Хутба қилувчининг одоблари

Воизнинг (хатибнинг) ваъз насиҳати мазмунли ва инсонларга таъсирли бўлиши учун унинг ўзида бир неча шартлар топилиши керак. Қуйида хатиб ўзи қандай инсон бўлиши кераклиги ҳақида мўтабар китобларда келтирилган сўзлар зикр қилинади:

Воизнинг сийрати

1. Ваъз қилувчи инсон аввало ўзи солиҳ бўлмоғи керак. Чунки у солиҳ бўлмаса уламолар унинг ёнидан кетиб қоладилар ва у фақатгина нодон инсонларгагина йўлбошчи бўлиб қолади. Натижада оламнинг бузилишига сабаб бўлади, сўзи эса инсонлар қалбидан жой ололмайди.

2. Воиз диёнатли бўлмоқлиги, ўзининг наздида саҳиҳ бўлмаган ҳадисларни инсонларга гапирмаслиги лозим. Чунки Али ( р.а ) Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ривоят қилган ҳадиси шарифда:
“Кимки ўзининг ёлғон гапираётганини билиб туриб гапираверса демак у ёлғончиларнинг
биридир”.

3. Илм мажлисини одамлар малолланиб қоладиган даражада чўзиб юбормасин. Бу нарса илм Баракасини кетишлигига сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) дан ривоят қилинади: “Қалблар Учун тетиклик, қизиқишлик ва воизга юзланишли к бордер ва албатта улар учун юз ўгиришлик бордир. Шундай экан инсонлар сенга қалбан юзланиб турган муддатда гапиргин”. Имоми Зуҳрий Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан ривоят қиладилар: “Бани Исроилда бир қози бор эди. Инсонларга гапни чўзиб юбориб уларни малоллантириб қўйганди. Натижада ўзи ҳам, қавми ҳам малъ ун бўлди”.

4. Инсон камтарин, мулойим бўлмоғи даркор. Мутакаббир, дағал ва тошбағир бўлмаслиги керак. Чунки камтаринлик ва мулойимлик Росулуллоҳ с.а.в нинг ҳулқларидандир. Аллоҳ Қуръони каримда:
فبما رحمة من الله لنت لهم ولو كنت فظا غليظ القلب لانفضوا من حولك فاعف عنهم واستغفرلهم وشاورهم في الامر
“Аллоҳ таолони раҳмати сабабли сиз (Эй Муҳаммад!) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағр бўлганингизда, албатта (улар) атро фингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни авф этинг ва гуноҳлари учун кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!”(Оли Имрон,159-оят)
Меҳрибонлик ва мулойимлик билан ваъз қилиш вожиблигига ҳалифа Маъмун (р.а.) унга қўполлик билан ваъз қилган воизга келтирган оят далил бўлади. Маъмун (р.а.) унга қарата: “Эй, киши, мулойим бўлгин. Аллоҳ таоло сендан яхшироқ кишини мендан ёмонроқ одамга юборганда ҳам мулойимликка буюрди ва “Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шоят, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса”, деди” деб айтган. Бу борада воизлар Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан ибрат олмоқликлари лозим.

5. Қачон одамларга намоз, рўза, садақа фазилатларидан бирор нарсани айтишликни хоҳласа аввало ўзи шу айтган сўзларга амал қилмоғи лозим бўлади. Токи у ушбу оят аҳлидан бўлиб қолмасин.
“Китоб (Таврот ва Инжил) ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасизу, ўзингизни унутасизми?! Ақлни ишлатмайсизми?” (Бақара,44-оят).
“Эй, иймон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қилмадик
деб) айтурсиз”. (Соф, 2-оят).

6. Воиз Қуръон тафсири, ҳадис, фақиҳлар сўзларини билмоғи керак. Али (р.а) одамларга сўзлаётган бир кишини кўрдилар ва унга: “Носиҳ ва Мансуҳни биласанми? (ажрата оласанми?)”, дедилар. “Йўқ”, деб жавоб берди. “Халок бўлибсан ва одамларни ҳам ҳалок қилибсан”, дедилар.

