Улкан қуёш билан боғлиқ, туш

(Азвожи мутоҳҳарот )

Бу сўз луғатда «покдомон, покиза аёллар» деган маънони билдиради. Бу истилоҳ асосан Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) пок завжалари (хотинлари), яъни мўминлар оналарига нисбатан ишлатилади. Қуръони каримга кўра ҳаммалари мўминларга она ўрнидадирлар (Аҳзоб, 6).

النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ وَأَزْوَاجُهُ أُمَّهَاتُهُمْ وَأُولُو الْأَرْحَامِ بَعْضُهُمْ أَوْلَى بِبَعْضٍ فِي كِتَابِ اللَّهِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ إِلَّا أَنْ تَفْعَلُوا إِلَى أَوْلِيَائِكُمْ مَعْرُوفًا كَانَ ذَلِكَ فِي الْكِتَابِ مَسْطُورًا

Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир*. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар (меросхўрликда) бир-бирларига (қариндош бўлмаган) мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақлироқдирлар. Магар сизлар (диний) дўстларингизга (мерос беришлик билан) яхшилик қилишингиз (мумкин). Бу (ҳукмлар) Китобда (Лавҳул-маҳфузда) битилгандир.

Расул (а.с.)нинг хотинлари барча мусулмонларнинг оналари ҳукмида бўлишига икки сабаб бор. Биринчиси – ҳурмат юзасидан. Иккинчиси – Расул (а.с.) вафотларидан кейин бирорта мусулмон Пайғамбар (а.с.)нинг завжаларига уйланишга умидвор бўлмаслиги. Расул (а.с.)ни “ота” дейишдан ман этилишининг ҳам икки сабаби бор: биринчидан, “ота” деб мурожаат қилгандан “Расулуллоҳ” деб мурожаат қилишнинг афзаллиги. Иккинчидан, Расул (а.с.) мўминларга ота бўлгач, мўминаларга ҳам ота ҳисобланадилар. Натижада бир отанинг ўғли, ўз отасининг қизига уйланишига тўғри келиб қолади (Ун.).

Яъни, мўминларга ўз оналари қандай ҳурматли бўлишса, Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) завжаларига ҳам шундай ҳурмат кўрсатишлари вожиб. Бу ҳукм Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ўлимларидан кейин бирорта мусулмон у зотнинг пок хотинларига уйланишдан умидвор бўлмасликлари учундир.

Ҳазрати Хадича жаноби Расулуллоҳга никоҳланганларида турмуш кўрган, эрларидан ўн беш ёш катта аёл бўлганлар. Аммо шунга қарамай, Хадича онамиз Ислом тарихининг энг буюк аёли, Пайғамбаримизга биринчи бўлиб иймон кел-тириб орқаларида намоз ўқиган эдилар. Расули акрамнинг етти фарзандларидан олтитасини Хадича розияллоҳу анҳо туққан эдилар. Пайғамбаримиз эллик ёшларигача биргина Ҳазрати Хадича билан никоҳда бўлдилар.

