Нафс балосидан огоҳ бўлайлик

Буюк Аллоҳ Одам ато ва Момо Ҳавво онамизни Ерга туширгач, Одам алайҳиссалом зурриётига энг катта душман бўлган – Шайтони лаъин ўзининг ниҳоятда катта сонли лашкарлари билан тиним билмай инсонни осийлик қилиши учун барча илмлари ва ҳаракатлари билан тўхтамай фаолият юритаётир. Инсонга ўзини энг хавфли душман эканлигини эълон қилган Шайтон ва унинг лашкарларидан ҳам хавфлироқ душман борми? Бор, бу инсоннинг нафсидир. 100 нафар шайтон лашкари бажара олмаган ишни биргина нафс бажариши мумкин экан. Нафс инсонга бирор ишни гўзал қилиб кўрсатиб қўяди, узун орзулар уммонига кўмади, ўз нафсининг ёмонликларидан огоҳ бўлмаган инсон орзуларининг қулига айланади. Аслида, орзу қилиш гуноҳ эмас, лекин унинг ҳам чегараси мавжуд. Чегара қаерда? Чегара Роббимиз бизга Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали келтирган мукаммал дин – исломдадир. Ислом динидаги ҳалол ва ҳаромни, ажр ва гуноҳни фарқлай билишдадир. Ахир, ҳалол ва ҳаромни, савоб ва гуноҳни билмаган одам нафси истаётган амал нимага етаклашини қайдан билсин? Билмаган ҳолида чегарадан чиқиб нафсининг қулига айлангани сабабли оқибати аянчли бўлган аҳволга тушгач эса кеч бўлиши мумкин. Нима қилиш керак? Энг аввало, ҳар бир инсон динимизни ўрганиши керак, ундаги рухсат этилган ва қайтарилган амрларни яхши фаҳмлаши керак, фарзандларига ҳам ёшлигидан нима яхши-ю, нима ёмонлигин ўргатиши керак. Бу борада охирги йилда ҳурматли президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан дин соҳасида бўлаётган ислоҳотлар айни муддаодир.

Инсон ўзини қийнаб, нафси буюрган ҳар бир ишни қилавериши оқил инсоннинг иши эмас, яъни ҳар бир ақли жойида бўлган инсон ўз ҳолатидан келиб чиққан ҳолда яшаши керак. Ушбу мақолада инсонга берилган неъматлар ичида энг ширини бўлмиш фарзанд неъматини “бошини иккита қилиш” жараёнидаги нафснинг чегарадан чиқиш ҳолатларига эътибор қаратилади.

Албатта, ҳар бир инсон келажагини фарзанди келажагида кўради, унинг орзу-истаклари фарзандининг бахтли ҳаёт кечириши учун йўналтирилгандек, гўё. Келинг, ақлни бир жойга йиғиб, мақолани ўқимасдан туриб, турли хулосалар чиқармай, 10 дақиқагина ўзимиз билан ҳоли қолиб, 100 нафар шайтон лашкари қилдира олмайдиган ишни биргина нафс қилдираётгани ҳақида тафаккур қилиб кўрайлик. Нафсимиз орқали қилаётган амалларимиз бизни қаерга етаклаяпти экан…

