Илк муҳаддис уламолар

VIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда ислом илмларининг ёйилиши хуросонлик уламолар томонидан амалга оширилган бўлса, шу асрнинг иккинчи ярмига келиб маҳаллий уламолар етишиб чиқа бошладилар.

Абу Муқотил Хафс ибн Салм Фазорий Самарқандий (ваф. 823 й.) минтақа ҳадис мактабининг шаклланиши ва тараққий этишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган маҳаллий олимлардан эди. У сулолавий муҳаддислар оиласининг бошлиғи сифатида маълум.

Абу Муқотил ҳадис бўйича, асосан, Абу Ҳанифа анъаналарини давом эттирди. Манбалар унинг 10 дан ортиқ устозлари ва 20 га яқин Мовароуннаҳрлик шогирдлари ҳақида маълумот беради. Устозлари орасида Басра ва Балх мактабларини кўрган, кейинчалик Самарқандга келган, Имом Бухорий томонидан «ишончли муҳаддис» (сиқо) деб эътироф этилган Абу Сахл Касир ибн Зиёд (VIII аср) ҳам бор эди.

Абу Муқотилнинг шогирдларидан Абу Бакр Аҳмад ибн Наср ал-Атакий Мовароуннаҳрдаги ҳадис илмининг ривожланишида устозидан кейин унинг ишини кенг миқёсда давом эттирган муҳаддислардан эди. «Китоб ал-қанд» унинг 20 га яқин шогирди бўлганлиги ҳақида гувоҳлик беради.

Минтақада илк ислом даврида бундан ташқари жуда кўп сулолавий муҳаддис оилалари бўлиб, улар бу ватанда илм-маърифат тарқатишда ўзларининг муносиб улушларини қўшганлар. Бу ерда ҳадис илми билан жамиятнинг турли табақа вакиллари шуғулландилар. Улар орасида ҳоким, қози, сўфий, муаддиб, муаззин ва турли касб эгалари бор эдилар.

Ҳадис илми вужудга келган даврдан бошлаб муҳаддислар ҳадис талабида ўзга юртларга сафар қила бошладилар. Ана шу даврдан бошлаб муҳаддисларнинг илмий ҳаётини фақат биргина шаҳар ёки мамлакат миқёсида чегаралаш мумкин бўлмай қолди. Кўпчилик муҳаддислар она-ватанлари Марказий Осиёда бўлса-да, асосий илмий фаолиятларини ундан ташқарида олиб бордилар. Бошқа муҳаддислар асл насаблари бу минтақадан ташқарида бўлса ҳам кўҳна ўлкамизда ҳадис илмининг тараққий этишига хизмат қилдилар. Ҳадисларни саралаш бўйича Мовароуннаҳр муҳаддислари ислом оламида етакчи ўринни эгалладилар. Имом Бухорий, Имом Термизий каби барчага маълум муҳаддислар бунга яққол мисолдирлар. Аммо ҳадис илмининг бошланғич даври учун илк давр муҳаддисларидан Абу Муоз Холид ибн Сулаймон ал-Балхий, Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий, Абу Мути Балхий каби олимларнинг хизматлари беқиёсдир.