7. Воиз одамларга гапираётганда фақатгина битта одамга қараб эмас, балки ҳаммага қараб гапириш керак. Ҳабиб ибн Аби Собит (р.а) дан ривоят қилинади. У зот: “Гапираётган юзи билан битта одамга юзланиб гапирмасдан ҳамма одамларга қараб сўзлашлик суннатдир”,- деганлар.

8. Таъмагир бўлмаслиги зеро, таъма инсонни хор қилади, юз кўркамлиги ҳамда илмини кетказади. Лекин ўзи сўрамасада, бирор киши бирор нарса берса, олишлигида зарари йўқ.

9. Мажлисда хавф (қўрқинч) ва ражо (умид)ни баробар гапирсин. Буткул хавф ёки буткул ражо ҳақида гапирмасин. Чунки бу ишдан қайтарилган. Агар воиз мажлисни узоқ давом эттирмоққа муҳтож бўлса, мажлиси орасида қизиқ, таажубли сўзларни сўзлаб одамларни табассум қилдириши мустаҳабдир. Умар (р.а.) бирор мажлисда ўтирган бўлсалар инсонларни охиратга рағбатларини оширар, дунёга зоҳид бўлишларига ундар эдилар. Эшитувчилардан дангасалик бўлаётганини сезганлари ҳамон улар учун қизиқарли бўлган кўчат ўтқазиш, уй жойлар қурилиши ҳақидаги сўзлар билан эътиборларини ўзига тортардилар. Тетиклашиб қолганларини кўрганларидан кейин яна охират зикрига киришар эдилар.

10. Ниятни чиройли ва саҳиҳ қилиш, яъни холис Аллоҳ ризолиги учун бўлиб, дунё манфаати, таъма, брў, шуҳрат кўзланмаслиги ва риё, сумъа, ужбдан сақланишлиги, чунки бу ҳақида қуйидаги ҳадислар мавжуд. Жумладан: “Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси берилади. Кимники нияти Аллоҳ ва Росули учун бўлса унинг ҳижрати Аллоҳ ва Росулигадир, нияти дунёга етишиш ёки бирор аёлга уйланиш учун бўлса бас унинг ҳижрати ўша нарса учундир”. Яна шуни айтиб ўтишимиз керакки, воизларимиз мавзуни аввал ўз фикр ва зеҳн дунёларимизда ҳазм қилиб олишимиз, сўнгра жамоат ҳукмига тақдим этишимиз лозимдир.

Энди эса ваъзни ташкил қилиш одобларини умумий ҳолда келтириб ўтамиз.

1. Таъвуз, тасмия ва Қуръон дуоларини айтиб сўз бошлаш. “Ҳар бир эътиборли, аҳамиятга молик иш Аллоҳ исми билан бошланмас экан у баракадан кесилгандир” ҳадиси бунга ёрқин далил бўлади.
2. Ҳамд ва сано билан бошлаш, зероки бу ҳақида “Ҳар бир эътиборли, аҳамиятга молик иш Аллоҳ ҳамди билан бошланмас экан у баракадан кесилгандир” деган ривоят ҳам мавжуддир.
3. Мавзунинг луғавий ва шаръий (ёки истилоҳий) маъноларида тўхталиш ва улар орасидаги ўзаро боғлиқликни ёритиб бериш.
4. Мавзу ҳақидаги Қуръони Карим оятларига тўхталиб ўтиш ва бу ҳақида ривоят қилинган ҳадисларни келтириш.
5. Ўтган улуғ мужтаҳид олимларни фикрларини билдириш.
6. Салафи солиҳлар, ҳакимларнинг ҳикматли сўзларидан ва ҳаётларидан наъмуналар келтириб ўтиш.
7. Мавзуга таллуқли ҳикояларни баён қилиш.
8. Ҳозирги замон билан мавзуни ўзаро боғлашлик.
9. Дуо ва салом билан мавзуга якун ясаш.

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4 курс талабаси
Исмоилова. Ш

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*