Қизимизнинг бўйи етиб қолди, ўғлимизни уйлантириш вақти келди. Қандай ажойиб давр, етказганига шукрлар қиламиз. Эшигимизни совчилар тақиллатмасидан олдин қизимизга сеп йиға бошлаймиз, яхши ният. Ишқилиб, яхши хонадонга келин бўлсин, бировдан кам бўлмасин, кўзининг ёши оқмасин, камситилмасин, тушган хонадонида ўз ўрнини топсин, яхши еб-яхши кийсин, оч қолмасин каби умидлар қиламиз. Ниятлар яхши. Ушбу ниятларнинг амалга ошиши сабабида эса адашмаяпмизми? Биз ушбу ниятларни амалга ошишини пулга, бойликка, моддийликка боғлаб қўймаяпмизми? Ушбу ниятлар амалга ошиши учун бизга берилган ризққа қараб иш кўриш ўрнига қарзга ботиб, умри давомида ишлатилиб-ишлатилмаса-да, керак бўлган-бўлмаган матоҳлар модаси кетидан қувиб етолмай, ўзимизни қийнаб, ҳар кўйга солиб, соғлигимиздан айрилиб, тўйдан сўнг қарзни қайтаролмай, инфаркт ё инсультга учраб ҳаётдан кетганлар йўқми орамизда? Қарзга олинган пулни фоиз билан қайтаришга келишиб олинган бўлса-чи, наҳот шундайлар йўқ ичимизда, ўзимиз бўлмасак, қўни-қўшни-ю, қариндош-уруғда, таниш-билиш-у, касбдошимизда? Ёки мен ундай қилмаганман, деб қўл силтаб кетаверишми? Шу нарсалар бўлмаса, бойроқ хонадонга узатилмас эмиш?! Хўш, кейинчи, кейин? Замонавий модадаги нарсалар билан узатилгач, биз орзу қилган бахт қуши қўндими қизимизнинг бошига? Тушган жойида яйраб-яшнаб, туп қўйиб, палак ёздими? Ё турли гап-сўзлар, деди-дедилар, қилди-қилмадилар, билди-билмадиларга ғарқ бўлдими? Дастлаб «кўнгилдагидек» (аслида бойроқ, қўшқаватли иморати бор, тагида қимматбаҳо машиналари борини) ини топиб узатган қиз томон энди қудаларини айбини санаб юради. Шу мода кетидан қувилган матоҳлар бахт бердими? Ҳеч қанча ўтмай туриб, икки ёшнинг келишмовчилиги, ёшлар у ёқда қолиб, кап-катта қудалар бир-биридан айб қидиришлар, ким ўзарга ҳақоратлар, жанжаллар, охир-оқибат ажрашишлар…

Энди куёв томонга назар ташлаймиз. Бир ишни бошини тутмаган, ҳунар эгалламаган, лоақал ўқишни эпламаган ёш-ёш ўғилларни уйлантириб қўймаяпмизми? Оила масъулияти нима эканлигини ҳис қилмаган, рўзғор ташвиши юкини кўтаришга қодир бўлмаган йигитларни тайёр қилиб берган уй-жойлар-у, тагига олиб берган машиналаримизни ҳайдаттириб, обрў орттираяпмиз. Қўлларида охирги русумдаги смартфонлар, орзулар осмон. Қарзга ботиб бўлса-да, бировдан кам бўлмайлик, дея қимматбаҳо ресторанларда уюштирилган, егуликларининг ярмидан ортиғи увол бўлиб қолиб кетадиган базму-жамшидлар, келин томонга ким ўзарга юборилган тоғоралар, ортиқча дабдаба-ю хашаматли кўп сонли машиналар, ерларни-ю ётоқларимизни тўлдириб сочиб ташланган гуллар, ёқилган шамлар ва ҳоказолар. Келиннинг сепидан камчилик қидиришлар, умри бўйи ҳалол меҳнат қилиб қизига олинган мебелларни қайтаришлар, тўйларнинг тхталиши, ёки никоҳдан кейинги қиз чиқмабди, деб барча матоҳлари билан шармандалича ҳайдаб юборишлар, ёҳуд тўйдан кейинги овқат қилишни билмайди, уй тутишни эпламайди, қайнона-қайнотани хизматини қилмайди, эрини ҳурмат қилмайди, қабилидаги гап-сўзлар ва яна ёшларнинг оила тутувини билмасликлари, қудалар орасидаги совуқчиликлар ва ажрашишлар…

Ҳа, дастлаб ниятлар бошқача эди. Фарзандларимиз бахтини кўриш эди, аслида, оқибат нима бўлди? Қаерда адашдик? Адашаётганимиз равшан! Эртага кеч бўлмасдан, ҳар бир нарсани ҳисобини қилиб қўйган Зотдан бошимизга мусибатлар келмасдан, ўрнимизга биздан яхшиларини келтиришга қодир Аллоҳга осий бўлмасдан, ўзимизни ўнглаб олайлик, биродарлар!

