба, 5/26411
[2] Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад, 1/912

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
билим юрти мударрисаси
Ғофурова Нигора

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*