Рамазон рўзаси фазилатлари

Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара,183).

Салмони Форсий р.а. шундай дедилар: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ с.а.в. бизларга хутба ўқиб шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой келмоқда. У ойда бир кеча борки, у минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечаси намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У хайр-эҳсон улашиладиган ой. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “ Эй Расулуллоҳ! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку” –дедик. Расулуллоҳ с.а.в.”Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга Ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди” – дедилар.
Рамазон арабча “ар-рамад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. “Ар-рамдо” эса, қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради. Мана шундай иссиқда қолиб кетган подадаги мол-қўйларнинг жигарлари қуриб, улар тезда халок бўлади.

Шунинг учун араблар “офтоб уриши” ни “рамадатул-ғанам” (чорванинг куйиши) дейдилар. Бу ҳақда Имом Замахшарий мана бундай деганлар: “Ҳар бир ойни номлаш вақтида шу ойдаги бирор белги билан ёки ўзига хос хусусият билан номига аҳамият қилганлар. Рамазон ойи эса йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келган. Шунинг учун уни жуда иссиқ, жазирама маъносида рамазон деб атаганлар”. Бинобарин, бу ойнинг Рамазон деб аталишининг сабаби – гуноҳларни ёқиб йўқ этгани учундир.

Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилиб айтадилар: “Кимки Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.(Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Бу ой шундай ойки, биринчи ўн кунлиги раҳмат, икинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса, дўзахдан нажотдир”. Аллоҳнинг рахмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг раҳмати ёғилган оила эса, албатта, барокотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик ҳукмронлик қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, рўзадор киши оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушканбарнинг ҳидидан ҳушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. Бири- ифтор вақтида, иккинчиси- Парвардигорга йўлиққанида”-дедилар. (Бешовлари ривоят қилган). Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “ Албатта, жаннатда “Раййон” номли эшик бордир. У эшикдан қиёмат кунида рўзадорларгина киради. Улардан бошқа кимса кирмайди. Қаерда рўзадорлар деб нидо қилинади. Сўнг рўзадорлар ўринларидан турадилар ва у эшикдан жаннатга кирадилар. Улар кириб бўлганларидан сўнг у эшик ёпилади, улардан бошқа кимса у эшикдан кирмайди”.

Қуръони карим Рамазон ойида нозил бўлди. Қадр кечаси ҳам Рамазон ойидадир. Рамазонда саҳарликни вақтининг сўнггига томон, ифторликни эса, вақти кириши билан бошида қилиш суннат. Расулуллоҳ бу икки суннатни бажаришга жуда катта аҳамият берардилар.

Ифторда шошилиш ва саҳарликни кеч қилиш, балки инсоннинг ожизлигини, еб-ичишга муҳтожлигини кўрсатади. Ибодат дегани ҳам аслида шу.

Рамазонда рўза тутиш ҳақида айтилган ҳадиси шарифлардан:

“Рамазон ойи муборак бир ойдир. Аллоҳу таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Бу ойда раҳмат эшиклари очилади, жаҳаннам дарвозалари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Бу ойда шундай бир кеча борки, минг ойдан ҳам қадрлидур. Бу кечанинг (Қадр кечасининг) хайридан маҳрум қолган одам ҳамма хайрдан маҳрум қолган бўлиб ҳисобланади.” (Насоий)

“Рамазон ойида рўза тутишни фарз билиб ва унинг савобини Аллоҳу таолодан кутган кимсанинг гуноҳлари авф бўлади.” (Бухорий)

“Рамазон рўзасини тутиб, вафот этган кимса жаннатга киради.” (Дайламий)

“Рамазон ойи бошланганда “Эй хайр аҳли хайр қилишга шошилинг! Эй ёмонлик аҳли, сенлар ҳам ёмонлик қилишдан ўзларингни тийинглар!” дейилади.” (Насоий)

“Рамазон ойи баракот ойидир. Аллоҳу таоло бу ойда гуноҳларни кечиради, дуоларни қабул қилади. Бу ойнинг ҳурматини жойига қўйинг! Фақат жаҳаннамга кетадиган одамгина бу ойда раҳматдан маҳрум қолади.” (Табароний)

“Рамазони шариф бошланганида Аллоҳу таоло фаришталарга мўминлар учун истиғфор этишларини амр қилади.” (Дайламий)

“Ҳар бир фарз намоз кейинги фарзгача, жума намози кейинги жумагача, Рамазон эса кейинги Рамазонгача бўлган гуноҳларга каффорат бўлади.” (Табароний)

“Рамазонда рўза тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш эса суннатдир. Бу ойда кундузлари рўза тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказганнинг гуноҳлари кечирилади.” (Насоий)

“Рамазон ойида аҳлу оилангизга нафақа беришда сахий бўлинг. Бу ойда қилинган харажатлар худди Аллоҳ йўлида қилинган харажатлардек савобдир.”

“Рўза тутган мўминнинг сукути тасбиҳ, уйқуси ибодат, дуолари мустажоб ва амалларининг савоби ҳам серобдур.” (Дайламий)

“Хусусан рўза тутганингизда ёмон сўз айтманг! Биров сизни безовта қилса унга “Мен рўзадорман” деб айтинг.” (Бухорий)

“Аллоҳу таолонинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва ҳеч кимнинг хаёлига келмаган неъматлар тўла дастурхонига фақат рўза тутганларгина ўтиради.” (Табароний)

“Рўзадор ҳолида вафот этган одамга қиёматгача рўза тутгандек савоб берилади.” (Дайламий)

“Рўза шаҳватни жиловлайди.” (Имом Аҳмад)

Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ойдир. Шунингдек, тенглик ойи бўлиб, бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.

Раҳмат ойи Рамазон,
Аллоҳдан улуғ инъом.
Мўъмин учун зўр имкон,
Ажридан насиб этсин.
Замирида ҳикмат кўп,
Олтиндан-да қадри хўб,
Насиба ортар тўп-тўп,
Маҳзунлик дилдан кетсин.
Ундаги бор савобни,
Барча эзгу матлабни,
Орзудаги жаннатни,
Раййонни насиб этсин.
Аллоҳим рўзадорга
Кавсарин ато қилсин!

 

Ахборот- ресурс маркази
раҳбари М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*