Қуръони карим ва ҳадисларда силаи раҳм

Мустаҳкам, тинч-осойишта оилалар жамият барқарорлиги, тараққиёт ва обод турмуш асоси ҳисобланади. Муҳтарам Юртбошимиз ва турли соҳалар мутасаддилари оилалар барқарор, бахтли бўлиши учун тинмай ғамхўрлик қилмоқдалар. Натижада турмуш фаровонлиги ошмоқда, халқимизнинг маданий-маърифий савияси юксалмоқда.

Оила мустаҳкам ва фаровон бўлиши, унда доимо тинчлик ҳукмрон бўлиши учун энг аввало, қариндош-уруғ билан алоқаларни мустаҳкамламоқ лозим. Чунки қайси бир оиланинг бошига қийинчилик ёки хурсандчилик келмасин унинг ёнида доимо қариндош-уруғлари суянчиқ бўлиб туради.

Юртбошимиз таъбири билан айтадиган бўлсак: “Оилада ўзаро ҳурмат ва қаттиқ тартиб бўлмаса, оиланинг барча аъзолари ўз бурчларини адо этмаса, бир-бирларига нисбатан эзгулик билан меҳр-оқибат кўрсатмаса, яхши ва муносиб тарзда яшаш мумкин эмас… ўзбекларнинг аксарияти ўзининг шахсий фаровонлиги тўғрисида эмас, балки оиласининг, қариндош-уруғлари ва яқин одамларининг, қўшниларининг омон-эсонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишни биринчи ўринга қўяди. Бу эса энг олий даражада маънавий қадрият, инсон қалбининг гавҳаридир”.

Ислом дини қадриятларимиз билан чамбарчас боғлиқ экан, биз миллий қадриятларимизни ўрганишни ислом динини ўрганишдан бошлашимиз керак. Мана шу миллий қадриятларимиздан бири бўлган, инсонларни бир-бири билан меҳр-муҳаббатли бўлиб яшашларини таъминлайдиган, халқни бирлаштирадиган муносабатлардан бири бу – қариндошлар ўртасидаги алоқани боғлашдир. Бу ислом динида “силаи раҳм” деб юритилади.

“Силаи раҳм” таркибининг луғатдаги ва уламолар истилоҳидаги маъноси қуйидагича: “Сила” сўзи арабча сўз бўлиб, “қўшиш”, “жамлаш”, “пайвандлаш” маъноларини ифода этади. Шунингдек, “мол ёки мукофот бериш”, “интиҳосига етиш”, “ҳижроннинг зидди” маъноларида ҳам ишлатилади. “Раҳм” онанинг ҳомиласи турадиган бачадонидир. Аёл киши ҳомиладор бўлганида бола сақланиб турадиган аъзоси араб тилида “раҳм”, бизда эса “қорин” дейилади. Бир бачадондан туғилганлар ва тарқалганлар арабчада “арҳом”, бизнинг тилимизда “қариндошлар” деб аталади.

“Силаи раҳм” бирикмаси “қариндошлик алоқаларини боғлаш” маъносини англатади. Силаи раҳм ўша қариндошларга боғланиш, уларга раҳм-шавқат кўрсатиш, ҳолларидан хабар олиб туриш, муҳтожларига ёрдам қўлини чўзиш, қариндош уруғчилик вазифаларини адо этишдир.

Ҳанафий уламоларидан Бадруддин Айний раҳматуллоҳи алайҳи имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ига ёзган шарҳи – “Умдат – ул-Қорий” номли китобида силаи раҳмни қуйидагича таърифлайди: “Сила насабдош қариндошларга, ҳамда қуда-андаларга яхшилик қилишдан иборатдир. Бу уларга гарчи узоқ бўлсалар ва ёмонлик қилсалар ҳам, лутф кўрсатиш, меҳрибонлик қилиш ва ҳолларидан хабар олиш ила бўлади”.
Бу ерда қуда-андалар ҳам қариндошлар қаторида эканига алоҳида эътибор беришимиз керак. Бизда уларга қилинадиган яхшиликларни “силаи раҳм” дея тушуниш маъноси йўқ, бўлса ҳам, оз. Чунки бизда қариндошларга яхшилик қилиш деганда кўпинча насабий қариндошлар этиборга олинади.