Ҳазрати Хадича онамиз яқин орада ер-юзига раҳмат сифатида юбориладиган пайғамбар ҳақида ўйлар эди. Эл орасида кенг тарқалган фисқ-фасодга барҳам бериб, инсонлар ўртасида тенглик ўрнатувчи, Байтуллоҳ атрофини ёмонликлардан тозалаб, тинчлик ва омонликки қарор топтирувчи набий ҳақида фикр юритарди. Бу пайғамбарнинг келишига яқин қолганини
юракдан ҳис этарди. У тушида ҳовлисига тушиб порлаган, кейин бутун атрофни ёритган Қуёшдир. Ким унга турмушга чиқса, буюк фазл эгасига дахлдор бўлади. Парвардигоримизнинг рисолатини ёйиш йўлида ёрдам беради. Табиийки, пайғамбарга ёрдам берса, қўллаб-қувватласа, Аллоҳнинг розилигига эга бўлади. Бу неъмат олдида унинг тижорати, моли ҳеч қандай қийматга эга эмас. У фақат шундай мақомга эришишни ўйларди. Лекин қандай қилиб унга етишиш мумкин? Бу ҳақида гап очишга ҳаё, андиша тўсқинлик қиларди. Агар таклифини рад этсачи, унда нима қилади? Турмушга чиқиш таклифи ўзидан чиққанини эшитган одамлар кейин маломат қилишмайдими? Бундай жавобсиз саволлар уни қийнар, лекин бир йўлини қилмасам бўлмайди, деб ўйлар эди у. Бир сирдош дугонаси билан фикрлашгунча ана шундай иккиланишда яшади. Хадича розияллоҳу анҳо, аввало, сирдошига атаб қўйган совғасини узатди. Мулойимлик билан: “Нафиса, туҳфам сенга ёқдими? Унга қандай баҳо берасан?” деб сўради. Нафиса қўлидаги совғани ҳайратланиб томоша қиларди. “Тўғриси, бунақа чиройли нарсани олдин ҳеч кўрмаган эдим, — деди Нафисанинг кўзлари ёниб. — Буни Шомдан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келтирган, шунақа-ми? У чиройли йигит, гўзалликни севади”. Хадича: “У жуда камтар йигит”, деди. Нафиса фикрини давом эттирди: “У омонатга садоқат, ростгўйлик билан ном қозонган. У Макка шайтонлари орасида ўзининг ёшлиги, қуввати, чиройи, насабини пок тутган Амин эмасми?!»

Бир оз сукут сақлаб тургач, яна Хадичага юзланиб: “Эй бекам, у савдо ишларингизни бекаму кўст, чиройли бажаряпти. У баракотли йигит. Ким унга турмушга чиқса, бахтли. бўлади”, деди.

Юраги тез-тез ураётган Хадича розияллоҳу анҳо: “Агар солиҳа бўлса…” деб қўшиб қўйди. Нафиса Хадича онамизнинг кўнглида нима гап борлигини сезди. Ахир, ҳар қандай қиз унга тегишни орзу қилади. Бугун камбағал бўлса, эртага бой бўлиши мумкин. Чунки у етук ақл эгаси, ёмонликлардан узоқ юради, бундай хулққа эга инсон давлатманд бўлишга ҳақлидир.

Нафиса: “Бекам, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақида бирор нарса ўйладингизми? — деб сўради Хадича розияллоҳу анҳо кўнглини ёришидан умидланиб. — У бугунгача ўзи орзу қилган солиҳа аёлни тополмади. Балки у Парвардигорининг амри билан иш юритаётгандир. Эҳтимол, у Макка аёлларининг энг гўзали, саховати, заковати ва сабри билан бошқаларга ўрнак бўлган Хадичага уйланар?! Ахир, ундан афзал аёлни қаердан топади?! Эй бекам! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошқа кимсалар сингари ўйланмайди. У юраги тоза йигит, энг аввало, инсондаги эзгу фазилатларни қадрлайди, гўзал хулқли умр йўлдоши топсам, дейди”. “Ёш-чи? Рафиқасининг ўзидан катта ё кичиклигига қарайдими?” деб шошилиб сўрадилар Хадича розияллоҳу анҳо “Ёш унчалик муҳим эмас, — деди Нафиса, — муҳими Аллоҳнинг амрига ризо нафс ва меҳр тўла қалбдир. Хўш… у билан орангизда неча ёш фарқ бор?”.

“Ун беш ёш”. “Аёлларга ёшига қараб баҳо берилмайди. Муҳаммад бунга аҳамият бермайди, деб ўйлайман. Унга турмушга чиқмоқчи бўлганингизни одамларга сездирмасдан ўзига айтиб кўрайлик. Агар рози бўлса, Аллоҳ яхшиликни ирода қилгани шу; мабодо рози бўлмаса, ҳеч ким билмай қўя қилади. Биз ҳеч нарса йўқотмаймиз”. Хадича розияллоҳу анҳонинг нафас олиши тезлашди: “Хўш, бу ишнинг бошида ким туради?” “Ким буларди, бекам, албатта, мен тураман, — деди мамнунлик билан Нафиса, — Бу ишга мен кафилман”.

