Араб тилини ўзбек тили билан уйғун ҳолда ўқитишнинг дарс самарасидаги ўрни

Ўрта асрларда мамлакатимиз ҳудудида илм фан тили сифатида араб тилининг тан олиниши ва илмий меросимиз бўлмиш қўлёзмалар фондларида сақланаётган, юртдошларимиз томонидан ёзилган турли илмий, маданий, сиёсий ва диний соҳаларга оид манбаларнинг аксар қисми ҳам шу тилда ёзилганлиги юртимизда араб тилини ўрганиш ва ўргатиш муҳим эканлигини билдиради. Айни шу мақсадда Тошкент Давлат Шарқшунослик Институти малакали арабшуносларни, Тошкент Ислом Университети, Тошкент Ислом Институти ва юртимиздаги мавжуд ўрта махсус ислом билим юртлари малакали арабшунос ва диншуносларни тайёрлаб келмоқда.

Чет тилларини ўрганишнинг энг самарали усули уни она тили билан қиёслаган ҳолда ўрганиш эканлиги кўплаб тилшунослар томонидан тан олинган. Юртимизда чоп этилган чет тилини ўрганишга оид дарсликларнинг аксар қисми ўзбек тилининг грамматик қоидалари асосида ёзилган. Араб тилида флексия воситасида сўз ясаш кенг тарқалган. Шунингдек, ўзбек тили ҳам флектив тиллар оиласига киради. Аммо бундаги фарқ араб тилида флексия сўз ичида “синиш” орқали содир бўлишидадир. Шу каби ҳар қандай чет тилини ўрганишда мавжуд мавзулар ва грамматик бўлимларни она тили билан қиёсан тушунтириш, фарқли ва ўхшаш жойларини кўрсатиш лозим. Ҳар қандай чет тилини ўрганиш ушбу тилнинг фонетикасини ўрганишдан бошланади. Араб тили фонетикасини ўрганишда ҳам ўзбек тилидаги ўхшаш ва фарқли фонемаларни аниқлаш ва айнан ўзбек тилида мавжуд бўлмаганларига эътиборни қаратиш лозим.

Ёки морфология бўлимини ўргатиш бошланганда араб тилидаги сўз туркумлари ўзбек тили каби эмаслиги, улар учта эканлигига эътибор қаратилади. Феъл, исм ва ҳарф. Араб тилидаги исм сўз туркуми ўз ичига от, сифат, сон, олмош, равиш, сифатдош ва масдарларни олади. Сўнгги иккисида эса феъллик хусусияти ҳам мавжуд. Исмлар келишик, жинс, грамматик сон, ҳолат категорияларига эга. Булардан грамматик сон, ҳолат категориялари ўзбек тилида учрамайди.

Феъллар таркибига замон шакллари, даражалари киради. Умуман феълларнинг турли шаклларининг ривожланганлиги, феълий бобларнинг мавжудлиги, барча бобларнинг ҳамма замонларда тусланиши, шахс шаклларининг мавжудлиги, майлларнинг ривожланганлиги ва даражаларнинг мавжудлиги билан характерланади.

Ҳарфлар боғловчи, кўмакчи ва юкламаларни ўз ичига олади. Араб тилида боғловчи ва кўмакчи системаси жуда ривожланган.

Ҳар бир ишнинг ютуқ ва камчиликлври бўлгани каби араб тилини ўзбек тили билан қиёслаб ўргатишнинг ҳам ўзига яраша муаммолари мавжуд. Бу лингвистик истилоҳларни қўллаш масаласидир. Ҳам ўзбек, ҳам араб тилида мавжуд ҳодисаларни изоҳлашда қийинчилик сезилмайди. Масалан исмий жумла от кесимли гап, мубтадо от кесимли гапнинг эгаси, хабар от кесимли гапнинг кесими каби изоҳланади. Аммо араб тилида шундай ҳодисалар ҳам борки улар ўзбек тили грамматикасида мавжуд эмас. Масалан ажваф феъллар, лафиф феъллар ёки тамйиз, мафъулун мутлоқ, мафъулун маъаҳ кабилар.

Ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратларини оширишга қаратилган турли малака ошириш курсларини ташкил этилиши, дарсда талабалар фаоллигини ошириш ва мавзуларни ўзлаштиришни енгиллатиш учун турли педагогик технология ва методларни жорий этилиши, дарс жараёнида турли техник воситалардан фойдаланиш кабилар дарслар самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи омиллар саналади. Тил дарслари самарадорлигини оширишда юқоридаги омиллар билан бир қаторда ўрганилаётган тилни она тилига қиёсан ўргатиш ҳам муҳим омиллардан ҳисобланади. Айрим ўқувчиларда учраб турадиган ўз она тилини грамматик жиҳатдан яхши билмаслик, етарлича илмий базанинг мавжуд эмаслиги чет тиллирини яхши, етарлича ўзлаштира олмасликка сабаб бўлиши тил ўқитувчилари томонидан таъкидлаб келинади.

Айнан шу ҳолат ҳар қандай чет тилини ўз она тили билин қиёслаб ўрганиш лозимлигини кўрсатади.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ислом билим юрти
мударрисаси Абдувалиева Комила

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*