Ислом динида силаи раҳм қилишликка ва уни узиб юбормасликка катта аҳамият берилади. Чунки силаи раҳм қилишлик бу Аллоҳнинг амридир. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш, четланишга буюрган нарсалардан четланиш эса ҳар бир мусулмон учун фарз. Силаи раҳмнинг фарз эканига ушбу ояти далил бўлади:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмкорликдан қайтаради. У сизларга насиҳат қилур. Шоядки, эслатма олсангиз” (“Наҳл” сураси 90 – оят).

Муфассирлар султони лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллаҳу анҳу дан қилинган ривоятда у киши: “Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган”, деганлар.

Ҳанафий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳабларида силаи раҳм фарз ва вожибдир.

Шофеъий мазҳабида ота-онага силаи раҳм қилиш вожиб, бошқа қариндошларга силаи раҳм қилиш суннат. Силаи раҳмнинг фарзу вожиблигига далил қилиб Ҳанафийлар яна қуйидаги оятни ҳам келтиришади:

وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيب

“Ўрталарингизда ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш) дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир.” Ушбу оятда Аллоҳ силаи раҳмга бепарво бўлмасликка чақирган. Ҳаттоки қариндошлик алоқаларидан қўрқишлик Аллоҳдан қўрқишлик билан тенг ўринда зикр қилинган. Шунинг ўзи ҳам силаи раҳм қанчалик аҳамиятли эканининг яққол далили. Ояти каримада Аллоҳ “қариндошлик алоқаларидан қўрқинг”, – деди. Бу эса ҳам амр, ҳам наҳийдир. Чунки бундай дейишлик билан силаи раҳм қилишликка буйруқ берилмоқда ва шу билан биргаликда силаи раҳмни тарк этишдан қайтарилмоқда.

Оятни уламолар турлича тафсир қилишган. Буюк тобеинлардан бўлган Икрима розияллаҳу анҳу бу оятни “Аллоҳдан қўрқинглар ва раҳмларни кесишдан қўрқинглар” деб айтилмоқда деган бўлса, Суфён ас-Саврий, Ибн Абу Нужайҳ, Иброҳим ва Мужоҳидлар “Аллоҳнинг номи ва қариндошлик ҳурмати ила сендан сўрайман” дейишган. Ҳасан эса буни “Аллоҳ ва қариндошлик ҳаққи, сендан сўрайман” деб шарҳлаганлар. Оятга берилган тафсирлардан ҳам кўриниб турибдики силаи раҳм сизу биз этиборсиз бўладиган аҳамиятсиз нарса эмас.

Абу Ҳурайра розияллаҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни халқ қилди. Уларни яратишдан фориғ бўлганида раҳм: “Ё Роббим, мана бу – қариндошлик алоқасини узишдан паноҳ сўровчининг мақоми”, – деди. “Сени узганни узишимга ва сени боғлаганни боғлашимга рози бўласанми?”, -деди.

“Албатта, ё Роббим!”, – деди.
“Ўша сенга бўлсин!”, – деди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар истасангиз, “Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қардошлик ришталарини узарсиз? Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, уларни кар қилди ва кўзларини кўр қилди” ни қироат қилинг”, – дедилар”.

Аллоҳ махлуқотларни яратганида раҳм ҳам пайдо бўлгани ушбу ҳадисдан билинаяпти. Раҳмнинг Аллоҳ олдидаги мақомини унга нисбатан айтилган жавобга қараб билиб олса бўлади. Унинг сўзига жавобан Аллоҳ: “Қариндошларига яхшилик қилганга мен ҳам яхшилик қиламан ва қариндош-уруғларига яхшилик қилишни тарк этган бандамни мен ҳам тарк қиламан” дея силаи раҳмнинг жуда аҳамиятли эканини билдирди. Ҳадиси шарифнинг сўнгида келган ояти каримадан шу нарса маълум бўладики, қариндошлик алоқаларини узишлик ер юзида фисқу-фасоднинг кўпайиб кетишига, бора-бора иймондан юз ўгиришга олиб келади. Бунинг натижаси эса энг фожияли ҳолатда якун топади, яни Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлади. Аллоҳнинг лаънатига учрамаслик учун силаи раҳмни кесиб қўймаслик лозим бўлади.