Хадича розияллоҳу анҳо беҳад хурсанд бўлди. Муҳаммад ҳузурига бориб, унинг таклифини етказишга розилик берди. Шу тахлит кечгача гаплашиб ўтирдилар. Хадича розияллоҳу анҳо улкан қуёш билан боғлиқ, тушини унга айтиб берди. Амакисининг таъбирини, сафарда Муҳаммадга ҳамроҳ бўлган Майсаранинг кўрганларини айтди. Ўша сафардан олинган катта даромад ҳақида сўзлади. Айтилганлардан хулоса чиқариб, Нафиса: “Муҳаммад яқинда пайғамбар бўлса ажабмас, — деб таъкидлади. — У шунга муносибдир!”

Хадича розияллоҳу анҳонинг уйидан чиққан Нафиса Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уйига йўл олди. Руҳсат сўраб, ичкарига кирди. Уй соҳибини жимгина ҳаёл суриб турган ҳолда кўрди. Гўзал юзли, новча ҳам, калта ҳам бўлмаган — мўтаъдил бўйли, узун қора сочли, чеҳрасидан нур ёғилиб турган Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) салом берди. Бехосдан аёлни унинг салобати тутди. Муҳаммад унинг саломига жавоб қайтарди-да, мулойимлик билан:

Хуш келибсан. Бундай бемаҳалда келишга сени нима мажбур қилди? деди. Сафардан соғ-саломат қайтганингни қутлаш учун келдим, — аёл атрофга назар ташлаб, уй ишлари билан машғул бўлган Умму Аймандан бошқа ҳеч кимни кўрмади.

Эй Муҳаммад, (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Умму Айман икковларинг уйда зерикмайсизларми?
Уйланай десам, камбағалман, қурбим етмайди. Устига-устак, ҳамма хотинлар ҳам сабрли, солиҳа бўлиб чиқмайди. Қолаверса, уйланиш ўйин эмас, жиддий иш. Агар тақдир кулиб боқмаса, мақсадимга етишим қийин. Аллоҳ менга бир солиҳа аёлни рўбарў қилса, унга уйланардим. Нафиса хурсанд бўлди. Мақсадига эришишига оз қолганини ҳис этди. Умид билан: Агар гўзал ҳулқли, солиҳа аёлга дуч келсанг-у, бироқ ёши каттароқ бўлса-чи? — деб сўради. Бундай аёлларнинг маҳри кўплигини яхши биласанку! Уларга унча-мунча эркак тенг келолмайди. Улар билан тенглашишга менга йўл бўлсин? Нафиса мақсадига эришишига аввалгидан ҳам оз масофа қолганини англаб, хотиржамлик билан таклиф қилди:

Ҳеч қандай маҳрсиз, бой, солиҳа, чиройли аёл сени хурсанд қилса, нима дейсан? Эй Нафиса, кошки шунақа бўлса. Бу аёл ким бўлиши мумкин? Аёл ҳаяжон билан, паст овозда деди: Муҳаммад, (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу Хадичадир (розияллоҳу анҳо). Хадича (розияллоҳу анҳо) бинти Хувайлид… Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Хадичага (розияллоҳу анҳо) нисбатан мойиллиги йўқ, эмас эди. Агар бой бўлганида, унга уйланиши ҳам мумкин эди. Унда чиройли фазилатлар тажассум топганди. Ҳаёлида Хадичани (розияллоҳу анҳо) жонлантираркан, умид билан сўради: Бу ишда менга ким кўмаклашади? Мен бош-қош бўламан. Сен Хадичага жуда лойиқсан. Мен унга бориб ўзим тушунтираман. Унинг фикрини билишга уринаман. Ўйлайманки, у сенга турмушга чиқишдан бош тортмайди. Нафиса хурсанд ҳолда ўрнидан турди. У Хадичанинг(розияллоҳу анҳо) уйига кўтаринки кайфиятда кириб келди. Муҳаммаднинг(соллаллоҳу алайҳи васаллам) рози эканини айтди. Қувонганидан Хадича (розияллоҳу анҳо) уни ўпиб олди ва унга дўконидан келтириб қўйган қимматбаҳо совғаларни тақдим этди. Кечани хурсандчилик билан ўтказди. Аллоҳ унга шундай фазл неъматни раво кўраётганидан қувонарди. Тонг отгач, амакисиникига йўл олди.

