Қуръони карим ва тажвид илмини ўрганиш фазилати

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

أَوْ زِدْ عَلَيْهِ وَرَتِّلِ الْقُرْآَنَ تَرْتِيلًا

«…ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил,4)

Ислом уммати қадимдан тажвид илмига катта аҳамият бериб келган. Салаф уламолар бу йўлда ўзларининг беминнат хизматлари ва ғамхўрликларини кўрсатиб, кўплаб китоблар таълиф ва тасниф қилганлар.

Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, Қуръони каримнинг биз мўмин-мусулмонлар устидаги ҳақларидан бири уни тўғри ва тажвид қоидаларига мос ҳолда тиловат килишдир. Мақсад Аллоҳнинг Каломини тадаббур этиш, унинг маъноларини тўғри фаҳмлаб етиш ва уларга амал қилишдан иборат. Бу тажвид илмини мукаммал эгаллаган устозлардан таълим олиш йўли билан амалга оширилади.

Энди бевосита тажвид илми ҳақида тўхталиб ўтамиз. «Тажвид» сўзи луғатда бирор нарсани яхшилаб, сифатли ва мукаммал бажариш маъносини англатади. Истилоҳда эса Қуръони карим ҳарфларини ўз сифатида талаффуз қилиш, истеъло ва истифола ҳарфларини бир-биридан фарқлаб, тафхим, тарқиқ, идғом ва изҳор каби қоидаларга амал қилиб ўқишни таълим берувчи илмдир. Тажвид илмининг мақсади Қуръони каримни ўқувчи ҳар бир кишига тўғри ва чиройли ўқишни, турли бегона оҳанглардан сақланишни таълим беришдир. Бу билан банда дунёю охиратда Аллоҳ таолонинг розилигига эришади. Қуръони каримни тажвид билан ўқиш ҳар бир муслим ва муслимага фарзи айндир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, (номаи аъмолига) битта яхшилик ёзилади. Ҳар бир яхшилигингиз ўн баробар мислича қилиб берилади. Мен «алиф, лом, мим»ни бир ҳарф демайман. Балки «алиф» бир ҳарф, «лом» бир ҳарф ва «мим» бир ҳарфдир», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Яъни, Аллоҳ таоло Қуръони каримни ихлос билан, тажвид қоидаларига мувофиқ тиловат қилувчи қорига унинг ҳар бир ҳарфини ўқигани учун ўнта савоб ва яхшилик ато қилади. Шунинг учун Қуръони каримни ўқиш қоидаларини ўргатувчи тажвид илмидан дарс қилиши ҳамда уни пухта ўзлаштириб олиши керак.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳоба Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу)га буюриб: «Қуръон тиловати билан машғул бўлинг, ер юзида нурингиз, осмонда эса захирангиз ортади», дедилар. Бошқа ҳадиси шарифда: «Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат кунида ўз эгасини шафоат қилади», дейилган (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: «Қайси бир хонадонда Аллоҳнинг Китоби ўқилса ва у дарс қилиб ўрганилса, ўша макон Аллоҳ таолонинг раҳмат назарида бўлгани учун ҳам фаришталар манзилгоҳига айланади».

Абу Саид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Аллоҳ таоло айтади: «Кимники Мендан дуо қилиш ва сўрашдан Қуръон тиловати машғул қилиб қўйса, унга шукр айтувчилар савобидан ҳам афзалини бераман» (Имом Термизий ривояти).

Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Қуръондаги ўқилган ҳар бир оят жаннатда бир даража ва хонадонингизда чироқ бўлади».

Аҳмад ибн Ҳанбал (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Мен тушимда Аллоҳ азза ва жаллани кўрдим ва: «Эй Рабб, бандани Сенга яқинлаштирадиган энг афзал нарса нима?» деб сўрадим. Дедики: «Менинг Каломим, эй Аҳмад!» Айтдимки: «Эй Рабб, тушунибми ёки тушунмасданми» Аллоҳ: «Тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», деб жавоб берди».

Суфён ас-Саврий (розияллоҳу анҳу): «Қуръон ўқувчи уни тиловат қилганда, фаришта унинг иккала кўзи ўртасидан ўпади», деганлар.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: «Уч нарса: мисвок ишлатиш, рўза тутиш ва Қуръон қироати хотирани кўчайтириб, балғамни кетказади».

Ҳасан ал-Басрий (раҳимаҳуллоҳ): «Қуръони каримдан ортиқ бойлик ва ундан маҳрум бўлишдек камбағаллик йўқ», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: «Қуръон ўқинглар, чунки сизлар ундаги ҳар бир ҳарф учун ўн савоб оласизлар».

Хадичаи Кубро аёл қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
етакчи мударрисаси Гулобод Қурбонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*