Жаннатга яқинлаштирувчи амаллар

Силаи раҳм фазилатлари улуғ бўлган амаллардандир. Бунга яққол мисол қилиб қуйидаги ҳадиси шарифни келтириш мумкин. Абу Айюб Ансорий розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, – деди. “Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан”, – дедилар”.

Аллоҳга ибодат қилишлик, Унга ширк келтирмаслик, намозни адо қилишлик, закотни беришлик ислом динининг рукнлари бўлгани боис булар ўз-ўзидан жаннатга яқинлаштирувчи амаллардир. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг қаторида силаи раҳмни зикр қилишлари қариндошлик алоқаларини яхшилашлик ҳам ҳудди шулар каби аҳамиятли эканининг далилидир. Ҳадисдан қариндош-уруғларга яхшилик қилиш ҳам жаннатга яқинлаштирувчи, ҳам дўзахдан узоқлаштирувчи икки томонлама манфаат берадиган амал экани маълум бўляпти.

Абу Ҳурайра розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Насабларингизни ўрганинг, у билан силаи раҳм қиласиз. Зотан, силаи раҳм аҳлга муҳаббат, молнинг зиёдаси ва асарини ортдан қолдиришдир”, – дедилар”.

Силаи раҳмнинг яна бир фазилатларидан бири бу аҳлга бўлган муҳаббат, молининг кўпайиши, ортидан эса асарини қолдириш экан.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг аввалини буйруқ билан бошладилар, яъни “насабларингизни ўрганинг” дея. Бу буйруқ эса силаи раҳм қилишлик учун берилган буйруқдир.

Силаи раҳм қилишлик учун насабларни ўрганиш лозимлиги борасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Яхшилик ва силаи раҳм” номли китобларида шундай деганлар:
“Бир киши бошқа бир кишини ўзининг қариндоши эканини билмай, шу туфайли унга силаи раҳм қилмай юрган бўлса, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун, қариндош-уруғларни яхши билиш, қариндошлик алоқаларини ўрганиш мусулмон кишининг бурчи ҳисобланади. Силаи раҳм қариндошлар ўртасида меҳр-муҳаббат уйғотади. Қариндош-уруғлар борди-келди қилсалар, бир-бирларини зиёрат қилсалар, бойлари ҳожатмандларига ёрдам қилсалар, ҳол аҳволларидан хабар олсалар, касал бўлганда бориб кўрсалар, оғирини енгил қилсалар, мушкулларини осон қилсалар, ўз-ўзидан орада меҳр пайдо бўлади.”

Инсон барча қариндошларига бирдек силаи раҳм қилишга ҳаракат қилиши лозим. Баъзи қариндошларига кўпроқ, баъзиларига эса камроқ бўладиган бўлса, ўша камроқ меҳр кўрсатилаётган қариндош билан секин-аста узулиб кетишлик юзага келиши мумкин. Чунки биз кам зиёрат қиладиган, ҳолларидан кам ҳолатлардагина хабар оладиган қариндошларимизга бизнинг фарзандларимиз умуман силаи раҳм қилишни тарк қилиб қўядилар. Бунинг оқибатида бу қариндошлик алоқаларини узулиб кетишига биз сабабчи бўлиб қолган бўламиз. Бундан эса сақланиш ва инсон ўз насабини ўрганиши лозим.

