Луқмони Ҳаким ҳикматларида эзгуликка буюриш, ёмонликдан қайтариш

Қуръон ва суннат, ҳикматлар комил шахс, комил жамият вужудга келишbга ундайди. Маълумки, барча умумилоҳий динларда ахлоқ, инсонни комилликга етакловчи қоидалар устуворлик мақомига эга. Хусусан, бизни ислом динимизда комиллик ва аҳлоқ алоҳида ўрин эгаллайди. Чунончи, ислом комилликни илоҳий мақомига кўтаради ҳамда диний ва дунёвий комилликни уйғунликда, узвийликда бўлшини талаб қилади. Аллоҳ гўзал ва у комилликни севади. Аллоҳни севадиган одам албатта комилликни севиши лозим. Шунингдек, ислом – гўзал ахлоқдир. Яъни динимизни моҳияти ана шу икки бизнинг талқинимиздаги “эстетик тушунча”га бориб тақалади: ислом комиллик ва ахлоқийлик динидир. Комиллик ва ахлоқ дини бўлган Ислом дини етиб борган ҳар бир халқ ва жамият ҳаётида чуқур из қолдирган. У ўзининг гўзал тарзда келтирилган буйруқ ва қайтариқлари, тавсия ва таклифлари билан кишиларни маънавий, ахлоқий ва ҳатто иқтисодий жиҳатдан ҳам юксалтирган.

Инсон ҳаётида ахлоқий меъёрлар ҳам катта аҳамиятга эга. Улар тамойилларга нисбатан анча содда, умумлашмаган, тор қамровли. Уларни кундалик ҳаётимизда маълум ахлоқий тамойилларнинг амалга ошиш муруватлари ҳам дейиш мумкин, улар ахлоқий талабларнинг энг оддий шакли сифатида рўёбга чиқади. Ҳалоллик, ростгўйлик, хушмуомалалик, боодоблик, камтарлик сингари меъёрлар айниқса, диққатга сазовар. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳалолликни унинг дастлабки тор диний мазмунида қайси таом ҳаром-у, қайсиниси ҳалол, деган маънода тушунмаслик лозим. У аллақачон умуминсоний маъно касб этган меъёрга айланган. Ҳалоллик, ростгўйлик виждон тушунчаси билан боғлиқ, инсоннинг ўзгага муносабати ўзига муносабатидек соф бўлишини талаб этувчи меъёрлардир.

Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифида «Мен чиройли ахлоқни охирига етказиш учун юборилдим» дейдилар. Ушбу ҳадис матнидаги макоримул ахлоқ сўзини уламолар хулқнинг асллари, ҳақиқийлари, тоза, покизалари дейдилар. Ёки пайғамбаримизнинг хулқларига нисбатан «Маҳосин ахлоқ» ёки «Фазоили ахлоқ», яъни ахлоқнинг чиройлилари, фазилатлари, «Афозил ахлоқ», яъни ахлоқнинг баландлари, афзаллари, деган иборалар қўлланилади. Шунингдек, бунинг муқобилида, аксинча, «хулуқи саййиъа» – ёмон хулқ, «хулуқи суи», – хулқнинг ёмони, ёмонлиги каби сўзлар ҳам ҳадиси шарифларда учрайди.

Қуръони карим таълимотига кўра гўзал ахлоқ таълими нафсни тарбия этиш йўли билан бўлади. Инсоннинг нафси бамисоли ёш болага ўхшайди, унинг сўраганини бажо келтиришга қаноат қилмайди, яна бошқасини сўрайверади. Шунинг учун нафснинг айтганини доимо қилавермаслик, бу борада шариат доирасидаги ҳад-ҳудудни сақлаш ахлоқни гўзаллаштиради. Шу билангина инсон ўз орзу-ҳавасларининг олдига тўсиқ қўйиши, ўз-ўзига ҳоким бўлиши мумкин ва шунда иродаси кучаяди. Шунда инсон нафси ҳавосига тобе бўлмасдан, ақли, илми, маърифати тақозо қиладиган ишларни бажариш ҳолига келади. Бундай тарбияни олганлар жуда ориф, жуда зариф, жуда комил, етук инсонлар бўлиб етишадилар.

