Тўғри овқатланишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши намуна эканликлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соғликни муҳофаза қилиш борасида биз умматларга намуна бўлганлар. Шу жумладан, тўғри овқатланиш борасида ҳам. Бу борада У зотдан саҳобалар томонидан жуда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ҳадисларда келган хабарларни бугунги тиббиёт олимлари ўрганиб чиқиб тасдиқлашмоқда. Ҳадислар билан танишиб чиқишдан аввал, таомланиш одоблари билан танишиб чиқамиз.

Таомланишдаги одоблар
1. Қорни очганидан кейин таом ейиш ва тўймасидан бироз аввал ейишни тўхтатиш.
2. Таомдан олдин қўл ювганда қўлни сочиққа артмасдан ўз ҳолича қуритиш (бунда ювганнинг асари қўлда қолади. Таомдан кейин қўл ювганда таомнинг асри кетиши учун қўлни сочиқ билан артилади).
3. Овқатланишдан олдин “Бисмиллаҳ” дейиш ва ўнг қўл билан ейиш.
4. Илм, тақво ва амалда ўзидан юқори бўлганлардан ёки ёши улуғлардан олдин таомни бошламаслик.
5. Луқмани кичикроқ олиш.
6. Идишнинг (ўртасидан эмас) четидан ейиш.
7. Луқмани шошмасдан яхшилаб чайнаш.
8. Оғиздаги таомни ютмасдан кейинги луқмага қўл узатмаслик.
9. Луқмани оғзига олиб борганда оғзини катта очмаслик.
10. Ҳар бир луқмани бошида “Бисмиллаҳ”, еб бўлгач, “Алҳамдулиллаҳ” дейиш.
11. Таом ейиш пайтида ён-верига қарайвермаслик.
12. Йўтал ва аксириш ҳолатларида юзини дастурхондан бошқа томонга буриш.
13. Агар оғзидан бирон нарса чиқса, юзни ўгириб чап қўл билан олиш.
14. Атрофдагиларга ёқимсиз ҳатти-ҳаракатларни қилмаслик.
15. Шериклар билан овқатланганда тишлаган луқмасини цирка, шўрва кабиларга ботирмаслик.
16. Шерикнинг қўли идишда бўлганида қўлини узатмаслик.
17. Овқатдан чиққан қолдиқлар (суяк, пўчоқ кабилар)ни ўзгалар олдига қўймаслик.
18. Кишиларни ейишга мажбур қилмаслик. Фақат меҳмон ва бемор бўлса, бундан мустасно. Шунда ҳам ҳаддан зиёд мажбурлаш, тўйганидан кейин ҳам ейишга қайта – ундаш яхши эмас.
19. Қўлдаги луқмадан дастурхонга бўлаклар тушишидан эҳтиёт бўлиш.
20. Таом истеъмол қилиб бўлгач Аллоҳ Таолога ҳамд айтиш.
21. Таомдан сўнг қўлларни ювиш.

Бу овқатланиш одобларининг барчаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига таянган ҳолда тартибга солинган. Энди бу одоблар билаб биргаликда ҳадислар билн танишиб чиқамиз. Овқатланишда эътибор бериладиган энг муҳим ишлардан яна бири овқатдан олдин ва кейин қўлни ювмоқдир.

Салмон розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади:
“Тавротда албатта таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювмоқдир, дейилганини ўқидим. Ўшани Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. У зот: “Таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювмоқдир ва ундан кейин икки қўлни ювмоқдир”, дедилар”.

Ҳозирги кунда овқатдан олдин икки қўлни ювишни кишилар “шахсий озодалик”, “маданият” деб атайдилар. Баъзилар овқатланишдан олдин қўл ювишни билмайдилар ҳам. Ислом дини эса, таомдан олдин икки қўлни ювишни диний таълимотлар сирасига қўшган ва уни “барака” деб атаган. Шу ҳадисга биноан қўлларимизни “динимиз амрига мувофиқ ювмоқдаман”, деб ният қилсак савоб оламиз ва таомнинг баракасига эга бўламиз. Бу эса, сиҳат-саломатлигимизга зарар етишининг олдини олади. Кундалик ҳаётда инсон барча ишларни қўллари воситасида амалга оширади. Овқатдан олдин қўл ювилганда ундаги ҳар хил ифлосликлар, масалан, кир, лой ва бошқалар кетади. Қўлнинг ифлосланиш даражасига қараб 400-500 хил микроб бўлади. Тоза сув билан ювилганда шу микробларнинг 400 га яқини ювилиб кетади. Совун билан ювилганда қолган 100 га яқин микроб ҳам ювилиб кетади. Агар қўл ювилмай овқатланилса, ҳар хил юқумли касалликлар, жумладан, ошқозон, ичак, жигар ва яна бошқа аъзоларнинг касалланиши, гижжа касалликлари келиб чиқади. Бу айниқса ёш болаларда кўп учрайди. Шунинг учун катталар болаларнинг овқатланишдан олдин қўлларини ювишларига эътибор беришлари лозим. Қўлда мусбат зарядлар йиғилади. Юрак ҳар урганда қон томирлар бўйлаб мусбат зарядларни тарқатади. Бу мусбат зарядлар қўл қон томирлари орқали қўл кафтлари, қўл учларида йиғилиб қолади. Бу мусбат зарраларни манфий зарядланган сув молекулалари ювиб олиб кетади. Мусбат зарядларнинг қўлда йиғилиб қолиши ҳам одам организми учун зарарлидир.