Абу Ҳурайра розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқини кенгатирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин”, – дедилар”. Бу ҳадисдан силаи раҳм қилувчининг ризқи кенг бўлиши ва ажали ортга сурилиши маълум бўлмоқда. Қуйида шу маънодаги ҳадислар келтирилган. Исмоил ибн Умайя розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: “Язийд Риқошийнинг қуйидагини айтганини эшитдим: “Менга айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ ризқини зиёда қилишини, ажалини ортга сурилишини истаса, Роббига тақво қилсин ва раҳмига сила қилсин”, – дедилар”. Анас ибн Молик розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким умрининг узайтирилишини, ризқининг зиёда қилинишини истаса, ота-онасига яхшилик ва қариндошларига силаи раҳм қилсин”, – дедилар”. Ибн Умар розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким Роббига тақво қилса ва раҳмига сила қилса, моли сероб бўлади, ажали ортга сурилади, аҳли унга муҳаббат қилади”. Ибн Умар розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким Аллоҳдан қўрққан бўлса, силаи раҳм қилган бўлса, унинг умрига умр қўшилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради”. Аллоҳ бандаларини қилишликка буюрган амалларида улар (бандалар) учун жуда кўп яхшиликлар ва фазилатлар бор экани силаи раҳмнинг фазилатлари орқали кўриб чиқилди. Демак, қариндошларга яхшилик қилиш фазилатлари катта амаллардан эканлиги аниқ бўлди. Силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини яхшилаш кишига бу дунёнинг ўзида ҳам бир қанча фойдаларни берар экан.

Улардан бу ҳадиси шарифда саналгани қуйидагилардир:
1. Аҳлининг муҳаббати.
Ким аҳлининг муҳаббатига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.
2. Мол-мулкининг кўплиги.
Ким кўп мол-мулкка эришмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.
3. Умрнинг зиёдалиги.
Ким умрининг зиёдалигини истаса, силаи раҳм қилсин. Инсон яхшиликни, энг аввало, энг яқин инсонларидан бошлаши лозим. Кишининг энг яқин инсонлари ота-онаси, жигарлари, аҳли аёли, фарзандлари ва ҳаказо. Миқдом ибн Маъдикароб розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизга оналарингизга яхшилик қилишни тавсия қилади. Сўнгра оналарингизга яхшилик қилишни тавсия қилади. Сўнгра оталарингизга яхшилик қилишни тавсия қилади. Ундан кейин яқинидан бошлаб қариндошларга яхшилик қилишни тавсия қилади”, – деганларини эшитдим”. Шарҳ: бу ҳадисдан аввал онага, кейин отага, кейин улардан кейин келадиган қариндошларга яхшилик қилиш кераклигини тушуниб оламиз.
Демак, аввал ота-онага яхшилик қилиш керак. Ундан кейин улардан сўнги мартабада турадиган қариндошга яхшилик қилишга ўтиш керак. Шу тарзда қариндошлик риштасининг яқинлигига қараб яхшилик қилиш тартибини белгилаб олиш лозим экан.

Силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор:
1. Аллоҳ таолонинг розилиги бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради;
2. Мўминларга хурсандчилик етказиш бор – бу ҳақда хабар келган;
3. Силаи раҳм билан фаришталар хурсанд бўладилар;
4. Силаи раҳмда мусулмонларга яхши мақтов бор;
5. Иблисга ғам етказиш бор;
6. Силаи раҳм билан умр узаяди;
7. Ризқда барака бўлади;
8. Марҳумлар хурсандлиги бор, чунки ота-она ва боболар ортларида қолганларнинг силаи раҳмидан мамнун бўладилар;
9. Дўстлик кучаяди, чунки бир сабаб билан қавм-қариндошлар тўпланишиб, қувонч ёки ғамда бир-бирларига шерик бўладилар ва бу ҳол уларда дўстликнинг кучайишига сабаб бўлади;
10. Ўлгандан кейин ҳам ажрининг кўпайиши бор. Чунки қариндошлар ортидан дуо қиладилар, ҳамма вақт яхшиликларини эслаб юрадилар.
Жамият саодати, қонуний тартиблар ва оилалар мустаҳкамлигида қариндошлик алоқаларининг аҳамияти муҳимдир. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталарнинг энг кучлиси – қариндошликдир. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ва муносабатлар мана шу ришталарнинг энг муҳими ҳисобланиб, инсон шу риштага суянади, ундан куч-қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишида унга таянади, у орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Исломдан олдин ўтган қавм ва элатлар ҳам қариндошлик ришталарини дўстлик, раҳм-шафқат алоқаларини мустаҳкамлашда ва ўзаро манфаатларини амалга оширишда асосий омил деб билишган.

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Усмонова Хуршида

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*