Жумладан Луқмони Ҳакимни ўз ўғлига қилган тўққиз насиҳати ҳам тарбия бобининг энг юксак наъмуналаридир. Юқоридаги “Луқмон сурасида зикр қилинган ахлоқий-таълимий масалалар” бўлимида оятлар билан танишиб чиқилди.

Маълумки, “Луқмон сураси”нинг 13 ва 16-19-оятларида тўққиз насиҳат келтирилган. Улар қуйидагича:
• ширк қилмаслик;
• ризқ учун таваккул қилиш;
• намозни адо этиш;
• амри маъруф ва наҳий мункар қилиш;
• сабрли бўлиш;
• кибрланмаслик;
• юришда ўртачалик
• юзни буриштирмаслик;
• овозни пасайтириб гапириш.
Эзгуликка буюришнинг энг аълоси бу ихлосдир. Ихлос – амалнинг руҳидир “Ихлос” луғатда риё(хўжа кўрсин)ни тарк қилишдир. Шариат истилоҳида эса: “Аллоҳнинг розилигига эришиш мақсадида амални ҳар хил аралашмалардан халос қилишдир”. Яъни амалга риё ва сумъа (одамлар кўрсин ва одамлар эшитсин)га ўхшаш нарсалар аралашишидан тозалашдир.

Пайғамбар алайҳиссалом таъбирлари билан айтганда: “Ихлос Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилмоқдир. Агар сен уни кўрмасанг ҳам, у сени кўриб туради” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ўринда ихлосга эҳсон деб таъбир берилмоқда.

Ибн Иёз: “Одамлар учун амални тарк қилиш риё ва одамлар учун амал қилмоқ ширкдир. Ихлос эса, бу иккисидан Аллоҳ сени сақлашидир” дейдилар.

Ихлос қалб амали бўлиб, у эса Аллоҳ назар соладиган жойдир. Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Аллоҳ сизларни сурат ва молу-дунёларингизга қарамайди. Лекин қалбларингиз ва амалларингизга қарайди” (Имом Муслим ривояти). Яъни амал қилишда қалбларингизда ихлос бор – йўқлигига қарайди.

Аллома Искандарий: Ташқи аъзолар билан бажариладиган солиҳ амаллар руҳсиз (жонсиз) суратларга ўхшайди. Уларнинг руҳи ихлос сирини уларда бўлмоғидир дейдилар. Руҳсиз суратдан фойда йўқ. Чунки у ҳаракатланмайди. Шунингдек, ихлоссиз амал Аллоҳнинг қабул даргоҳига кўтарила олмайди. Аллоҳ қабул қилмаган амалдан нима фойда. Кимки амалини ҳар хил риё ва ужуб(қилган ишидан ажабланиб, ўзига катта баҳо бериш, кибрланиш)га ўхшаш аралашмалардан тозаласа, унга руҳ бериб тирилтирган бўлади. Шундагина уни Аллоҳ қабул қилиб, у амал учун ваъда қилинган мукофатларга сазовар қилади. Агар кимки амалига бошқа дунёвий мақсадларни аралаштирса, холис Аллоҳ учун қилмаса, амалига энг ёмон ботиний касаллик бўлмиш риё (хўжа кўрсин)ни аралаштирса, амали гуноҳга айланади. Инсон қанча кўп амал қилмасин, агар амалида ихлос бўлмаса, машаққатдан бошқа нарсага эришмайди”.

Ҳадиси қудисийда Аллоҳ таоло айтади: “Ихлос менинг сирларимдан бир сирдир. Уни ўзим суйган бандамнинг қалбига қўяман. Ундан фаришта хабардор бўлиб ёза олмайди ва шайтон хабардор бўлиб буза олмайди. Демак, ихлос жуда қимматли нарса бўлиб, Аллоҳ яхши кўрган бандасини қалбига қўяр экан, бизни қалбимизда ихлос йўқ экан, ҳали биз Аллоҳ суйган банда эмасмиз. Аллоҳнинг севикли қулига айланишга ҳаракат қилайлик! Аллоҳдан дуо қилиб сўрайлик! Аллоҳни севикли бандаси бўлиш мўминни олий мақсади эмасми? Уламолар айтадилар: “Агар Аллоҳ бандани ихлоссизлик билан қилган амалини қабул қилмаса, қиёмат кунида ушбу амали бир ифлос латтага айлантирилиб, у билан кишининг юзига урилади”. Шунинг учун, уламоларимиз намоздан кейинги машҳур дуоларида Аллоҳга шундай дуо қиладилар: “Эй Аллоҳим, ўқиган намозимизни қабул қил, қиёматда у билан бизни юзимизга урма!” Уламолар айтадилар: “Киши ибодат ёки яхши амални қилишда фақатгина уларни дунёвий манфаатини мақсад қилса, у ҳам ихлоссиз амал бўлади.