Абдураҳмон ибн Авф розияллаҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Аллоҳ азза ва жалла: “Мен Роҳманман. Раҳмни яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни кесса, кесаман”, деган”, – дедилар”. Бу ҳадис ҳам юқоридаги ҳадисни тасдиқламоқда. Раҳмнинг даражаси улуғлигининг яна бир сабаби унга Аллоҳ айнан Ўз исмидан исм қўйганидир. Аллоҳ таолонинг Роҳман, Роҳийм исмлари ва “раҳм” сўзи бир ўзакли сўзлар ҳисобланади. Шу ҳадиснинг лафзлари бироз бошқача бўлган ҳолатда Оиша розияллаҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган. Юқоридаги ҳадисни таъкидлаган ҳолда Абул Анбасдан қилинган ривоят ҳам бор бўлиб, унда шундай дейилган: “Мен Тоифдаги Ваҳт деган ерда Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳузурига кирдим. Бас, у: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бармоқларини кўрсатиб туриб, “Раҳм Роҳмандан олингандир. Ким силаи раҳм қилса Аллоҳ ҳам унга сила қилади. Ким силаи раҳмни кесса, Аллоҳ ҳам уни кесади. У (Раҳм) нинг қиёмат кунида тили жуда равон, сирғанчиқ бўлади”, – дедилар”.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқларини кўрсатиб туриб айтишлари бу нарсанинг жуда муҳим эканининг исботи. Бармоқларини кўрсатиб гапиришлари бу – саҳобаларни огоҳликка чақиришлари ва айтаётган сўзларига янада қизиқтиришларининг белгисидир. Силаи раҳм қилган бандага Аллоҳ ҳам яхшилик қилар экан, демак, қариндошларига яхшилик қилган, силаи раҳмни узмаган инсон У зотнинг марҳаматини ҳар қанча умид қилишга ҳақли бўлади. Қиёмат кунида силаи раҳм хусусида банда ҳисобот бериши аниқ. Буни ҳеч қачон унутмаслик ва ундан эҳтиёт бўлишлик зарур.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳм қилувчиларга Роҳман раҳм қилади. Ер юзидагиларга раҳм қилинг, сизларга осмон аҳли раҳм қилади. Раҳм Роҳманга ёпишгандир. Ким уни боғласа, У зот ҳам уни боғлайди. Ким уни кесса, Аллоҳ ҳам уни кесади”, – дедилар”.

Ҳадиснинг аввалида барчага раҳм қилишга буюрилган. “Ер юзидагиларга раҳм қилинг” деган сўздан фақат инсонлар эмас, балки, жонзотлар, набототлар ер юзида нимаики бор бўлса шуларнинг бари тушунилади. Раҳмнинг Роҳманга ёпишганлигини икки ҳил таърифлаш мумкин.

Биринчи таъриф: Роҳман ва раҳм бир ўзакли сўзлар бўлганлиги боис, “раҳм”нинг исми Аллоҳнинг Роҳман сифатидан олинган.

Иккинчи таъриф: “раҳм” сўзи “қариндош-уруғчилик”, “қариндошлик алоқалари” деган маънони ҳам англатади. Яни, қариндошлик алоқалари Аллоҳга яқин бўлган нарса маъносини ифодалайди. Қариндошлик алоқаларини узулиб кетишини олдини олиш учун керак бўладиган энг осон яхшиликни қилиб бўлса ҳам инсон бу алоқаларни мустаҳкамлашга интилиши лозим. Бу амал эса саломдир. Қариндошларига ҳадя беришга имконияти йўқ бўлганлар уларнинг зиёратига қуруқ қўл билан бораманми деб ўтиришидан кўра салом бериб бўлса ҳам ҳолларидан хабар олиши афзал. Бунинг таъкиди сифатида қуйидаги ҳадисни олсак бўлади. Сувайд ибн Омир розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳмларингизни салом билан бўлса ҳам хўллаб туринглар”, – дедилар”.

Яни, қариндошларингизга ҳеч бўлмаганда салом бериб бўлса ҳам яхшилик қилинглар. Демак, Аллоҳнинг каломида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида силаи раҳм қилишлик ҳақида буйруқлар ва уни тарк қилиш борасида қайтариқлар жуда кўп келган экан, бу эътиборсиз қолдириладиган кичик нарса эмас.

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юрти АРМ рахбари
Саиджалолова Мехринисо

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*