Абу Муоз Холид ибн Сулаймон ал-Балхий (ваф. 805-06 й.) ўз даврининг кўзга кўринган олими бўлиб, минтақамизга ҳадисларнинг кириб келишида алоҳида ўрин тутган эди. Манбаларнинг хабар беришича, олим 100 минг ҳадисни ёддан билган. У Хуросон амири Али ибн Исо ибн Мохон ва унинг қозиси Аъмаш томонидан Мовароуннаҳрга сургун қилинди. Бунга сабаб Абу Муоз қози Аъмашнинг ўзича хато ҳукм ва фатво чиқаришига йўл қўймаганида эди. Абу Муоз йўлда Термиздан ўтди. Термизда Абдулазиз ибн Холид ибн Зиёд ибн Жарвал олимнинг ҳурматини жойига қўйиб, кутиб олди, унга шарафли меҳмон сифатида иззат-икром кўрсатди. Абдулазиз ўша даврда Термиз, Чағониён, Вошжирдга қози эди. Аммо бундан хабар топган Аъмаш эса уларнинг иккалаларини ҳам сургун қилдирди. Улар Фарғона ва Шошда ислом маърифатининг тарқалишида, ҳадис ва Қуръон илмларининг ривожланишида катта хизмат кўрсатдилар. Улар Балхга қайтишларида Самарқандга кирдилар. Манбаларда уларнинг қўлларида Мовароуннаҳрлик юз мингга яқин киши мусулмон бўл гани ҳақида маълумот берилади.

Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Муборак Ханзалий Марвазий (736-797) – ҳадисдаги табақаси бўйича иккинчи даражали тобеъинлардан эди. Ҳадис, фиқҳ ва тасаввуфда замонасининг етакчи олими. Хоразм туркийларидан Муборак ибн Водихнинг ўғли бўлган. Хуросоннинг илмий-маданий маркази Марвда туғилган. Бутун умрини илм ва савобли амалларга бахш этган. Кўп мамлакатларга саёҳат қилган. Саёҳатларида Абу Ҳанифа билан кўришган ва унинг энг мумтоз шогирдлари сафидан ўрин олган. Сўфийлик, фиқҳ, ҳадисшунослик, тарих, филология ва тафсирга оид асарлар ёзган. 20 минг ҳадисни ўз ичига олган 20 та асарини Абу Ҳанифанинг фиқҳ бобларига кўра тартиб этган. Илк бора Арбаъин (қирқ ҳадис) тўпламини тузган. Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам Абдуллоҳ ибн Муборак илмларидан баҳраманд бўлган. Имом Бухорийнинг отаси Исмоил Абдуллоҳ ибн Муборакнинг шогирдларидан бўлган. Олим Тарсус (Сурия)дан қайтаётганда вафот этган ва Фурот дарёсининг қирғоғидаги Хиш шаҳрида дафн этилган. Унинг «Китоб аз-зухд ва-р-рақоиқ» («Зоҳидлик ва нозик масалалар китоби») номли 16 жуздан иборат китоби бизгача етиб келган. Имом Доримий номи билан машҳур Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Баҳром ибн Абдусамад Доримий Ҳофиз Самарқандий (ваф. 869 й.) юртимиздан чиққан илк йирик муҳаддислардандир. У тўққиз ҳадис тўпламлари орасида эътироф этилган «ал-Муснад» мажмуини таълиф этди. Унинг асари сунан ҳадис тўпламлари услубида ёзилгани учун уламолар уни «Сунани Доримий» деб номлаганлар. Унинг бу асари тўққиз мўтабар ҳадис тўпламлари сафига киради.

Имом Доримий 798 йили Самарқандда дунёга келди. Ҳудди шу йили Абдуллоҳ ибн Хумайд Самарқандга волий бўлиб келганлиги шарафига ад – Доримийга Абдуллоҳ деб ном бердилар. Ана шу ҳижрий йилида Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий ҳам вафот этган эди. Унинг бобоси Бану Дорим қабиласининг мавлоси бўлган сабабли унга «Доримий» нисбати берилган.