Таом ейишда “Бисмиллаҳ” айтишнинг аҳамияти

Таомни ейишда “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” билан бошлаш керак.

Умар ибн Абу Саламадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларидаги бола эдим. Қўлим лаганда бориб келар эди. Бас у зот менга: “Эй ғулом! Аллоҳнинг исми билан, ўнг қўлинг билан, ўзингнинг олдингдан егин!”, дедилар. Шундан сўнг менинг емоғим худди ўшандай бўлиб қолди”.

Умар ибн Абу Салама Умму Саламанинг ўғиллари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай ўғиллари бўлган ва у зотнинг қарамоғларида ўсган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир дастурхонда ўтирганлар. Овқат ейишаётган пайтларида унинг қўли идишнинг турли томонларига чўзилаверган. Овқат ейишни бошлаганларида Аллоҳнинг исмини айтмаган ва чап қўли билан еган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни кузатиб турдилар. Сўнг: “Эй бола! Бисмиллаҳни айтгин, чап қўлинг билан эмас, ўнг қўлинг билан егин, ўзингга яқин жойдан егин”, дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ҳам чиройли овқатланиш одобини ўргатдилар, ўгай фарзандлари бўлишига қарамай унинг овқатланиш ҳолатига ҳам жиддий аҳамият бердилар. Бу исломий тарбиянинг муҳим томонидир.

Бизнинг тановул қилганимиз овқат ва таомларнинг 60-90 фоизи сувдан таркиб топган. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” калимаси таомлардаги сув тизимини мутаассир этиб, уни мусбат энергия билан тўлдиради.

Бу калималарнинг таъсири таомнинг ҳар заррасида зоҳир бўлади. Овқат 3 та ҳазмни кечиб, 4-ҳазмга келганда, ҳужайралар бу овқатлардан (метахондрияларда) зикр ишлаб чиқаради.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” калимаси – овқат ейила бошлагандан тортиб, то зикр ишлаб чиқаришгача бутун жараённи муҳофаза қилади, уни осонлаштиради. Ҳозирги кунда кўпчилик ота-оналар болаларининг овқатланишларига бепарво қарайдилар. Овқатдан олдин қўлларини ювишга аҳамият бермайдилар, бисмиллоҳни айтишни ўргатмайдилар ва овқатланиш борасидаги бошқа аҳамиятсиз бўлиб кўринган ишларга эътибор қилмайдилар. Ҳолбуки, шу нарсалар инсоннинг тозалиги ва соғлигига катта таъсир кўрсатади. Бугунги кунда овқатланишда динимиз кўрсатмаларига амал қилинмаётганлиги ҳар хил касалликларга, одам организмида турли зарарли микроблар, гижжалар кўпайиб кетишига сабаб бўляпти. Юқорида таълим берган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари инсон соғлиги учун ниҳоятда фойдали эканлиги ҳозирги тиббиётда ҳам ўз исботини топди. Овқат ейишни бошлашдан олдин “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” дейиш суннатдир. Бу сўзни айтганда шайтон қочади, таомга шерик бўлмайди, шунда таомнинг баракаси бўлади. Бисмиллаҳни айтиш очкўзликни кетказади, қаноатли бўлишга ундайди. Бисмиллаҳ деб таом ейишни бошлаганда киши ҳаром нарсани ейишдан тийилади.

Бисмиллаҳни айтмаган одам тўйганини билмайди, натижада кўп овқатланиб қўйиб қийналади, бирор касалликка чалинади.

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Усмонова Хуршида

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*