Рамазон раҳмат ва мағфират ойи

Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, барчамиз муборак моҳи рамазон ойига иймон-эътиқодда, соғ-омонликда етиб келдик. Рамазон рўза ойи бўлиши билан бирга бир қаторда, мўмин-муслмонлар учун раҳмат, мағфират ва дўзах азобидан озод бўлиш ойи ҳамдмр. Салмон Форсий (р.а.) томонидан ривоят қилинган машҳур ҳадисда бу хақда батафсил баён қилинади: “ … Эй мўминлар! Бу ой шундай ойкдирки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири эса, дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир”. Ҳадисга биноан, рамазон ойинниг биринчи қисми раҳмат бўлса, унинг иккинчи қисми мағфират ўн кунлиги дейилмоқда. Хўш, “раҳмат” ва “мағфират” сўзлари нимани англатади?

“Роҳийм” сифати луғатда “юмшоқлик”, “ачиниш” ва “кўнгилчан бўлиш” каби маъноларни англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримни ҳам “раҳмат” дейиш билан бирга, унда ёмғирни ҳам “раҳмат” деб атаган. Шунингдек, раҳмат сўзи ризқ, марҳамат кўрсатиш, ва қариндошлик алоқаси маъноларида ишлатилади. Ибн Қайюм бу сўзни шундай таърифлаган: “Раҳмат ўзига ёқмаса ва қийин бўлса ҳам, бошқа бандаларга манфаат ва яхшилик етказишни тақозо қиладиган сифатдир. Мана шу ҳақиқий раҳматдир”, – деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Оллоҳ таолонинг юзта раҳмати бор. Шулардан биттаси жинлар, инсонлар, қушлар, ҳайвонлар ва ҳашоратлар орасига нозил этилган. Нузул этилган биттагина раҳмат туфайли улар бир-бирига меҳрибон, ўзаро раҳмли, қолган тўқсон тўққизта раҳмати билан Оллоҳ таоло Қиёмат куни бандаларига раҳм қилади» (Муслим ривояти).

Ривоят қилинадики, Қиёмат куни Аллоҳ таоло Аршнинг тагидан бир ёзувни чиқаради. Унда шундай сўзлар битилган: «Албатта Менинг раҳматим ғазабимдан ўзгувчидир. Мен раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғиман».

Қуръони Каримда “раҳийм” сифати асосан Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилган бўлса ҳам, баъзида набийлар ва солиҳ бандаларга нисбатан ҳам ишлатилган. Аллоҳ таоло “Анбиё” сурасининг 107-оятида шундай марҳамат қилади:

“Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”
Аллоҳ таоло бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда:“Эй Муҳаммад, Биз сени Набий этиб юборишимиздан мақсад – оламларга фақат раҳмат бўлишингдир”.

Ойларнинг энг улуғи бўлмиш рамазон ойида Аллоҳ таоло ўз раҳматини ва баракотини ёғдиради. Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб зийнатлари ва ҳою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга ҳиёнат қилмайди. Аллоҳнинг раҳмати ёғилган оила эса, албатта, баракотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро биродарлик ҳукмронлик қилади. Аллоҳнинг назари тушган юрт обод бўлади ва ўша заминда тинчлик-тотувлик, бахт-саодат, адолат, ўзаро биродарлик ҳукм суради. Мана шу раҳматга эришишнинг энг катта имконияти рамазондир. Имом Табароний ривоят қилган бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:“Сизларга баракот ойи бўлмиш рамазон кириб келди. Аллоҳ сизларни бу баракот ойи билан ўрайди ва раҳматини ёғдиради, гуноҳларни кечириб, дуоларни ижобат этади. Модомики шундай экан, сизлар Аллоҳ таолога ушбу ойда фақат яхшиликларингизни кўрсатинг, зеро, ушбу ойда Аллоҳ таолонинг раҳматидан бенасиб қолган киши бахтсиздир”.

“Мағфират” сўзи луғатда “кечириш”, “афв этиш” маъноларини англатади. Мағфират иқобни соқит қилиб, савоб беришдан иборатдир. Маҳфиратга фақат муъмин, тақводор бандагина сазовор бўлади. Аллоҳдан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўлган тақводорларнинг сифатларидан бири одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ таоло, рамазон ойининг иккинчи қисми мағфират ўн кунлигида, бутун рамазон давомида амали солиҳлар, хайру эҳсонлар ҳамда эзгу ишлар билан шуғулланган бандаларининг гуноҳларини кечирадиган ўн кунликдир. Барча муслмонлар Аллоҳнинг мағфиратига муҳтождир. Чунки киши ҳаёти давомида умр саҳифаларини жоҳиллик, нодонлик ёки билиб-билмай қилган ишлари билан тўлдириб, ўз-ўзига зулм қилади. Аммо ана шу хатоларини англаб, тавба қилса ва Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳ таоло, албатта, уни кечиради.

Ҳазрат Ахмад Яссавий рамазон рўзасини инсонни ўзлигини англатувчи амал дея таърифлаб, ҳар бир рўзадор унга кўр-кўрона эмас, балки исломнинг беш устунидан бири сифатида онгли ҳолда ёндашмоғи лозим эканини таъкидлаб, шундай деган:

Расул айди: Саҳобалар, баҳийл бўлинг,
Охиратқа уландуқ, сиз аниқ билинг,
Рўза тутинг, намоз ўқинг, закот беринг,
Жаҳаннамдан ўзин озод қилмоқ учун”.

Ўз навбатида Имом Ғаззолий бу хақда: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, инсон учун гуноҳдан тийилиш, жамият учун жиноятлардан сақланиш”-, деганлар.

Демак, ушбу ой тоат, Аллоҳга яқинлик ҳосил қилинадиган қурбат, яхшилигу эзгулик, мағфирату раҳмат ва ризвон ойи экан. Рамазон ойи келганида Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоватлари янада ошиб кетар экан. Биз ҳам ул жанобнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларга ва кам таъминланган оилаларга, қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморларни бориб кўришимиз керак. Чунки бу амаллар, айниқса, раҳмат, мағфират ва баракот ёғиладиган муборак бўлмиш рамазон ойида кўп савоб бўладиган ишлардир.

Аллоҳим! Муборак рамазон ойида Сенинг ҳузурнгдан шундай бир раҳмат тилаймизки, у раҳмат билан қалбимизни ҳидоят қилгайсан, ишларимизни жамлагайсан, тангликларимизни тузатгайсан, у раҳмат билан ички оламимизни гўзал ахлоқ билан ислоҳ қилиб, камолга етказгайсан ва у билан ташқи оламимизни юксалтиргайсан, амалларимизни поклагайсан, у раҳмат билан бизга тўғри йўлни илҳом айлагайсан, у билан Ўзингга дўстлигимизни таъмин этгайсан ва бизни ҳар турли ёмонликлардан сақлагайсан! Омин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
мударрисаси Гулобод Қудратуллоҳ қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*