Ҳар қандай ибодат ёки яхши амал холис Аллоҳ учунқилиниши лозим. Шунда банда ўз-ўзидан ибодати ва амалининг дунёвий манфаатига ҳам эришади. Ихлос билан қилинган амал бу дунёда ҳам ўз соҳибига манфаат беради”. Бунинг мисоли сифатида ўтган умматлардан бирида содир бўлган воқеани эсга оламиз:

“Уч киши тоғ ёнбағрида кетар эди.Тўсатдан ёмғир ёғиб қолди, улар бир ғорга беркиндилар.Шу пайт бир харсанг тош юмалаб келиб, ғор оғзини беркитиб қўйди.Улар нима қилишларини билмасдан ҳайрон бўлиб қолдилар.Шунда ораларидан бири айтди: Ҳар бир киши дунёда ихлос билан қилган бир амалини ўртага қўйиб дуо қилсин деди. Бири ота-онасига холис хизмат қилганини ўртага қўйиб ғор оғзини очилишини сўраб, Аллоҳга дуо қилди.Иккинчиси Аллоҳ учун ўзини зинодан тўхтатиб қолганини ўртага қўйиб, ғор оғзини очилишини сўраб, Аллоҳга дуо қилди. Учинчиси хизматкорни ҳаққидан қўрқиб, уни кўпайтирганини, келиб сўраганда эса, хизматкор ҳаққини кўпайган ҳолатида бериб юборганини ўртага қўйиб, ғор оғзини очилишини сўраб, Аллоҳга дуо қилди. Ҳар бири дуо қилганда ғор оғзи оз-оздан очилди ва ниҳоят бутунлай очилди. Ихлос одатни ибодатга айлантиради. Бир киши ихлос ва гўзал ният билан одатий ишини ибодатга айлантиради. Мисол учун, бир инсон таомланиш ёки ухлаш ва дам олишдан ҳузур ҳаловатни мақсад қилса, у ушбу амалларига савоб олмайди. Фақат дунёда ҳузр – ҳаловат топади холос. Агар ушбу амалларни ибодатга ёки илм олишга ёки оила боқиш учун касб қилишга қувват бўлсин деган ният билан, ихлос билан қилса, ибодатга сабаб бўлишини ният қилгани сабабли ушбу одатдаги ишлари ибодатга айланади ва савоб олади. Шу билан бир қаторда дунёнинг ўзида ундан ҳузр – ҳаловат топади.Фақат ибодатда эмас, балки, ҳар бир киши – косиб ўз касбида, иш юритувчи иш юритишида, раҳбар ўз раҳбарлигида, бир сўз билан айтганда, ҳар бир шахс ўз ишида ихлос билан иш юритиши, лозимдир. Шундагина ривожланиш ва тараққиёт бўлади.

Танбеҳ: Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар биз дунёда мўмин бўлиб ҳаёт кечирсак, намоз ўқисак, рўза тутсак, закот берсак, ҳажга борсак, хайри эҳсон қилсак, етимни бошини силасак ва шунга ўхшаш амалларни қилсаг-у, бу амалларимиз ихлоссизлик сабабли қабул бўлмай қолса, (Аллоҳ сақласин) бизни дунёда амалсиз ўтган мўминлардан нима фарқимиз бўлади? Уни устига амаллар давомида тортилган машаққатларни айтмайсизми? Қиёматда Аллоҳ тарафидан ўзга учун қилинган амалга бериладиган азобничи?

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Нурмуҳаммедова Ирода

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*