Амаки, яна турмушга чиқмоқчиман. Нима дейсиз шунга? — деб маслаҳат сўради ундан. Сенга бирор нарса деёлмайман. Агар отанг тирик бўлганида, бирор нарса деган бўларди. Энди ўзинг ёш эмассан, бой-бадавлатсан, Макка саидларидан бирисан. Турмуш қурмасдан ёлғиз яшашни афзал билиб келяпсан… Тағин билмасам, ихтиёр ўзингда. Хадича амакисининг сўзларини бўлмасдан охиригача эшитди.

Мен танлаган йигит шундай бир инсонки, турмушни эъзозлайди. Оилани қадрлайди… Лекин жуда камбағал. Бунисига нима дейсиз? — деб сўради Хадича(розияллоҳу анҳо). Камбағал, камбағал… — такрорлади ўзича амакиси мулоҳаза юритиб. — Хотинни қадрлайдиган, унинг ҳақларини адо этадиган, турмуш икир-чикирларини фаҳмлайдиган йигитни рад қилмаслик керак. Бойлик ва камбағаллик Аллоҳнинг измидадир. Агар ақлли киши ҳаракат қилса, бойликка эришиши мумкин. Аллоҳга шукр, сен давлатмандсан. Турмушга чиқмоқчи бўлганинг ким?

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ибн Абдуллоҳ, ҳақида қандай фикрдасиз?
Амакиси баланд овозда жавоб берди: Ажойиб, ажойиб… У сенга яхши турмуш уртоғи бўлади. Унга турмушга чиқишдан бош тортма. Бу таклифни узоқ муддат кутдинг, ахир. Шунча кутганинг рўёбга чиқадиган кўринади. Хадича хурсандлигини яширмади: Кеча тунда совчи жўнатибди. Сизнинг фикрингизни билмасдан туриб, бирон нарса демадим. Нима дейсиз, амаки, сиз розимисиз Аллоҳ узоқ муддат давомида турмуш қуришдан кўнглингни совутиб, мана, сени Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) рўбарў қилди. Унга ўхшаш йигитлар жуда ҳам оз, қанийди, отанг тирик бўлиб, сенга шундай неъмат ато этилганига гувоҳ бўлсайди. Муносиб, муносиб… — деди амакиси хурсанд оҳангда. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эрталаб уйқудан уйғониб, амакиси Абу Толибнинг уйига келди. Хадичага (розияллоҳу анҳо) уйланмоқчи эканини айтди. Эй Мухаммад, (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Хадича (розияллоҳу анҳо) рози бўлармикан? Ҳа, амакижон, рози бўлди. Камбағалга турмушга чиқишга рози бўлди. У олдин ҳам бойларнинг мол-мулки учун турмушга чиқмаган… Абу Толиб бош силкиб маъқуллади. Мулойимлик билан фикрини билдирди: Хадича (розияллоҳу анҳо) эрнинг қадрига етадиган оқила аёл. Сени камбағал демасдан, рози бўлибдими, энг аввало, кўзингнинг тўқлигини, бағрикенглигингни ўйлаган. Амакиси унинг Хадича билан турмуш қураётганини қутлади. Муҳаммад(соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса хурсанд бўлиб, шукрлар айтди. Бу ҳабар тезда бутун Маккага тарқалди. Одамлар бу ҳақда ажабланиб гапира бошладилар.

Хадичаи Кубро аёл-кизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4 курс талабаси
Робия Саидхонбалова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*