Аслида тўй нима учун қилинади, келиннинг сепи нима, муқаддас динимизда бу ишларда нималар дейилганлигини билмаслигимиз оқибати, бизга берилаётган ризққа ношукрлик қилиб, ортиғини истаётганимиз, одамлар орасида обрў орттириш, бировдан кам бўлмаслик, ўзини кўрсатиш, мақтанчоқлик каби иллатларимиз бизни чирмовуқдай ўраб олганининг оқибати бу! Ана шундай тўйларни қиламан деб, матоҳларни оламан деб, уй-жойимни хашаматли қиламан деб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб, кеча-ю кундуз ишлаб, соғлигидан кечиб, динида нуқсонга йўл қўйиб, гуноҳ ишларга ботиб, йўқолиб кетиб, турли фалокатларга учраб, ҳеч бўлмаса ўша ерда янги оила қилиб қолиб кетган, нима мақсадда кетгани ҳам ёдидан чиқиб, ғайридин аёллар билан оила қуриб яшаётган, бу ерда эса оиласи қийналиб, эрини бир неча ойлар, йиллар давомида кута-кута кўтара олмаган, алалоқибат талоқ қилишини сўраб, бошқа оила қурмоқчи бўлган аёллар йўқми ичимизда? Дастлаб ният эди? Қизимиз ё ўғлимизни бошини икки қилиш ниятида пул жамғармоқчи эдикми? Уйимизга тагли-тугли жойлардан ўзига тўқ хонадондан совчи келиши, бунинг учун эса уй-жойимизни замонавий ремонт қилишимиз, қимматбаҳо мебеллар олишимиз, модаси ўзгариб турадиган минг-минг долларли чинни буюмлар олишимиз, сарпосини ҳеч кимдан кам қилмай узатишимиз керак эдими? Шунча қийналишлар эвазига келган мол-дунё кетидан бахт келиши керак эдими? Аслида нима бўлди? Шунча мол-дунё кимлар учун камдек кўринди, кимлар учун хақорат бўлиб кўринди (чет элники эмас-да!), кимлар учун вақтинчалик обрў бўлди-ю, кутилган натижани бермади. Мени айблашга шошилманг, ҳамма шундай қиляпти-ку, шундай қилмаса одамлар гапиришади-да ахир, деяпсизми? Ана шу ерда биз адашяпмиз, биродари азиз! Аслида ҳар бир амалимиз Аллоҳ розилиги учун қилиниши керак эмасмиди? Динимиз буюрганидек, суннатга амалга қилган ҳолда иш юритсак бундай аянчли ҳолларга тушмаган, бу дунёда ҳам, ҳисоб-китоб кунида ҳам сўроғимиз осон, юзимиз ёруғ бўларди. Қани эди шундай бўлса. Қани эди ҳар биримиз ўзимиздан бошласак, қани эди фарзандларимизга тўғри тарбия бера олсак, қизларимизни меҳнатга ўргатсак, оила тутумини эплашга, бу дунёда бойлик эмас, ҳалоллик, иймон, тақво юксаклигини уларнинг мурғак қалбларига ўрнаштиролсак, ўғилларимизни мард, шижоатли, оила масъулиятини елкасида кўтарадиган, меҳнатсевар, ислом динига амал қилувчилардан қилиб тарбияласак.

Алҳамдулиллаҳ, халқимиз пок иймонли аждодларимиз авлодларимиз. Ҳозирда адашган жиҳатларимиз устида ишлаётган, келин томонга “осилмаётган” ва динимиз кўрсатмаларига амал қилиб қиз чиқариб, ўғил уйлантираётганлар кўпаймоқда. Келинг, шу сафни кенгайтирайлик, бир кунлик тўй бошимизга бир умрлик ва охиратлик азоб келтирмасин. Ёшларимиз бахти турли матоҳлар-у, зеб-зийнатда эмас, мустаҳкам иймон-эътиқодда, тўғри тарбияда эканлигини унутмаган ҳолда ниятимизни тўғри қилиб, фарзандларимизга тарбия берайлик. Бир-биримизни қийнамасдан, бировларни гапирмасдан, ўзимизни гуноҳга ботирмасдан яшайлик, азиз халқим.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Зухра Ходжимуратова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*