Ҳадиси шариф билимдони

Куни кеча пойтахтимизда тарихий кун – «Ҳадиси шариф билимдони – 2018» республика кўрик танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Ушбу мусобақа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида илк бор юртимизда кенг миқёсда ўтказилди. Ислом оламида Қуръони каримдан кейин иккинчи муқаддас манба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари саналади. Уламолар ҳадисга «Ҳадис – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан асар бўлиб қолган сўз. феъл, тақрир, халқий, ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга оид маълумотлардир», деб таъриф берганлар. Ҳадиснинг алоҳида манба сифатида ажратилишига сабаб барча мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашишлари шарт ва Қуръони карим оятларида шунга буюрилган:

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا

«Сизга расул нимани берса олинг ва нимадан қайтарса, қайтинг» (Ҳашр сураси 7 оят).

Ушбу илоҳий амрга бўйсуниб саҳобаи киромлар у зотнинг ҳадисларини омонат сифатида ўзларидан кейинг умматларга етказдилар. Асрлар давомида барча имомлар, муҳаддислар, уламолар ўз умрларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини тўплаш, ўрганиш, саралаш ва бошқа одамларга таълим беришга бағишлаганлар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб сўнгра адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деганлар. Яқиндагина якунига етган Қуръон мусобақаларидан сўнг юртимизнинг барча вилоятларида «Ҳадиси шариф билимдони» мусобақаси бошлаб юборилгани барчага катта қувонч келтирди ва илм-у маърифат йўлида янада чуқурроқ изланишда давом этишга ундади.

Мусобақа Тошкент шаҳри аҳолиси иштирокчилари, Тошкент Ислом Институти талабалари ва Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида ўтказилди. Тошкент шаҳри аҳолисидан 13 та, Тошкент Ислом Институти талабаларидан 6 та ва Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти талабаларидан 15 та, жами 34 нафар қатнашчи иштирок этди. Даставвал, Тошкент шаҳар аҳолисидан келиб тушган аризаларга биноан иштирокчилар билими синалди. Сўнгра Тошкент Ислом Институти талабалари ҳамда Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти талабалари иштироки амалга оширилди. Шунингдек, кўрик танлов давомида Хадичаи Кубро билим юртининг зийнат қориялари ўз тиловатлари ва саловатлари билан ҳадиси шариф ихлосмандларини ва иштирокчиларни хушнуд этишди.

Мусобақа ўз ниҳоясига етгач, натижалар тантанали равишда эълон қилиниб, тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Якуний натижалар:

1-ўрин: Хадичаи Кубро ЎМИБЮ 4-курс талабаси Маннобжонова Робия – 97 балл
2-ўрин: Хадичаи Кубро ЎМИБЮ 4-курс талабалари Асқарова Рисолат ва Юсуфий Рокия – 90 балл
3-ўрин: Тошкент шаҳри аҳолиси иштирокчиси Нарзуллаева Маликахон – 87 балл

Ғолибалар мусобақа ташкилотчилари томонидан эсдалик совғалари ва диплом билан тақдирландилар. Биринчи ўрин соҳибаси телевизор билан, иккинчи ўрин соҳибалари кир ювиш машинаси билан тақдирландилар. Учинчи ўрин соҳибаси эса чангюткични қўлга киритди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти битирувчиси Исоқжонова Муҳсина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*