Доримий илк таҳсилини Самарқандда олди. Шундан сўнг у Мовароуннаҳр илм марказларига, жумладан, Бухоро, Хуросон, Бағдод, Куфа, Восит ва Басра шаҳарларига бориб, у ердаги машҳур кишилардан таълим олди. Дамашқ, Химс (Хомс) шаҳарларининг аҳли илмлари билан учрашди. Ҳижозда бўлиб, Макка ва Мадина аҳли илмларидан ҳам таълим олди. Сафар давомида жамлаган илмларини она Ватанига олиб келиб, бу ердаги толиби илмларга улашди. Ад-Доримий фақат Самарқандда эмас, балки бутун ислом оламида ҳадис илми тараққиётига улкан ҳисса қўшган олим сифатида катта шуҳрат қозонди. Ҳижоз ва Мағриб сафарларида бўлган дабусиялик муҳаддис Зулайм ибн Хутайт (ваф. 866 й.) шундай дейди: «Мен Мағриб ноҳияларидан қайси бирига кирган бўлсам, ўша ерда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмоннинг номи Самарқанддагидан ҳам кўра машҳурроқ эди». Ад-Доримий ўзидан кейин ҳадис илмида пешқадам бўлган шогирдларини қолдирди. Улардан бири Абд ибн Хумайд Кашший Доримийни ўз устози дея зикр этиб: «Дунёда Абдуллоҳ ибн Абд ар-Раҳмон каби киши йўқдир», деб таърифлайди. Аҳмад ибн Ҳанбал Мовароуннаҳрлик бир кишига уч бора «сенга ўша саййидни тавсия этаман», деб унинг Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон эканини таъкидлайди. Бу эса кўзга кўринган муҳаддислардан бўлган Аҳмад ибн Ҳанбал ад-Доримийнинг ишончли муҳаддис эканлигига ва илмда беназир бўлганлигига ҳамда ҳадис илмини мукаммал эгалламоқчи бўлган киши ундан илм олиши лозимлигига ишора қилганлигини кўришимиз мумкин. Машҳур муҳаддис Абу Муҳаммад Ражо ибн Муражжо Ҳофиз Марвазий (ваф. 863 й.) айтади: «Мен Аҳмад ибн Ҳанбални, Ишоқ ибн Рохувайхни, Али ибн Мадинийни, Шозкунийни кўрдим, аммо улар орасида Абдуллоҳдан кўра ҳофизроқ кишини учратмадим». Яна у айтади: «Мен Шом, Миср, Ҳижоз, Яман, Ироқ элларини кездим, аммо Абдуллоҳ каби кишини учратмадим».

Имом ад-Доримийдан машҳур муҳаддислар Муслим, Абу Довуд, Термизий, Муҳаммад ибн Башшорлар ҳадис ривоят қилишган. Абдуллоҳ ибн Аҳмад, Исо ибн Умар ас-Самарқандийлар эса, у зотдан ҳадис илмини сабоқ олишган. Мовароуннаҳрда илмлар ривожида ҳадисларнинг ўрни катта бўлди. Ҳадис илми тараққиёти фиқҳ, калом, адаб ва шеърият каби бошқа соҳаларнинг ҳам ривожига туртки берди. Абу Мансур Мотуридий (ваф. 944 й.) ўзининг асосий асари «Китоб ат- тавҳид»да ислом ақидаларини нақлий билан бир қаторда ақлий илмлар ёрдамида асослаб берди. Бунда олим асосан Қуръон оятларига суянди. Аммо баъзи ўринларда у Имом Бухорий ва Имом Термизий каби ишончли муҳаддислар келтирган ҳадислардан далил сифатида фойдаланди. Аммо бу асарда келтирилган ҳадисларнинг иснодлари берилмаган. Демак, мутакаллимларнинг «аҳл ал-ҳадис»дан фарқли равишда ислом манбаларига ўзига хос ёндашувлари бўлган.

Минтақага ҳадис элементларининг кириб келиши илк арабларнинг кириши билан бўлган бўлса, кейинчалик бу соҳанинг ривожланишида маҳаллий олимларнинг хизматлари катта бўлди. Илк даврда муҳаддислар ҳаракатида танқидий ёндашув устувор бўлди. Мўтабар ҳадис тўпламларининг пайдо бўлиши, тарқалиши муҳаддисларнинг мавқе ва нуфузларини янада мустаҳкамлади.

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Нурмуҳаммедова Ирода

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*